30.07.2025 17:25
103

Таҳлил: Суданда фитна оловини ким ёқди?

2021 йил октябридаги давлат тўнтаришидан кейин Судан генераллардан таркиб топган кенгаш бошқарувига ўтди. Бироқ икки йилдан бери уларнинг асосий иккитаси: тезкор ҳаракат кучлари (RSF) генерали Муҳаммад Ҳамдан Дагало ва мунтазам армия қўмондони ҳамда кенгаш раиси Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон ўртасида қонли уруш давом этмоқда. Минглаб мусулмонлар ўлдириляпти. БМТ маълумотларига кўра, 12 миллиондан ортиқ киши уй-жойини тарк этган. Ҳар икки томон – армия ва RSF уруш жиноятларини содир этишда айбланмоқда.

Етти ойдан бери қамал остида қолган Шимолий Дарфурда тахминан 825 минг боланинг ҳаёти хавф остида: минтақада озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон етишмовчилиги мисли кўрилмаган даражага етган. Биргина RSF аскарлари 10-13 июль кунлари Бара шаҳрида 300 нафаргача суданликни қирғин қилган, улар орасида ҳомиладор аёллар ва болалар ҳам бор. 24–25 июль кунлари эса Шимолий Дарфурда яна 25 киши ўлдирилган.

Emergency Lawyers ташкилотининг маълум қилишича, Шагалном қишлоғида тезкор ҳаракат кучлари томонидан 200 киши тириклайин ёқиб юборилган. Одам ўғирлаш ва жинсий зўравонлик ҳолатлари тўхтамаяпти.

Бу Судандаги фожиаларнинг бир қисми холос. Вазият биз ўйлаганимиздан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Ўз навбатида ўринли савол туғилади: мамлакат қандай қилиб бу аҳволга келиб қолди? Мусулмонлар диёрини оловлантираётган яширин кучлар борми?

Мусулмонлар онгини ўнлаб йиллардан бери эгаллаб келаётган ва уни хиралаштирган ҳодисалардан бири бу “фитна назарияси” бўлиб, унга кўра, мусулмон давлатларига қарши доимий фитналар уюштирадиган кучлар мавжуд, деб ҳисобланади. Бу тафаккурнинг хавфи шундаки, у ўзининг сусткашлигини ва муваффақиятсизликларини инкор этади. Машҳур уламо Муҳаммад ал-Муҳхтор аш-Шинқитий айтганидек, мусулмоннинг воқеликка ҳаддан зиёд ёки аксинча эътиборсиз ёндашиши, уни объектив ва мантиқий таҳлил қилиш салоҳиятидан маҳрум этади.

Биз 1955 йил Судан мустақиллигини эълон қилишига бир йил қолганидан бошлаб, ҳозирги кунгача чўзилган Судан урушларида “яширин кучлар”нинг аралашуви борлигини биламиз. Судан элитасининг ўта жиддий хатолари, уларнинг мафкуравий йўналишлари ва сиёсий тарафкашлигидан қатъи назар, бу аралашувларда Исроил бош омил сифатида қатнашиб, саҳна ортидан воқеаларни бошқармоқда.

Бу жиддий хатолардан бири – Судандаги урушларда Исроилнинг ўрнини етарлича англамаслик ва унга нисбатан самарали стратегиялар ишлаб чиқмаслик эди. Исроил жуда эрта Судан ижтимоий-сиёсий тузилмасини ўрганишга киришган. Бу ўрганиш асосида хавфсизлик манфаатлари ва қадимий афсонавий тасаввурлар билан йўғрилган стратегияни ишлаб чиққан. Ўша афсоналарга кўра, Мусо алайҳиссаломнинг қабрлари ҳабашларнинг Аксум черковида жойлашган. Қадимда Суданни идора қилган Эфиопия подшоҳлари яҳудий қонидан бўлган, яъни Сулаймон (алайҳиссалом) наслидан, яъни Бани Исроил қабилаларидан бири Жанубий Судан ва Кўллар минтақасида йўқолиб қолган.

