11.01.2024 09:55

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳусийлар ҳужумларини зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги ҳужумларини зудлик билан тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини қабул қилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига АҚШ ва Япония томонидан тақдим этилган резолюция лойиҳаси овозга қўйилди. Резолюция лойиҳаси 15 аъзодан иборат БМТ хавфсизлик кенгаши томонидан 11 «ҳа» ва 4 «бетараф» овоз билан қабул қилинди.

Овоз беришда бетараф қолган Россия томонидан талаб қилинган учта ўзгартиришга вето қўйилган. Россия қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқ соҳасида янги қоидаларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, қонун лойиҳасига баъзи баёнотларни ўзгартириш ва Ғазодаги вазиятни қўшишни талаб қилди.

Россия Қизил денгиздаги вазият Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари билан бевосита боғлиқлигини билдирди ва қарорда бунга ҳавола қилишни сўради.

Қарорда ҳусийларнинг Қизил денгизда 2023 йил 19 июндан буён тижорат кемаларига уюштирган 24 та ҳужуми кескин қораланди ва улардан ҳужумларни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинди.

Резолюция ҳусийларни Исроилга алоқадор Galaxy Leader тижорий кемаси экипажини озод қилишга чақиришни ўз ичига олади ҳамда "Тижорат кемаларининг навигация ҳуқуқлари ва эркинлиги халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳурмат қилиниши керак"лиги таъкидланади.

Ҳужжатда, шунингек, аъзо давлатларнинг халқаро ҳуқуқ асосида кемаларини ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланиб, минтақавий тарангликка олиб келадиган тўқнашувларнинг асл сабабларини бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.

Аввалроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги АҚШ ва Британия ҳарбий-денгиз кучлари ҳусийлар томонидан учирилган 18 та дрон ва учта ракетани уриб туширгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари Грант Шеппс Британиянинг HMS Diamond эсминеци АҚШ кемалари билан биргаликда 7 октябрдан бери Қизил денгизда ҳусийларнинг энг йирик ҳужумини қайтарганини маълум қилди.

Бу 19 ноябрдан бери Қизил денгиздаги тижорий юк ташиш йўлакларига ҳусийларнинг 26-ҳужум бўлди.

Бундан ташқари, ҳусийлар 31декабрь куни 10 нафар аскари бўлган тезвор катерлар АҚШ денгиз қўшинлари томонидан йўқ қилинганига жавобан илк бор тўғридан-тўғри АҚШ ҳарбий кемасига ҳужум уюштирганини билдирди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.