18.03.2024 09:17

Нигер АҚШ билан ҳарбий келишувни бекор қилди

Нигерда ҳокимият тепасида турган ҳарбийлар Америка контингентининг мамлакатда қолишига имкон берувчи АҚШ билан келишувни бекор қилди, деб хабар бермоқда AFP Нигер ўтиш даври ҳукумати вакили Амаду Абдраманга таяниб.

Қайд этилишича, қарор дарҳол кучга киради.

Нигер хунтаси Америка расмийларининг мамлакатга ташрифи ортидан шундай қарорга келди. Делегацияга давлат котибининг Африка ишлари бўйича ёрдамчиси Молли Фи ва АҚШнинг Африкадаги қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Ленгли бошчилик қилди.

Абдраман АҚШ делегациясининг дипломатик протоколга риоя қилмагани, Нигерга делегация таркиби, унинг келиш санаси ва кун тартиби ҳақида маълумот берилмаганини изоҳлади. Унинг қўшимча қилишича, суҳбат Нигер мудофаа секторидаги давом этаётган ўзгаришлар ва икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳақида бўлган.

 Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Франция ҳарбий контингенти ҳам мамлакатни тарк этгани, Ниамейдаги Франция элчихонаси "расмийларнинг чекловлар туфайли" ёпилгани ҳақида ёзган эдик.

Нигерда 2023 йил июль ойида бир гуруҳ юқори мартабали ҳарбий зобитлар ҳукуматни эгаллаб, сайланган собиқ президент Муҳаммад Базумни ағдарганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.