28.06.2024 09:04
Бастрикин рус халқини ҳақорат қилди – спикер
Россия парламенти спикери Вячеслав Володин тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг сўзларини танқид қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Володиннинг айтишича, тергов қўмитаси раҳбари қуйи палатани "Госдума" ўрнига "Государственная дура" (Ҳокимиятдаги аҳмоқлар маъносида), деб бевосита “халқни ҳақорат қилган”.
"Депутатлар Россия Федерацияси фуқаролари томонидан сайланган, Бастрикин уларнинг шаънини ерга уриш орқали бевосита халқни ҳақорат қилди", - деган спикер.
Гап шундаки, 27 июнь куни Россия Федерацияси тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин миграция сиёсатини қатъийлаштириш зарурлигини айтиб, Давлат думаси депутатларини муҳожирларга қарши қонунларни кўриб чиқишни кечиктиришда айблади.
“Бу ерда депутатлар йўқми? Сиз депутатсиз, тўғрими? Илтимос, менга Давлат думасида нима бўлаётганини айтинг! Улар вазиятнинг кескинлигига мос янги қонунларни қачон қабул қилади? Бизнинг "Государственная дура" қачон яхши қонунлар қабул қилиши мумкинлиги ҳақида билишни истардим", – деган у.
Унинг қўшимча қилишича, мамлакатда Россия фуқаролигини олган ва ҳарбийлар рўйхатидан ўтишни истамаган 30 мингдан ортиқ муҳожир “аниқланган”. Улардан 10 минг нафари аллақачон Украинадаги урушга жўнатилган.