Украин разведкаси раҳбари: 11 минг шимолий кореялик Украина билан жанг қилишга тайёрланмоқда
Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов The War Zone нашрига берган интервьюсида Шимолий Корея қўшинлари Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияда тайёргарликдан ўтаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Шимолий Кореянинг 11 мингга
яқин пиёда аскарлари Россия шарқида тайёргарликдан ўтмоқда ва улар 1 ноябрдаёқ
жанговар ҳаракатларга тайёр бўлишади.
"Ҳозирда бизда тўлиқ манзара йўқ", деб таъкидлади
Буданов ва 2600 аскардан иборат биринчи бўлинмани Курск вилоятига юбориш
режалаштирилганлигини қўшимча қилди.
Қолган Шимолий Корея қўшинларининг кейинги тақсимоти ҳақида
маълумот ҳозирча мавжуд эмас. Бу баёнотлар Украина раҳбарияти ва халқаро
кузатувчиларнинг илгари билдирилган хавотирларини тасдиқлайди.
Аввалроқ,
8 октябрь куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Шимолий Корея Россияни
қўллаб-қувватлаш учун Украинага мунтазам қуролли кучларининг бир қисмини
юбориши мумкинлигини маълум қилди. Украина президенти Владимир Зеленский бу
масалани бир неча бор кўтариб, Шимолий Корея урушга ҳақиқий қўшилганини эълон
қилди ва ҳамкорларни Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирди. 17
октябрь куни у Россия Украинага қарши урушга 10 мингга яқин шимолий кореялик
аскарни жалб қилмоқчи эканлигига аниқлик киритди.
Россия ҳукумати КХДР ҳарбийларининг иштироки ҳақидаги
даъволарни рад этди. 10 октябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков
бундай хабарларни ишончсиз деб баҳолади. "Бу навбатдаги маълумот ёлғонига
ўхшайди", деди Песков журналистларга.