Исроилнинг Судан сиёсатига тегишли “бош ғоя” Девид Бен-Гурионнинг машҳур баёнотидан олинган:

“Биз (Исроил) кичик бир халқмиз. Имкониятларимиз чекланган. Бу чекловларимизни Араб давлатларидаги душманларимиз билан урушда заиф нуқталарини аниқлаш ва чуқур ўрганиш орқали бартараф қилишимиз керак. Айниқса этник, мазҳабий гуруҳлар ва озчиликлар ўртасидаги зиддиятларни кучайтирар эканмиз, уларни ечилмайдиган муаммога айлантиришимиз зарур”.

Мазкур “бош ғоя” Исроилнинг араб мамлакатлари билан қандай муомала қилишини белгилаб беради. Унинг асосида яҳудий давлати “периферия стратегияси”ни – яъни араб мамлакатларининг чекка ҳудудларидаги беқарорликни кучайтириш стратегиясини ишлаб чиққан. Бу айнан Жанубий Судандаги бўлиниш орқали амалга оширилди.

Ушбу стратегиянинг мақсади – этник низоларни авж олдириш ёки чегаравий можароларни қўзғатиш орқали араб мамлакатларини ўз муаммолари билан банд қилишдир. Натижада бу давлат армиялари Исроилга қарши курашаётган давлатларни қўллаб-қувватлашга ярамай қолсин.

Бу режалар анча аввалдан тузилганини исботлаш учун Моссад раҳбари Меир Амитнинг 1959 йилдаги нутқини эслаймиз. У бўлажак ҳарбийларнинг битирув маросимида шундай деган:

“Миллатчилик таҳдини жиловлаш учун араб давлатларидаги ноараб гуруҳларнинг руҳиятини (ўзига бўлган ишончини) оширишимиз керак – айниқса Ироқ, Сурия, Ливан ва Судан каби давлатларда”.

Суданга тегишли бу “яширин қўллар” қандай вайронагарачиликларга сабаб бўлганини билиш учун қуйидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш лозим:

Ариэл Шароннинг 1983 йилда НАТО вазирлари йиғилишида тақдим этган “Кивуним” ҳужжатида:

“Судан араб ва ислом дунёсидаги энг пароканда мамлакатдир. У ерда тўрт хил аҳоли гуруҳи бўлиб, сунний мусулмон озчилиги кўпчилик араб бўлмаганларни, бутпараст ва насронийларни бошқаради”, дейилади. Хулоса ўрнида эса Ливия ва Суданни парчалашга урғу берилади.

2008 йилда Исроил ички хавфсизлик вазири Ави Дихтер эса: “Судан — Мисрнинг стратегик орқа чизиғи ҳисобланади. Урушда у Миср ҳаво кучлари ва қуриқлик армиясига машқ майдони бўлган, уларга бошпана берган. Уларни заифлаштириш, бошқарувни тортиб олиш ва кучли марказлашган давлатга айланишга йўл қўймаслик — бу Исроил миллий хавфсизлиги учун зарур эди”, деб айтган.

“Жанубий Судандаги Моссад миссияси” (агент Дэвид Бен-Узиел) ва Моше Фаражийнинг “Исроил ва Жанубий Судан озодлик ҳаракати” асарларида: Исроилнинг жанубий Судан исёнчиларига кўрсатган ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ёрдами – қурол етказиб бериш, мутахассислар юбориш, ўн минглаб аскарни тайёрлаш, кўприкларни портлатиш, шаҳарларни босиб олиш, инфратузилмаларни издан чиқариш каби ишлари батафсил ёритилади.

Фаражий қуйидагиларни Исроилнинг муваффақиятлари сифатида кўрсатади:

  • Араб мусулмон дунёсининг Судан ҳукуматига кўрсатаётган ёрдамини тўхтатгани.
  • Жанглеи канали қурилишини тўхтатиши. Бу лойиҳа Миср ва Суданни 5 млрд куб метр сув билан таъминлаши керак эди, лекин Исроил жанубликларни бу лойиҳа уларга хавф солишига ишонтирган.
  • Жанубликлар орасида миллий онгни уйғотиш ва уларни шимолдан ажралиш қарорига ундай олгани.
  • Ушбу ҳужжатлардан хулоса қилиш мумкинки, Исроил Суданни бошидан стратегик душман деб билган ва унга қарши ички можароларнинг давомийлигини таъминлашга қаратилган сиёсат юритган.

