08.02.2024 11:20

Америкалик шахс бир гуруҳ мусулмонларга пичоқ билан ҳужум қилди

Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларини Техаснинг Остин шаҳрида Фаластинни қўллаб‑қувватлаб ўтказилган намойишдан қайтаётган ёш америкалик мусулмонларга ҳужум қилган Берт Жеймс Бейкерга нисбатан нафрат билан боғлиқ жиноятларда айблов қўйишга чақирди.

IslamNews нашрининг Middle East Monitor сайтига таяниб хабар беришича, 4 февраль куни тўрт нафар америкалик мусулмон Фаластинни қўллаб-қувватловчи митингдан уйга қайтаётганда, Бейкер улардан фаластинликларнинг куфия бош кийими ва “Фаластинга озодлик” ёзуви туширилган байроқни тортиб олмоқчи бўлган.

Жабрланганларнинг сўзларига кўра, Бейкер одобсиз ҳақоратлар билан бақирган, сўнг машина йўловчиларига жисмоний ҳужум қилган. Ҳужум чоғида у пичоқни чиқариб, йигитлардан бирининг кўкрагига санчган ва қовурғасини синдирган. Пичоқ жароҳати билан касалхонага ётқизилган мусулмон йигитнинг ҳаётига ҳозирда ҳеч қандай хавф йўқ.

“Биз ушбу очиқ нафрат ҳаракатини кескин қоралаймиз. Ҳеч ким машинасида Фаластин рамзи туширилган буюмлар бўлгани учун нишонга олинмаслиги керак. Фаластинга қарши ирқчилик ва исломофобияга Техасда ҳам, мамлакатнинг ҳеч бир жойида ўрин йўқ”, деди Далласдаги CAIR директори Мустафа Керролл.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.