09.04.2024 09:05

Нью-Йорк маъмурияти мусулмон аёллар ҳижоби мажбурий ечилгани учун товон тўлайди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри маъмурияти икки нафар мусулмон аёл томонидан полиция бошқармасининг (NYPD) ҳибсга олиш вақтида баённома тўлдириш жараёнида бош кийимларини ечиш бўйича сиёсатига қарши киритилган суд даъвосини ҳал қилиш юзасидан келишув имзолади, деб ёзмоқда Islam News Jurist.org нашрига таянган ҳолда.

Икки аёл Нью-Йорк жанубий округи федерал округ суди судьяси Анализа Торресга полиция бошқармасининг хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат қилади. Суд томонидан шаҳар маъмурияти 17,5 миллион доллар миқдорида товон пули тўланиши белгиланди. Бироқ шаҳар маъмурияти мусулмон аёлларнинг ҳижоби ечтирилгани учун расман кечирим сўрамаган, аммо суд полиция бошқармасига ҳибсга олиш вақтида мусулмон аёлларнинг рўмолларини ечтириш сиёсатини ўзгартириш ҳамда товон пули тўлаш мажбурияти юкланди.

Даъвогарлар судга 2018 йилда жамоавий даъво билан мурожаат қилган эди. Даъво жамоавий бўлгани сабабли шу вақтга қадар камситувчи сиёсатдан жабрланган барча мусулмон аёллар 13 минг долларгача миқдорда маънавий зарар учун товон пули олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мазкур ҳукм АҚШда мусулмонларга қарши салбий кайфият кучайиб бораётган бир пайтда чиқарилди. Яқинда Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) ҳисоботида айтилишича, 2023 йилда АҚШда мусулмонларга қарши тарафкашлик ҳақидаги шикоятлар рекорд даражага етган. Ўтган йили фуқаролик ҳуқуқлари ташкилотига мусулмонларга қарши воқеалар юзасидан 8061 та шикоят келиб тушган, бу кенгашнинг 30 йиллик тарихи давомида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.