06.01.2024 17:45

“Даҳия доктринаси”: сионистлар ваҳшийлиги ўзларига қарши ишлашни бошлади

Сионистлар томонидан "Даҳия доктринаси" деб аталган ваҳшийлик Фаластиннинг қаршилик кўрсатиш иродасини синдиришга қаратилган. Ушбу доктрина "номутаносиб куч" қўллашни ва сионистик армияга қарши бўлганларнинг фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилишни ўз ичига олади.

Даҳия доктринаси ўз номини 2006 йилда Иккинчи Ливан уруши пайтида Исроил ҳаво кучлари томонидан вайрон қилинган Байрут туманларидан биридан олган. Ушбу доктрина муаллифи, сионист генерал Гади Эйзенкотнинг фикрича, сионист хавфсизлик кучларига қарата ўқ узган ҳар қандай аҳоли пункти йўқ қилиниши керак. Бу оммавий қотиллик ва геноцидлар душманнинг қаршилик кўрсатиш иродасини фалаж қилиши, узоқ давом этадиган урушнинг олдини олиш учун амалга оширилади.

Исроил мудофаа кучлари деб аталадиган кучлар Ғазода ушбу доктринани аллақачон қайта-қайта қўлламоқда. Ваҳоланки уруш эълон қилмасдан фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилиш уруш жинояти ҳисобланади. Ва ҳар сафар сионистлар жазодан қутулиб қолишди. Чунки уларни сионистик тузилмани яратган Ғарб қўллаб-қувватлайди. Ғазодаги ҳозирги можарода ҳам шу ишини қилмоқда. Бироқ "инсон ҳуқуқлари" ҳақидаги сафсаталарисиз. Ва агар илгари баъзи мусулмонлар Ғарб «демократияси» ҳақидаги иллюзияларни сақлаб қолишган бўлса, ҳозир бу тушунчалар ҳам Фаластин тинч аҳолисининг уйларига қўшилиб сионистик бомбалар билан вайрон бўлмоқда.

Бироқ Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар таҳлили инсониятга қарши қаратилган "Даҳия доктринаси" барбод бўлганини кўрсатмоқда. Ғазодаги уруш тугаш аломатларини кўрсатаётгани йўқ. Секторнинг шимолий қисми ер юзидан қириб ташланган бўлишига қарамасдан, жанглар худди ўшандай шиддат билан давом этмоқда. Доктрина муаллифи Гади Айзенкотнинг ўзи эса  Ғазода бахтиқаро ўғли, “дембеллик альбоми” ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини уйлар вайроналари устида тушган расмлари билан “безаган” Гални йўқотди.

Сионистик режим чорасизлик ва очиқдан-очиқ АҚШдан ёрдам сўрамоқда, ҳатто буни яширишни ўйлаётгани ҳам йўқ. Нафақат юқори аниқликдаги қуроллар, балки снарядлар ва патронларни ҳам Исроил етарли даражада ишлаб чиқара олмаслиги маълум бўлди. Сионистлар ҳар доим ўз режимларини юқори даражада ривожланган технологик марказ сифатида кўрсатиб келган, аслида эса улар ҳарбий операцияларни техник ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлай олмас экан. Оммавий ахборот воситаларида аллақачон тарқалаётган Исроил хавфсизлик кучларининг ҳақиқий йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар расмий ташвиқот баёнотларидан жуда фарқ қилади.

Фаластинликлар эса, ўз навбатида, тинч аҳоли орасида катта талофатларга қарамай, чидамлилик ва ҳарбий амалиётлар ўтказиш қобилиятини намойиш этмоқда. Бундан ташқари, ҲАМАС асирларни ушлаб туришда давом этмоқда ва бу Исроил томонининг кучсизлигининг яна бир кўрсаткичидир. Яъни, жанговар қобилиятнинг сақланиб қолиши ва асирларни озод қилмасдан урушнинг тугаши фаластинликларнинг ушбу тўқнашувдаги ғалабасини белгилайди. Бундай ҳолатда ғолиблар урушдан кейинги тинчлик ва имтиёз контурларини белгилайди, сионистлар ва америкаликлар эса шартларга рози бўлишга мажбур бўлади.

Ҳозирги Исроил режими мағлуб бўлса, Ғазода қилган барча ишлари учун жавоб беришини яхши тушунади. Маълумки, "ғолиблар суд қилинмайди", мағлублардан эса масофа сақланади – ҳатто уларни фаол қўллаб-қувватлаганлар ҳам. Шунинг учун Нетаняху радикал сионистларга таяниб, асирга олинган исроилликлар билан бирга барча фаластинликларни ҳам йўқ қилишга тайёр ва буларнинг барчаси – фақатгина боши берк кўчадан чиқиш учун. Бу эса сионистларнинг Фаластин тинч аҳолисига нисбатан ваҳшийликларини кучайтирмоқда.

Бироқ вақт Исроилга қарши ўйнамоқда. Қўшма Штатлар америкаликлар ва уларнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари учун шусиз ҳам мураккаб бўлиб турган вазиятни янада ёмонлаштирмаслик учун ҳарбий ҳаракатларни якунлашга шошмоқда. Нетаняхунинг Гитлерга тенглаштирилиши ва Халқаро судга бериш кўринишидаги илк сигналлар аллақачон берилди.

Жанговар ҳаракатларнинг давом этиши ва уларнинг шафқатсизлиги муқаррар равишда исроилликларга қаратилади. Ислом оламидаги кенг омманинг дастлабки чалкашликлари ўз ўрнини ғазабга бўшатиб, Исроилга янги, жиддийроқ муаммолар учун қулай замин яратди. Яҳудий жамиятида эса “оғриқ чегараси” жуда паст. Уруш давом этиб, йўқотишлар ортиб борар экан - ва Исроил расмийларининг ўзлари йўқотишлар ортиб бораётганини тан олишга мажбур – Исроилга келиб ўрнашган яҳудийларнинг бир қисми уйларини ташлаб, бошқа мамлакатларга қочиб кетиши мумкин.

Шундай қилиб, сионистлар “Даҳия доктринаси” асосида Фаластинга ваҳшийларча ҳужумлар уюштириб, ўзларини бурчакка ҳайдамоқда. 2006 йилда Ливанда Исроил армияси енгилмаслик ореоли (хомхаёли)ни йўқотган бўлса, сионистик режим Фаластинда 70 йилдан кўпроқ вақт давомида қилаётган ишлари учун тўлиқ жавобгар бўладиган вақт келганга ўхшайди.

Муаллиф: Ильдар Мухаметжанов, Islam News

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.