26.12.2023 10:38

АҚШнинг Арктика ҳисобига денгиз ҳудудларини кенгайтирди

Янги авлод технологиялари орқали бой денгиз туби ресурсларига бўлган ҳуқуқларни таъминлаш мақсадида АҚШ ўзининг континентал шелфини Калифорниядан икки баравар каттароқ ҳудудга кенгайтирмоқчи. Давлат департаменти ўтган ҳафта тахминан 1 млн кв км майдонни қамраб олган континентал шелфнинг кенгайтирилган чегараларини аниқлаш учун янги географик координаталарни эълон қилди.

АҚШ халқаро ҳуқуқ, жумладан, БМТнинг 1982 йилдаги Денгиз ҳуқуқлари бўйича конвенция (ЮНКЛОС) талабларига мувофиқ соҳилдан 200 денгил мили (370 км) масофагача кенгаядиган континентал шелфи усти ва остидаги ресурслар, ҳаётий яшаш жойларини ҳимоя қилиш ва бошқаришга ҳақли эканини иддао қилди.

Қайд этилишича, мазкур кенгайиш Арктика, жумладан, Қутб доираси ҳамда Россиянинг Шарқий Сибирь ҳудудлари ва АҚШнинг Аляска штати ўртасидаги Беринг денгизини Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги даъволарига ўхшаш янги кескинлик ва можаро майдонига айлантириши мумкин.

Алясканинг собиқ вице-губернатори ва АҚШ Арктика тадқиқотлари комиссиясининг собиқ раиси Меад Тредвеллнинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давомида олиб борилган илмий тадқиқотлар, кўплаб муз парчалаш миссиялари ва денгиз тубининг батафсил харитаси АҚШ даъволарини асослашга ёрдам берди.

Тредвелл янги назорат остидаги ҳудуд кенглигини "иккита Калифорния"га қиёслаб, "Америка ҳозир кечагидан каттароқ", деди.

АҚШнинг қитъа шелфини кенгайтириш ҳақидаги эълони Россияни хавотирга солиб, икки давлат ўртасида ҳудудий низо юзага келиши эҳтимолини оширди. Москва бу борада расмий баёнот бермаган бўлса-да, ушбу ҳаракат мамлакатлар ўртасидаги ер баҳсига айланиб кетиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Россия парламентининг юқори палатаси – Россия Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар қўмитаси аъзоси Григорий Карасин Sputnik мухбирига АҚШ континентал шельфининг бир томонлама кенгайиши “қабул қилиб бўлмайдиган” эканлигини айтди.

Музлар эриши туфайли яқин келажакда юзага келадиган транспорт ва рақобат муҳитида эрта ўрин эгаллашга интилаётган Хитой ҳам минтақада зарур инфратузилмани қуришни режалаштирмоқда ва шунга мос равишда фаолиятини кенгайтирмоқда.

Арктикада кўпроқ роль ўйнашга интилаётган Хитой ўзини "Шимолий қутбга яқин давлат" деб атайди ва Шимолий қутбни барча мамлакатлар учун умумий яшаш жойи деб ҳисоблайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.