Россия Украинадаги қариялар уйи ва электр тармоқларига зарба берди
Россия қўшинлари пайшанба куни Украинанинг Суми шаҳридаги қариялар маркази ва энергетика секторига ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Бу ҳақда Украина расмийлари маълумот берди.
Қайд
этилишича, мамлакат шимолидаги Суми шаҳрига тушдан кейин Россия зарбалари чоғида
беш қаватли бинога бомба тушган. Бир киши ҳалок бўлди, 12 киши яраланди, дея
хабар беради ички ишлар вазирлиги Telegram’да.
Президент
Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, қутқарувчилар одамлар вайроналар остида
қолиб кетганини текширмоқда.
Зеленский
ўзининг тунги видеомурожаатида Россия сўнгги 24 соат ичида 90 та бошқарилувчи бомбалар
билан ҳужум уюштирганини айтди.
Шунингдек,
у Украина кучлари “Донецк вилоятидаги ишғолчиларнинг ҳужум салоҳиятини
камайтиришга муваффақ бўлганини”, аммо энг оммавий ҳужумларга учраган
ҳудудларда, Покровск ва Курахово шаҳарлари яқинида вазият оғирлигича
қолаётганини айтди.
Россия
Мудофаа вазирлиги ўз кучлари Курахово шарқидаги Георгиевка қишлоғини эгаллаб
олганини маълум қилди.
Шу
ҳафтада Россия кучлари Суми вилоятининг электр тармоқларига бир нечта ҳужумлар
уюштирди, баъзи ҳудудларда электр таъминоти қисқартирилди, ҳокимиятни захира
энергия тизимларидан фойдаланишга мажбур қилди.
Украина
Энергетика вазирлиги ҳаво ҳужумлари ва технологик сабабларга кўра 10 та ҳудудда
электр таъминотида узилишлар бўлганини маълум қилди.
Европа
Иттифоқи ўзининг хавотир белгиси сифатида Литвада ёқилғи билан ишлайдиган
электр станциясини Украинада қайта қуриш учун демонтаж қилинаётганини ва электр
энергияси экспорти ҳам кўпайтирилишини билдирди.
БМТнинг
Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси Россиянинг ҳужумлари халқаро
гуманитар ҳуқуқни бузганини, сув ва иссиқлик таъминоти каби муҳим хизматларни
хавф остига қўйганини ҳамда аҳоли саломатлиги, таълим ва иқтисодиётга таҳдид
солаётганини маълум қилди.
Киевнинг қайд
этишича, энергетика тизимини нишонга олиш уруш жинояти ҳисобланади ҳамда
Халқаро жиноий суд фуқаролик энергетика инфратузилмасини бомбалагани учун тўрт
нафар россиялик амалдор ва ҳарбий зобитларни ҳибсга олишга ордер берган.
Москва эса
энергетика инфратузилмаси қонуний ҳарбий нишон эканини таъкидлаб, бу
айбловларни аҳамиятсиз деб ҳисоблайди.