Европа Иттифоқи Россияга қарши 12-санкция пакетини келишиб олди
Европа Иттифоқи етакчилари чеклов чораларини жорий этишнинг асосий мухолифларидан бири Австрия канцлери Карл Нехаммер йўқлигида 12-санкция пакети бўйича келишиб олди. Аввалроқ Австрия ҳукумати янги санкцияларни блоклаган эди.
“Европа Кенгаши 12-санкция пакетининг қабул қилинишини олқишлайди”, — дейилади якуний баёнотда.
Reuters маълумотларига кўра, янги санкциялар пакетига 1 январдан бошлаб Россия носаноат олмосларини олиб киришни тўғридан-тўғри тақиқлаш, мартдан эса учинчи мамлакатлардан олмос олиб киришни босқичма-босқич тақиқлаш ҳам киритилган бўлиши керак. Шунингдек, нашрга кўра, якуний версияда банклар ва Россия юридик ёки жисмоний шахслари 100 минг евро (109,9 минг доллар) миқдоридаги пул ўтказмалари ҳақида ЕИнинг тегишли миллий назорат органларини хабардор қилишлари шарт бўлган талаб киритилган. 12-санкциялар тўпламининг якуний версияси ЕИнинг расмий журналида ҳали эълон қилингани йўқ.
Дипломатик манбаларга кўра, пакет матни шу ҳафта бошида барча давлатлар билан келишилган, бироқ Австрия 14 декабрь, пайшанба куни охиригача (Брюсселдаги ЕИ саммитининг биринчи куни) ҳужжатни якуний тасдиқлашдан ўзини тийган. Reuters хабарига кўра, Австрия 12-санкция пакетини тасдиқлаш эвазига Raiffeisen Bank International`ни Украинанинг “қора рўйхати”дан чиқаришга уринган. Raiffeisen ҳанузгача Украинанинг "уруш ҳомийлари халқаро рўйхати"да кўринмоқда.
Аввалроқ янги санкциялар тўплами “Россиянинг қурол ишлаб чиқаришда қўлланиладиган компонентлар, технологиялар ва электроника воситаларига кириш ҳуқуқига эга бўлган учинчи давлатлар орқали мавжуд тақиқларни четлаб ўтиш қобилиятига путур етказишга” қаратилгани айтилганди.