Дунёвий давлатда радикализм ва умуман радикаллашувнинг асл сабаблари (видео)
Охирги вақтларда айрим нохолис ва мақсади жамиятни иккига бўлиш ҳисобланган оммавий ахборот воситалари “дунёвий жамиятда радикаллашув кучайиб бормоқда”, “уни олди олинмаса, хилофат ва шариатга асосланган давлат ўрнатилади” каби огоҳлантиришга асосланган “даъват”лари кенг тарқалмоқда.
Хўш, бундай иддаолар ва “даъватлар” статистик, илмий далиллар ёки соҳа бўйича экспертларнинг хулосалари асосида айтилмоқдами?! Ёки айрим исломофоб, жамиятни иккига бўлмоқчи бўлаётган, ғараз ниятли, халқнинг миллий, тарихий, эътиқодий муқаддасотларини йўқ қилмоқчи бўлаётган радикал атеист ва радикал либерал жамоалари, ўзларининг асоссиз ва исботланмаган далиллари билан, онг ва тафаккурни захарлашмоқчими?!.
Биз эса улар иддао қилаётган “фактлар”га илмий ва исботланган фактлар билан жавоб берамиз. Бизни келтирадиган гапларимиз илмий далиллар билан асосланган, эҳтирос ва қуруқ гаплар билан эмас.
Демак, дунёвий давлат деганда энг аввало тенг ҳуқуқли, эркинлик таъминланган ҳуқуқий-демократик давлат тушунилади. Яъни дунёвий давлат дегани атеизм дегани эмас. Дунёвий давлатнинг асоси бу айнан диндор ва динсиз қатламнинг эътиқод ҳуқуқларини бир дек ҳимоя қилиш дегани. Буни афсуски айрим юқорида келтирилган радикал гуруҳлар бошқача талқин қилиб, диндор қатламни “радикал”га чиқазиб, ўзларини либерал деб номлаб, дунёвий давлат тушунчаси ва тамойилини англамаган ҳолда иддаолар билан чиқишмоқда.
Дунёвийликнинг асосий иккита мақсади мавжуд бўлиб, булар биринчиси жамиятдаги ҳар хил конфессия ва диний қарашларга мансуб шахслар қонун олдида тенглиги, иккинчиси ҳеч қайси бир диний қатлам қонун томонидан дискриминация қилинмаслиги белгиланган.
Аммо, юқорида айтганимиздек диндорнинг динига эътиқод қилишини “радикаллашув” деб номлаётганлар аслида жамият учун реал таҳдид туғдиришмоқда.
Масалан, Францияда “секуляр (дунёвий) радикаллик” атамаси пайдо бўлди. Бу ҳукумат томонидан диний қатламга нисбатан қабул қилинган тақиқлар билан боғлиқ. Масалан,15 март 2004 йилда француз мактабларида ўқувчи қизларнинг рўмол ўраб келишига тақиқ, 2011 йилда жамоат жойларида ибодат маросимларини қилишга тақиқлар сабаб жамиятда радикализм кучайишига, “секулар радикаллик”ни ривожланишига ва диндорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузилишига олиб келди. Бунинг натижасида ҳукумат кўплаб норозиликларга сабаб бўлди.
Ҳозирги ҳуқуқ олимлари, жумладан Раймон Вэкс, Фредрик Жадсон, Генри Жорж Таккер ва яна бошқалари секуляризм принципини давлатлар томонидан хато талқин қилиниши, дунёвийлик давлат бошқаруви деганда диний эркинликларни чеклаш деган хато тушунчалар олға сурилаётгани ташвишли ҳолат эканлигини таъкидлашмоқда. Яъни “секуляр радикаллик” динни батамом давлат ва жамият ҳаётидан ажратишга интилиш ҳисобланади. Ва буни биз юқорида келтирган айрим шахсларнинг иддаоларида кўришимиз мумкин.
“Секуляр радикаллик” қуйидагилари ҳисобланади:
1. Диний белгиларга нисбатан қаттиқ чекловлар:
Жамоат жойларида, мактаблар ва ҳукумат муассасаларида диний кийим ва рамзларни кийишни тақиқлаш.
2. Диний таълимни чеклаш:
Давлат мактабларида диний таълим беришни тақиқлаш ва ўқув дастурларидан диний мазмунни олиб ташлашга ундаш.
Диний мактабларни дунёвий таълим стандартларига риоя қилишга мажбурлаш.
3. “Дунёвий” “қадриятлар”ни тарғиб қилиш:
Диний қадриятларга зид бўлган “қадриятлар”ни, жумладан ЛГБТ, феминизм, “яланғоч” кунлар, диний муқаддасотларни таҳқирлаш ва бошқаларни фаол тарғиб қилиш.
Оммавий ахборот воситалари, санъат ва таълим орқали жамиятни ахлоқсизликка чақириш, диндор қатламга диний маълумотларни олишни чеклаш ва бошқалар.
Буларнинг натижасида жамиятда диндор бўлган иқтисодчи, техник, инженер, шифокор, ўқитувчи ва бошқаларни омматан ўша юрт ва жамиятни тарк этишига олиб келиши, бу эса ўз навбатида давлатни инқирозлар ҳамда ижтимоий муаммоларга олиб келиши аниқ бўлади.
Бу жамиятда жуда катта диний “очликни”, айнан ўша қўрқиб турилган “радикализм” кучайишига олиб келиши, энг хатарлиси жамиятда норозиликларга ва қадриятларни кескин равишда бузилишига олиб келиши мумкин.
Шунинг учун дунёвийлик (секуляризм)ни қўллаш ва талқин қилиш ўша жамият ва давлатнинг тарихий, маданий ва ижтимоий жиҳатларини инобатга олган ҳолда белгилаш лозим бўлади.
Буларни аксини қилган тўлиқ секуляр бўлган Франция давлатининг хатосидан ўрнак олиш лозим. Тақиқлар билан эмас, ҳуқуқлар билан дунёвийлик принципини жамиятга тақдим қилиш керак.
Жамиятни асоссиз қўрқувлар, диний расм-русмларга бўлган тақиқлар, диний таълим муассасалари ва ибодатхоналарини борини ёпиш - булариннг барчаси айнан дунёвийлик принцига зид қарорлар ҳисобланади. Фикримизча, жамиятда диндорлардан эмас, радикал исломофоблардан қўрқиш, уларни назорат қилиш, айнан уларни фаолиятига чек қўйиш фурсати етди! Улар томонидан айтилаётган ҳар бир иддаонинг илмий далилини сўраш вақти келди! Миллатни ва жамиятимизни, Ўзбекистондек тинч ўлкамизни бутун тарих мобайнида фақатгина юксалтирган диний муқаддасотларини ҳимоя қилиш вақти келди!