БМТ: Сурияда 16,7 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож
Ҳозирда Сурияда 16,7 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож. Бу ҳақда БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсеннинг Сурияда қуролли можаро бошланганининг 13 йиллиги муносабати билан берган баёнотида айтилади, дея хабар қилди Anadolu.
Педерсеннинг
таъкидлашича, инқирозга сиёсий ечимга ҳалигача эришилмаган, минтақадаги
кескинлик эса вазиятни янада фожиали қилмоқда.
“Сурия халқи узоқ вақт давомида жамиятнинг барча соҳаларига
таъсир кўрсатувчи сўзсиз зўравонлик ва вайронагарчиликлардан азият чекди.
Суриядаги гуманитар инқироз чуқурлашишда давом этмоқда, 16,7 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож. Бу
можаро бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич”, — деди у.
Махсус вакилнинг қўшимча қилишича, 5 млн дан ортиқ суриялик қочқин қўшни
давлатларда бошпана топган, 7 млн
дан зиёд киши эса мамлакат ичида ўз уйини ташлаб кетган.
Педерсен можаронинг барча томонларини зўравонликни зудлик
билан тўхтатишга, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш бўйича
ўз мажбуриятларини бажаришга, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни зудлик
билан ва сўзсиз озод қилишга чақирди.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни ишончни мустаҳкамлаш
чораларини кўриш, Сурия Конституциявий қўмитаси фаолиятини қайта бошлаш ва БМТ
Хавфсизлик кенгашининг 2254-сонли
резолюциясига мувофиқ барча мавжуд масалаларни ҳар томонлама муҳокама
қилиш учун кучларни бирлаштиришга ва сиёсий босим ўтказишга чақирди.
БМТ
Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармасининг 2022 йилги маълумотларига
кўра, Сурияда 2011 йилнинг
1 мартидан 2021 йилнинг 31 мартигача бўлган даврда 306 887 нафар тинч аҳоли
ҳалок бўлган.