16.08.2024 15:34

Трамп Исроил ҳудудини кенгайтириш ҳақида бош қотиришини маълум қилди

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп пайшанба куни антисемитизмга қарши кураш бўйича ўтказилган тадбирда нутқ сўзлади. Трамп ўз нутқи давомида Фаластин тарафдори намойишчиларни «каллакесарлар» деб атади, яҳудийга турмушга чиққан Камала Харрисни “Исроил ва яҳудийларни йўқ қилмоқчи бўлган кучлар номзоди” деди ва Исроил ҳудудининг кенгайиши ҳақида ўйлашини маълум қилди.

Демократлар партиясидан президентликка номзод Камала Харрис яҳудий адвокат Дуглас Эмхофга турмушга чиққанига қарамай, Трамп уни антисемитизмни кучайтириш, “Исроил ва яҳудий халқини” йўқ қилмоқчи бўлганликда айблади.

“Камала Харрис Ғарб тамаддунини, биринчи навбатда Исроил ва яҳудий халқини йўқ қилмоқчи бўлган кучларнинг номзоди”, - деди Трамп ўз нутқида.

Урушга қарши намойишчиларни “ҲАМАС тарафдори бўлган каллакесарлар” ва “жиҳодга хайрихоҳлар” деб атаган Трамп, агар Оқ уйга қайтса, Исроил босқинига қарши чиққанларни мамлакатдан чиқариб юборишга ваъда берди.

Трамп яна бир бор америкалик яҳудийлар демократларга овоз бераётганидан нолиди ва собиқ президент АҚШдаги энг юқори мартабали яҳудий амалдори, Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумерни «фаластинлик» деб атади.

Республикачилар партиясидан президентликка номзод, шунингдек, Исроил “Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар билан солиштирганда харитада кичик бир нуқта”га ўхшаб кўринишини айтиб, “Исроилни каттароқ қилиш” йўллари бор-йўқлиги ҳақида бош қотиришини маълум қилди.

Трамп тадбирда марҳум миллиардер Шелдон Аделсоннинг рафиқаси ва унинг энг йирик донорларидан бири Мириам Аделсон билан бирга иштирок этди. Аделсоннинг айтишича, "Исроилнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги ҳақида қайғурадиган ҳар қандай яҳудий" Трампни Оқ уйга қайтаришга ёрдам бериши керак.

Июнь ойида Аделсон Исроилга ноқонуний равишда босиб олинган Ғарбий Соҳилни аннекция қилиш ва Фаластин давлати тузилишига йўл қўймаслик эвазига бўлажак сайловларда Трампни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашга ваъда бергани маълум бўлди.

Аделсон Трампнинг Исроилга хайрихоҳ бўлган ягона йирик донори эмас. Washington Post газетаси июнь бошида Трампнинг май ойида баъзи донорлар билан учрашгани, учрашув давомида собиқ президент Исроил агрессиясига қарши “норозилик билдирган ҳар қандай талабани мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга” ваъда бергани ҳақида ёзган эди: “Биласизми, хорижлик талабалар кўп. Улар буни эшитсалар, ўзларини яхши тутишади”.

Номи ошкор этилмаган донорлардан бири талабалар ва профессорлар бир кун келиб ҳокимият лавозимларини эгаллаши мумкинлигидан шикоят қилганида, Трамп Исроилга қарши намойишчиларни “радикал инқилоб”нинг бир қисми деб атаб, уларни мағлуб этишга онт ичганини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.