Ави Дихтер яна шундай дейди:

“Дарфур инқирозини айнан биз яратдик ва кучайтирдик, чунки Судан ўз салоҳиятини сафарбар этишга улгурмаслиги керак эди. Биз Жанубда бошлаган стратегиямизни ҳозир Ғарбда давом эттиряпмиз. Бу эса Судандаги давомий инқироз ва бўлинишга олиб келди. Натижада Судан бир неча қисмларга ажралиб кетди”.

Хулоса қиладиган бўлсак, Исроилнинг Судан бўйича стратегик сиёсати қуйидагича:

  • Мисрни жанубий қўшниси орқали заифлаштириш ва ҳар қандай ҳамкорликнинг олдини олиш.
  • Суданни ички можаролар билан банд қилиб, этник ва диний гуруҳлар ўртасидаги низоларни кучайтириш.
  • Судан ўзининг бой ресурсларидан фойдалана олмаслиги учун уни марказлашган кучли давлатга айланишга йўл қўймаслик.
  • Суданнинг чекка ҳудудларини заифлаштириш ёки “кесиб ташлаш” орқали уни бўлакларга бўлиш. Ави Дихтернинг ибораси билан айтганда "заиф ва пароканда Судан — кучли ва таъсирли Судандан афзал”.
Исроилнинг мақсади фақат урушларни қўзғатиш эмас эди — у халқаро ташкилотлар орқали Суданга нисбатан дипломатик босимни кучайтиришга ҳам ҳаракат қилди. Дарфур можароси авжига чиққан даврда яҳудий ташкилотлари бутун дунё бўйлаб 180 дан ортиқ ташкилотдан иборат коалиция тузиб, "Дарфурдаги геноцид” ғоясини илгари сурди. Бу ташаббуслар АҚШдаги Холокост музейи ва Save Darfur жамғармаси, ҳамда Яҳудий халқаро хизмат агентлиги ҳомийлигида олиб борилди. Натижада Судан масаласи Халқаро жиноий судгача етиб борди.

Бугунги кунда RSF томонидан бошланган урушда Исроил яна саҳна ортидаги энг фаол иштирокчилардан бири сифатида пайдо бўлди.

Бу уруш Судан Исроил билан муносабатларни нормаллаштиргач ва Ҳамдок бошчилигидаги ўтиш ҳукуматининг “Иброҳим келишувлари”га қўшилганидан сўнг бошланган. Исроил Хартум билан дипломатик алоқаларни кучайтирди, айниқса урушни чўзиш ниятини яшириш мақсадида томонлар ўртасида воситачи бўлишни ҳам таклиф қилди. Собиқ ташқи ишлар вазири Эли Коэн воситачилик ҳаракатларини тасдиқлаган бўлса-да, бу борада бошқа ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бу Исроилнинг аслида ҳар икки томонни заифлаштиришга интилаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, уруш бошланганидан сўнг Middle East Eye сайтида “Исроил Судандаги урушда қандай ғалаба қозонмоқчи?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда айтилишича, Исроил Ҳемедтининг Ливиядаги мусулмонларга қарши хизматларидан мамнун бўлган ва у Судан армияси ичидаги мусулмонларни йўқ қилишга ваъда берган.

Сўнгги вақтларда, ҳукумат армияси устунликка эриша бошлаганида, Исроил вакиллари Суданни Эрон билан алоқада айблади. Уни “Африкадаги ҲАМАС” деб атаган ва тўғридан-тўғри аралашишни талаб қила бошладилар. Судан раҳбарияти энди ташқи сиёсатни қайта кўриб чиқиб, бу хиёнат режаларини фош қилиш ва йўққа чиқариш учун стратегик иттифоқчилардан ёрдам сўраши зарур.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.