26.11.2024 09:28
523

Тожикистон ва Покистонда хитойликларнинг ўлдирилиши нимага олиб келиши мумкин?

Сўнгги вақтларда Покистон ва Тожикистонда Хитой фуқароларига тез-тех ҳужумлар содир этилмоқда. Жумладан, Покистонда бу йил жангарилар етти нафар хитойлик ишчини ўлдирган. Тожикистонда шу ойда илк бор Хитой фуқароси ҳужумда ҳалок бўлди.

Хитой фуқароларининг ўлдирилиши узоқ вақтдан бери жангарилар учун қўналға бўлиб келган минтақада экстремистик гуруҳлар имкониятлари ортиб бораётганини кўрсатади, дея ёзади Azathabar.

"Хитойликлар ҳафсаласи пир бўлди"

Бугунги кунда "Бир камар, бир йўл" лойиҳасининг ажралмас қисми бўлган Покистонда минглаб Хитой фуқаролари ишламоқда.

Исломобод хитойлик ишчиларни ҳимоя қилиш учун махсус полиция бўлинмасини тузди, юзлаб назорат пунктларини ўрнатди ва мегалойиҳалар атрофида кўплаб тўсиқлар ўрнатди. Аммо бу чоралар сўнгги йилларда хитойлик ишчиларга нисбатан кўпайиб бораётган ҳужумларни тўхтата олгани йўқ.

Мутахассислар буни асосан Покистон хавфсизлик ва разведка хизматлари ишидаги камчиликлар, шунингдек, Покистон жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятидаги энг йирик қуролли гуруҳ бўлмиш Балужистон озодлик армияси салоҳиятининг ортиб бораётгани билан боғлашмоқда.

"Хитой хавфсиз инвестицияларга ишонади, яъни у ўз лойиҳалари атрофидаги зиддиятларни ёқтирмайди, - дейди Хитойнинг Чжежианг университети тадқиқотчиси Жалол Базван. - Хитойликлар Покистон ҳукуматининг хавфсизликни таъминлай олмаслигидан шунчалик норозики, кейинги лойиҳаларга сармоя киритишмайди".

Иқтисодий жиҳатдан қашшоқ, аммо энергияга бой минтақа ҳисобланган Балужистонда Хитой ўзи томонидан молиялаштирилган ўнлаб инфратузилма, энергетика ва савдо лойиҳаларини амалга оширмоқда. Катта вилоят Афғонистон ва Эрон билан чегарадош бўлиб, Исломободни вилоят табиий бойликларидан фойдаланишда айблаётган этник озчилик бўлмиш балужлар яшайди.

Октябрь ойида Балужистон озодлик армияси жангарилари икки Хитой фуқаросини ўлдирган эди. Улар Покистоннинг энг йирик шаҳри Карачи аэропорти яқинида содир бўлган портлашда ҳалок бўлган.

Март ойида Покистон шимоли-ғарбида худкуш террорчи бомба ўрнатилган машинани хитойлик ишчилар кетаётган автобусга уриб юборган эди. Беш хитойлик ҳалок бўлди. Ҳеч қайси гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Ўз навбатида, сўнгги йилларда айирмачи жангарилар гуруҳи ҳисобланган Балужистон озодлик армиясининг жанговар салоҳияти ошган.

Ҳисоб-китобларга кўра, гуруҳ беш мингга яқин жангаридан иборат. 2021 йилда қўшни Афғонистонда "Толибон" ҳокимият тепасига келганидан кейин Балужистон озодлик армияси Америка қуролларининг Покистонга кириб келиши билан мустаҳкамланди.

Балужистон озодлик армияси сўнгги йилларда худкушлик ҳужумлари каби жангари исломий гуруҳлар фойдаланадиган тактикани қўллаган ҳолда ривожланди. Гуруҳ ўз сафини аёлларни жалб қилиш орқали ҳам кенгайтирмоқда.

Хитой фуқароларига қарши ҳужумлардан ташқари, Балужистон озодлик армияси Покистон хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларини ҳам кучайтирди.

“Маҳаллий лойиҳалардан тушаётган сахий хайр-эҳсонлар, солиқлар ва товламачилик, шунингдек, замонавий қуролларнинг сотиб олиниши Балужистон озодлик армиясига янада аниқроқ ҳужумлар уюштиришга ёрдам берди”, дейди Балужистондаги жангари гуруҳлар тадқиқотчиси Баҳут Балоч.

Мутахассисларнинг айтишича, Хитой Балужистонда зўравонлик кучайиб бораётганидан ва бу унинг Покистондаги лойиҳаларига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан хавотирда.

Хитой 19 ноябрь куни сўнгги беш йил ичида биринчи қўшма ҳарбий аксилтеррор машқларини ўтказиш учун шу ой охирида Покистонга қўшин жўнатишини маълум қилди. Худди шу куни Покистон ҳам Балужистонда жангариларга қарши янги ҳарбий ҳужум бошлаш режасини эълон қилди.

"Ҳужумлар кучайиб кетганига шубҳа йўқ, - дейди Покистон Можаролар ва хавфсизликни ўрганиш институти бошқарувчи директори Абдулла Хон. - Аммо бу Хитойни ўз лойиҳаларини тўхтатиб, Покистонни тарк этишига тўсқинлик қилмайди. Бир миллиард доллар инвестицияларни тўхтатиш учун жуда катта маблағ".

Тожикистонда биринчи ҳужум
18 ноябрь куни Тожикистон жанубида Афғонистон билан чегарада Хитой билан ҳамкорликда қурилган корхонада содир этилган ҳужум натижасида бир Хитой фуқароси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари яраланди.

Манбаларга кўра, ҳужумчилар Афғонистон чегарасини кесиб ўтган. Аммо уларнинг жангариларми ёки гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорми, ҳозирча аниқ эмас. Ҳудудда гиёҳванд моддалар савдоси кенг тарқалган.

Зарбузи дарасидаги олтин конида Хитой фуқаролари ишлагани айтилмоқда.

Ушбу ҳужум Тожикистонда йирик энергетика ва транспорт лойиҳаларини молиялаштираётган Хитой фуқаросининг ўлимига олиб келган биринчи воқеа бўлди.

ушбу ҳалокатли ҳужум Тожикистоннинг жанубий чегарасида хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди.

Афғонистонда ўнлаб экстремистик гуруҳлар, жумладан, “Исломий давлат-Хуросон” (ИД-Х), Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) ва асосан Тожикистон фуқароларидан ташкил топган “Жамоат Ансоруллоҳ” каби гуруҳлар фаолият юритади.

А&М Техас университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти Эдвард Лемоннинг айтишича, Хитой узоқ вақтдан бери Тожикистондаги лойиҳалари хавфсизлигидан хавотирда. Пекин Тожикистон хавфсизлик кучларини мустаҳкамлаш учун катта миқдорда сармоя киритган.

"Менимча, бу ҳужум Хитой сармоясига путур етказмайди, аксинча Хитойнинг мамлакат хавфсизлигини таъминлашдаги ролини кучайтиради, - деди у. - Хитой сармояларини ҳимоя қилиш учун мамлакатда фаолият юритаётган Хитойнинг хусусий хавфсизлик компаниялари учун кейинги ҳарбий ёрдам, тренинг ва потенциал кенгайтирилган ролни кутишимиз мумкин".

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.