07.11.2024 10:01

Украина биринчи марта Доғистонга ҳужум қилди

6 ноябрь куни эрталаб Россиянинг Телеграм-каналлари Доғистонда портлашлар ва ўқ овозларига ўхшаш овозлар эшитилганини маълум қилди. Уларга кўра, Украинадан учирилгани тахмин қилинган учувчисиз учиш ускунаси Каспий денгизи узра тутиб олинган.

Республика раҳбари Сергей Меликов бир неча соатдан кейин Каспий денгизи осмонида Украина учувчисиз учоғи уриб туширилганини тасдиқлади. Сиёсатчи маҳаллий аҳолини хотиржамликка, ишончли манбаларга таянишга ва воқеа акс этган видеони интернетда тарқатмасликка чақирди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

“Ҳозирда ҳодиса ҳолатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тезкор штаб бор, масъул идоралар билан доимий алоқадаман”, — дея аниқлик киритди Меликов.

Маҳаллий аҳолининг База Телеграм каналига хабар беришича, эрталаб соат саккизларда шаҳар осмонида портлаш овози эшитилган. Кейин Каспийскда янги портлашлар эшитилди, бироқ улар ҳақида тафсилотлар маълум қилинмади. Телеграм каналлари уриб туширилган объект Украинанинг А-22 “Учар тулки” самолёти эканлигини аниқлади. Хабар қилинишича, воқеа Махачқалъа аэропортида уч рейснинг кечиктирилишига сабаб бўлган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Каспийскдан Украинагача 1 минг километрдан ортиқ масофа бор, бу дроннинг парвоз масофаси ва унинг келиб чиқиши ҳақида саволлар туғдиради. Шундай бўлишига қарамасдан, аввалроқ Украина дронлари бундан ҳам узоқ масофаларни босиб ўтиб, Чеченистон, Татаристон ва Бошқирдистонга учиб борганди. Жумладан, 31 октябрь куни дронлар Бошқирдистондаги учта энергетика объектига ҳужум қилди. Ушбу ҳужум натижасида жароҳатланганлар ёки вайронагарчиликлар борлигига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда, 3 ноябрь куни Россия Украинага қарши 100 га яқин дронни жойлаштирган кенг кўламли дрон ҳужумини бошлади. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари 3 ноябрь куни 24 соат ичида 66 та дрон ва битта ракетани уриб туширганини маълум қилди.

Шу куни Россия Мудофаа вазирлиги Ростов, Белгород ва Волгоград вилоятларида Украинанинг 19 та учувчисиз самолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Бир киши вафот этган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.