Нигер террорчиларга кўмаклашаётганликда айблаб, Украина билан алоқаларни узмоқчи
Нигер ҳукумати Мали ҳукумати ва халқи билан тўлиқ бирдамлилигини эълон қилиб, Украина билан дипломатик муносабатларини узишини маълум қилди.
“Нигер Республикаси ҳукумати Мали ҳукумати ва халқи билан
тўлиқ бирдамлик қилиб, ўз суверенитетига таянган ҳолда Нигер Республикаси ва
Украина ўртасидаги дипломатик муносабатларни узиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур қарор зудлик билан кучга
киради”, — дейилади Африка давлати ҳукумати баёнотида.
Нигер ҳукуматининг расмий вакили Бирлашган Миллатлар
Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидан Украина «тажовузкорлиги»ни муҳокама қилиш учун
махсус йиғилиш ўтказишни сўраш ниятида эканлигини маълум қилди.
France -24 нашрининг ёзишича, Нигер ва Малини давлат тўнтариши натижасида
ҳокимиятга келган ҳарбий ҳукуматлар бошқаради. Кўп ўтмай, бу иккала давлат ҳам
Франция билан мудофаа шартномаларидан воз кечди ва ҳарбий ёрдам сўраб Россияга
мурожаат қилди.
5 август куни Малининг ўтиш даври ҳукумати Украина билан дипломатик муносабатларни узиш тўғрисидаги қарорни эълон қилганди. Бунга Украинанинг Сенегалдаги элчиси аввалроқ Малида жангарилар ҳукумат қўшинлари ва Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарларига уюштирилган ҳужумда Киевнинг алоқадорлигини тасдиқлагани сабаб бўлди.