22.12.2023 14:57

Франция Нигердаги элчихонасини ёпишга тайёрланмоқда

Франция ташқи ишлар вазирлиги Африка ғарбида жойлашган Нигердаги дипломатик ваколатхонасини ёпишга қарор қилди, дея хабар бермоқда Associated Press.

Нигер фуқаролари бўлган Франция элчихонаси ходимлари аллақачон Ташқи ишлар вазирлигидан тегишли билдиришнома олган.

ТИВ элчихона энди фаолият кўрсата олмаслиги сабабли номаълум муддатга ёпилишини таъкидлади. Шу билан бирга, Париж Нигер раҳбариятининг илтимосига кўра ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқда. Жараён йил охиригача якунланиши керак.

Аввалроқ Нигер ҳарбий ҳокимияти раҳбари Абдурраҳмон Тчиани француз қўшинларининг мамлакатда бўлган бутун даври давомида улар нафақат терроризмни енгишмагани, балки жангарилар кучайишига ҳам ҳисса қўшганини маълум қилганди.

Нигер ва Франция ўртасидаги муносабатлар июль ойида ушбу мамлакатда рўй берган давлат тўнтаришидан кейин ёмонлашган эди. Ўшанда бир гуруҳ юқори мартабали ҳарбий зобитлар ҳукуматни эгаллаб, сайланган собиқ президент Муҳаммад Базумни ағдарганди. Бир муддат ўтиб,  хунта (ҳарбий реакцион террористик гуруҳ – тарж.) маъмурияти Франциядан мамлакатдаги базаларини ёпиш ва аскарларини олиб чиқишни сўради.

Мали ва Буркина-Фасодаги тўнтаришлар ортидан минтақадаги ҳамкорларини бирин-кетин йўқотган Франция учун Нигер Ғарбий Африкадаги сўнгги иттифоқчиларидан бири бўлиб қолаётганди.

Тўнтаришдан сўнг Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Жамияти (ECOWAS) Нигердаги хунта маъмуриятига қарши ҳарбий аралашув билан таҳдид қилди, бироқ томонлар кейинчалик музокара қилишни афзал кўрди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.