13.03.2024 09:45

Бельгияда концлагерлардаги яҳудийлар устидан кулган собиқ депутат қамалди

Бельгия парламентининг собиқ ўта ўнгчи аъзоси Дрис Ван Лангенхове Ҳолокостни инкор этганлик учун суд жараёни доирасида "нафрат ва ирқчиликни қўзғатиш" айби билан 1 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар бермоқда Anadolu.

Бельгия оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Ван Лангенхов 2018 йилда асос солган Schild & Vrienden (“Қалқон ва дўстлар”) ўта ўнгчи ёшлар ҳаракатининг хабарлашув гуруҳига ирқчилик ва антисемитистик изоҳлар бергани учун суд қилинган.

Суд Ван Лангенховени Schild & Vrienden ҳаракати асосчиси сифатида “нафрат ва ирқчиликни қўзғатган” деб топди ва собиқ депутатни 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этиб, 16 минг евро жарима ва 10 йилга сайловларда иштирок этишдан маҳрум қилди.

Ван Лангенховега қалампирли газ баллончалари сотгани учун 10 ойлик шартли қамоқ жазоси ҳам тайинланди.

Судда ҳимоячи ёшлар ҳаракатининг хабарлар гуруҳидаги сўзларини “зарарсиз ҳазиллар” деб таърифлади, бироқ судья гап “Холокостни инкор этиш ва қоралаш” ҳақида кетаётганини айтди.

Собиқ депутат ёшлар ҳаракати асосчиси эканига урғу қаратган судья у “ўзини жиноятчилардек тутиб, нафрат ва зўравонликни қўзғатишга ҳисса қўшганини” таъкидлади. Шунингдек, уни уни “нацизм ғояларига ошиқ бўлиш”да айблади.

Сиёсатчининг адвокати ҳукм устидан шикоят қилишларини маълум қилди: “Биз дарҳол апелляция берамиз. Бу ишнинг ягона яхши томони шундаки, судья тез орада нафақага чиқади”.

Нима бўлган эди?

2023 йил февралида Гент прокуратураси илгари Vlaams Belang ўта ўнг партияси рўйхати бўйича сайланган федерал парламентнинг мустақил аъзоси бўлган Ван Лангенхове судга тортилишини эълон қилди.

Ван Лангенхове 2018 йилда ўзи асос солган Schild & Vrienden ёшлар ҳаракати учун гуруҳ хабарида ирқчилик ва антисемитистик фикрлар билдирганликда айбланган.

2018 йилда Бельгиянинг VRT жамоат телерадиокомпанияси гуруҳ аъзолари концлагерларда свастикалар ва яҳудийларни масхара қилувчи видео ва фотосуратларни жойлаштиргани ҳақида хабар берган эди.

Прокурорлар собиқ депутат гуруҳ раҳбари экани, гуруҳ аъзоларига шундай мазмундаги хабарларини тарқатишлари мумкин бўлган муҳитни яратгани ва буни амалга оширишга тўсқинлик қилмаганини қайд этди.

Собиқ депутат 2018 йилда антисемитизм хабарлари пайдо бўлганидан бир йил ўтиб «гумонланувчи» сифатида ҳибсга олинган ва Иккинчи Жаҳон уруши мобайнида концлагер сифатида фойдаланилган Бельгиядаги Казерне-Доссен Холокост ёдгорлик марказига ташриф буюриш шарти билан озод қилинган.

У 2023 йил 4 февралда парламентдан истеъфога чиқди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.