29.12.2023 22:35

АҚШнинг иккинчи штати Трампни президентлик сайловида қатнашишини тақиқлади

Мэн Колорадодан кейин 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган сайловларда собиқ президент Доналд Трампнинг исмини сайлов бюллетенига киритишни тақиқлаган иккинчи штатга айланди.

Мэн штати давлат котиби Шенна Беллоуз ҳам ушбу қарорни 14-тузатиш билан боғлади. Унга кўра, “Федерал ёки штат мансабдор шахси давлатга қарши қўзғолон ёки исёнда қатнашмаслиги ёхуд давлат душманларига ёрдам ёки тасалли бермаслиги керак".

“Тушунаман, ҳеч қайси [штат] давлат котиби ҳеч қачон 14-тузатишнинг учинчи бандига асосланиб президентликка номзодни номи бюллетенга киритилишидан маҳрум қилмаган. Бироқ мен англаб турибманки, ҳеч қайси президентликка номзод авваллари ҳеч қачон исёнда қатнашмаган”,  деб ёзди у.

Шунингдек, у Трампни “2021 йил 6 январь воқеаларигача бир неча ой давомида ўз тарафдорларини қўзғатиш ва уларни Капитолийга йўллаш учун сайловлардаги фирибгарликлар тўғрисида уйдирмалар тўқиганликда” айблади.

Американинг собиқ етакчиси сайловолди ташвиқоти матбуот котиби Стивен Чонг, ўз навбатида, Беллоузни “Байденни қўллаб-қувватловчи ҳаддан ташқари нохолис демократ” деб атади ва у сайлов жараёнига аралашаётганини айтди. У қарор устидан Мэн судига шикоят қилишга ваъда берди.

Аввалроқ, 20 декабрь куни Колорадо Олий суди Конституциянинг 14-моддасига асосланиб, Трампни АҚШ президентлигига номзодлар рўйхатидан чиқариб ташлашга қарор қилган эди. Бу АҚШ сайловлари тарихида биринчи марта мамлакатнинг юқори етакчилик лавозимига даъвогар ушбу бандга мувофиқ кампаниядан четлаштирилиши бўлди. Суд қарори 2024 йил 4 январгача кучга кирмайди, бу  эса судга Трамп томонидан берилган апелляцияни кўриб чиқиш имконини беради.

Маълумот учун, 1946 йилда туғилган (77 ёш) Доналд Трамп АҚШнинг 45-президенти бўлиб, 2017-2021 йилларда мамлакатни бошқарган, Республика партиясидан. 1988 йилдан буён президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этиб келади.

Трамп Оқ уйга киришдан олдин бошқа ҳукумат ёки ҳарбий лавозимни эгалламаган АҚШнинг биринчи президентидир. Бундан ташқари, Доналд Трамп президентлик лавозимини эгаллаган энг бой одам ҳисобланади. Шунингдек, у тарихда ютқазган номзодга қараганда камроқ халқ овози билан сайланган бешинчи президент бўлди.

2019 йил декабрида Трамп АҚШ тарихида ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва адолатга тўсқинлик қилиш айбловлари билан импичмент эълон қилинган учинчи президент ва икки марта импичмент эълон қилинган биринчи президент бўлди. 2020 йил 5 февралда Трамп Сенат томонидан иккала айбловдан ҳам оқланди.

2020 йилги президентлик сайловларида Трамп Республикачилардан номзодини илгари сурди, аммо сайловда демократ Жозеф Байденга ютқазди. Трамп бир неча бор сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва ўзини ғолиб деб эълон қилди. Унинг сайлов кампанияси ва тарафдорлари натижаларга қарши кўплаб уринишларни давом эттирди.

Жумладан, 2021 йил 6 январида Вашингтонда Трампни қўллаб-қувватловчи йирик митинг бўлиб ўтди. Унда ўша вақтда ҳали АҚШнинг амалдаги президенти бўлиб турган Трамп: “Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, мағлубиятни тан олмаймиз”, - деди. Шундан сўнг унинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кириб, бир муддат уни талон-торож қилди. Ҳодиса бир неча кишининг ўлимига сабабчи бўлди. 2021 йил 7 январдагина Трамп мағлубиятини тан олди.

2023 йилда Трампга қарши 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини ноқонуний равишда бекор қилишга урингани учун жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.