26.08.2024 12:26

Украин учувчисиз учоқлари Саратов ва Энгельсдаги кўп қаватли уйларга ҳужум қилди

Украина қуролли кучларининг учувчисиз учоқлари Саратов ва Энгельсдаги кўп қаватли турар-жой биноларига ҳужум қилди, деди Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин. Шунингдек, Энгельс туманидаги Прибрежний қишлоғида яна тўртта хусусий уй зарар кўрди. Ҳужумлар натижасида бир киши оғир яраланган.

“Аёл киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқда”, — деб ёзди вилоят раҳбари Телеграмдаги каналида.

“ЧП Саратов” нашри томонидан чоп этилган кадрларда дронларнинг кўп қаватли уйларга қулагани акс этган. Бусаргин, ўз навбатида, барча учувчисиз учоқлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини ва уйларга уларнинг парчалари тушганига ишонтирмоқда.

Умуман олганда, Украина Қуролли кучлари 26 августга ўтар кечаси Россия ҳудуди бўйлаб 20 та дронни учирди. Зарбалар Саратов, Курск, Белгород, Брянск, Тула, Орёл ва Рязан вилоятларида берилган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, барча учувчисиз учоқлар Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Белгород губернатори Вячеслав Гладков ўзининг Телеграм каналида иккита FPV дрони Красная Яруга-Вязовоэ шоссесида йўловчи автомобилига ҳужум қилгани, натижада икки фуқаро жароҳатлангани ҳақида ёзди. “Красноярж марказий туман касалхонасида мина портлаши, мия чайқалиши ва турли осколька жароҳатлари олган эркак ва 17 ёшли қизга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди”, — деди вилоят раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 21 августга ўтар кечаси Москва уруш бошланганидан бери энг кучли учувчисиз учоқ ҳужумларидан бирига дучор бўлди: пойтахтга 10 та дрон ҳужум қилди. Дастлабки учта учувчисиз учоқ эрталаб соат учларда Подольскда пойтахтга яқинлашганда уриб туширилган, қолган еттитаси кейинги бир соат ичида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Москвадан ташқари, 21 августга ўтар кечаси Брянск, Тула ва Калуга вилоятларига ҳам учувчисиз учоқлар ҳужум қилди: у ерларда мос равишда 15, 2 ва 3 та учувчисиз учоқ йўқ қилинди. Бундан ташқари, Ростов вилояти ғарбида ракета уриб туширилган. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ҳам минтақадаги “бир нечта ҳаво нишонлари” йўқ қилинганини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.