“Россия халқ дружинаси” Новосибирскдаги дорихоналардан бирида фармацевтдан рўмолни ечишни талаб қилмоқда
"Россия халқ дружинаси" миллатчи ташкилотининг Новосибирскдаги фаоллари шаҳарнинг Карл Маркс кўчасида жойлашган «Мелодия здоровья» (“Саломатлик оҳанги”) дорихонаси сотувчисидан рўмолини ечишни талаб қилмоқда, дея ёзди Islam News «Сибкрай» нашрига таяниб.
Фаолларнинг
фикрича, рўмол радикал ислом билан боғлиқ бўлиб, православ насронийларнинг
диний туйғуларини камситади ва миллатлараро адоватни қўзғатади. Шу билан бирга,
дружина мусулмон аёлларининг рўмолини православ аёллари рўмоли билан
таққослашни ноўрин деб ҳисоблаб, ўз фикрини бугунги кунда рус аёллари бошларини
анъанага кўра ўраб юрмаслиги билан изоҳлаган.
"Ҳа,
бошга рўмол ўраш билан боғлиқ православ анъанаси мавжуд, - дейди миллатчи
ташкилотнинг вилоят бўйича раҳбари Евгений. - Бизда кассаларда ёки давлат
муассасаларида мутлақо русча кийимдаги рус қизлари йўқ. Бундайлар йўқ".
Фаол Новосибирск
жамиятида рўмол ўраб юришни
Грозний кўчаларида калта
иштонда кўринишга қиёслади.
“Биз кўчаларимиз ўзимиз кўниккан тартибни сақлаши учун
курашяпмиз. Грознийда бир киши калта
иштон кийганида, фуқаролар унинг олдига келиб: бу ерда бу одат эмас, ё шаҳарни тарк этинг
ёки одат бўйича кийининг,
дейишади”, - деди у.
Россиялик
дружинникнинг қўшимча қилишича, шу йўл билан фаоллар Россия Конституцияси ва
қонунлари учун курашмоқда.
“Конституцияда Россия Федерацияси кўп динли давлат эканлиги
белгилаб қўйилган. Ҳамма тенг ҳуқуқларга эга. Бу нуқта кўпинча нотўғри талқин қилинади. Агар динлар ажратилса, Конституция бузилган бўлади. Бошқа
динлар зулм қилинган бўлади.
Мен православ насронийман, диний туйғуларим бузилган. Мен хочлар билан
юрмайман, шунинг учун пештахта ортида турмайман. Бу ҳуқуқий муаммо”, - дея тушунтирди Евгений.
Унинг сўзларига кўра, россиялик фаоллар халқларга зулм
қилмайди, чунки ҳижоб миллий либосга кирмайди ва кўпроқ радикал исломга
алоқадор. Агар дўкон раҳбарияти кассирни ҳижобни ечишга мажбурламаса, “Россия халқ дружинаси”
ижтимоий фаоллари бутун «Мелодия здоровья» тармоғига бойкот эълон қилишга
тайёр.
Евгений
рўмолга қарши муваффақиятли кураш мисоллари аллақачон борлиги билан мақтанди. Йирик дўконлардан бирида
уларни эшитишган.
Раҳбарият ходимларни кийиниш қоидаларига риоя қилишга мажбурлаб, рўмол ёки
ҳижобни ечишни буюрган.
Вазиятни Миллий юристлар уюшмаси раҳбари, ҳуқуқшунос Руслан
Нагиев изоҳлади. “Аёлнинг бошидаги шарф ҳеч кимни безовта қилмайди ва хавф
туғдирмайди. Учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузмайди. Бу аёлнинг ўзи рўмол
ўраган ва ҳеч кимни ўрашга мажбурламайди”, - дея таъкидлади адвокат.
Унинг эслашича, “рўмол Россиянинг туб халқларида анъанавий аёллар
кийимининг элементидир. Сибир татарлари Новосибирскдаги бегона халқ эмас.
“Ҳеч ким аёлларни иродасига қарши ечинтиришга ҳақли эмас.
Улардан кўпчилигининг
эрлари ва ака-укалари
ҳозир Россия Қуролли Кучларида хизмат қилмоқда. Бокира Марям ва иконалардаги
барча аёллар рўмол ўраган ҳолда тасвирланган. Кўп миллатли мамлакатимизда
адоватни қўзғатишга ҳожат йўқ. Бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўлайлик.
Бу бизнинг умумий Ватанимиз”, — деб ёзди Нагиев Телеграмъдаги каналида.