05.08.2024 09:30

Мали жангарилар билан жангдаги мағлубиятда Украинани айблади

Мали июль ойида Киевни ҳукумат қўшинларининг жангарилар билан жангдаги оғир мағлубиятида юқори мартабали украин амалдорлари муҳим роль ўйнаганини тан олишга чақириб, Украина билан дипломатик алоқаларни узишини маълум қилди, дея хабар берди Arab News.

Мали "зудлик билан" алоқаларни узади, деди ҳукумат матбуот котиби полковник Абдулай Майга.

Мали ҳукумати Украина ҳарбий разведка агентлиги ГУР матбуот котиби Андрей Юсовнинг сўзларидан ҳайратда қолди, дея қўшимча қилди Майга.

Юсов "Украинанинг қуролли террорчи гуруҳларнинг қўрқоқ, хоин ва ваҳшийларча ҳужумида иштирок этганини тан олди”, деди Майга. У мазкур ҳужум Мали аскарларининг ўлимига олиб келди, дея қўшимча қилди.

Украина телевидениеси орқали сўзлаган Юсовнинг айтишича, бутун дунё исёнчилар “Россия ҳарбий жиноятчиларига қарши операция ўтказиш имконини берган зарур разведка маълумотларини олгани”ни билади.

Украинанинг хатти-ҳаракатлари Мали суверенитетини бузди ҳамда қабул қилиб бўлмайдиган чет эл аралашуви ва халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашдир, дейилади Майга баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Жазоир чегараси яқинида Тинзауатендаги ҳарбий лагерда уч кунлик шиддатли жанглар бошланди. Туарег бошчилигидаги айирмачилар пайшанба куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 84 нафар ёлланма аскари ҳамда Мали ҳукумат қўшинларининг 47 нафар ҳарбийси ўлдирилганини маълум қилди.

Жума куни AFP томонидан эълон қилинган видеода Мали бош вазири Чогуэл Кокалла Майга Тинзауатен «жангида» ютқазганликларини тан олди. У Мали армияси жанглар пайтида "кўп сонли" ўлимга дучор бўлганини тан олди, аммо рақамларни ошкор қилмади.

Шу ҳафтада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров малилик ҳамкасби Абдулай Диоп билан телефон суҳбатида Бамакони қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

2020 йилда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни қўлга киритган Ғарбий Африка давлатининг ҳарбий етакчилари бутун мамлакатни Ал-Қоида ҳамда “Исломий давлат” гуруҳига алоқадор бўлгинчилар ва жиҳодчи кучлардан қайтариб олишни устувор вазифа қилиб қўйган.

Полковник Ассими Гоита бошчилигида хунта собиқ мустамлакачи Франция билан анъанавий иттифоқини бузди ва Россияга юзланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.