Таҳлил: Озарбайжон ва Россия ўртасидаги адоват қачон пайдо бўлди?
Россия ва Озарбайжоннинг замонавий давлатлараро муносабатларидаги кўплаб муаммолари СССР тарқалиши даврида бошланган.
Қорабоғ можаросининг дастлабки йилларида Озарбайжон жамияти Россияга нисбатан
анча мойил эди. Бироқ 1990 йилнинг январида Совет қўшинларининг Бокуга
киритилиши Озарбайжонда Россияга бўлган муносабатга салбий таъсир кўрсатди.
Айнан 1990 йил 20 январда Москва аслида Озарбайжонни йўқотди. Озарбайжонда
“Қора январь” номини олган ушбу воқеа озарбайжонликларнинг жамоатчилик онгида
Россияга қарши қарашларнинг бошланишига туртки бўлди. 1992 йил февралида Хўжайли шаҳрига қилинган
ҳужум икки томонлама муносабатларга яна бир зарба бўлди. Ўшанда Қорабоғда жойлашган
366-сонли Россия мотоўқчи полки арманлар томонида туриб, озарбайжонларни ўлдирди. Қисқа
вақт ичида (1988 йил февралидан 1992 йил февралигача) мамлакатлар ўртасидаги
муносабатлар совуқлашиб улгурди.
1992 йил баҳорида Озарбайжонда Россияга қарши кайфият фонида
Халқ фронти ҳокимиятга келди. Унинг етакчиси - Россияга қарши қарашлари билан
танилган Абулфаз Элчибей мамлакат президенти бўлди. Ҳокимият алмашинуви билан
Озарбайжон ҳам ташқи сиёсий йўналишини Ғарбга ўзгартирди. Россияни Қорабоғ можаросида
Арманистонни қўллаб-қувватлаганликда айблади ва МДҲга киришдан бош тортди.
Туркия ва Ғарб билан яқинлашиш курси олинди. Бу Москванинг салбий реакциясига сабаб бўлди. Россия Арманистон
қуролли кучлари томонидан Озарбайжон ҳудудларининг босиб олинишини қоралаганига
қарамай, у арманларни
қурол билан таъминлашда давом этди. Арманистоннинг ҳарбий ғалабаларидан Озарбайжонда Кремлга
мойилроқ ҳукуматнинг ҳокимиятга келишини таъминлаш учун фойдаланди. 1993 йилда
ҳокимиятга келган Ҳайдар Алиев Москвага ташриф буюрди. У ташрифини
“республиканинг аввалги раҳбарияти томонидан Россия билан ўзаро муносабатларда
йўл қўйилган хатоларни тузатиш” деб таърифлади. Ташриф давомида Алиев
Озарбайжоннинг МДҲга киришини ёқлаб чиқди ва Озарбайжон Миллий Мажлиси
республиканинг МДҲга қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Россия
Озарбайжон-Туркия ва Озарбайжон-Эрон чегараларини қўриқлаши тўғрисида ҳам
келишувга эришилди. Бироқ 1994 йил охирига келиб, Алиев Россия чегара
қўшинларини киритишга розилик бермади. МДҲ аъзоси бўлган Озарбайжон мамлакатда
сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳар томонлама тўсқинлик қилаётган
Қорабоғдаги урушни тўхтатишда Россия ёрдам беришига умид қилган эди. Афсуски, Москванинг қуролли
можарони тўхтатишдаги сусткашлиги, шунингдек, қарши тарафнинг мамлакат
ҳудудининг бир қисмини янгидан босиб олиши Озарбайжон раҳбариятининг яна Ғарб
билан яқинлашишга сабаб бўлди.
Россия-Озарбайжон муносабатларидаги доимий ғазаб манбаи
Москванинг Ереван билан ҳарбий ҳамкорлиги бўлиб келган ва шундай бўлиб
қолмоқда. Боку буни Арманистон фойдасига вазиятни беқарорлаштиришга уриниш сифатида
баҳолайди.
1999 йилда Демократия ва иқтисодий тараққиёт учун минтақавий
ташкилот - ГУАМ ташкил этилди, унга Озарбайжон ҳам кирди. ГУАМнинг ўзига хос
хусусияти шундаки, бу конструктив манфаатга эга давлатларнинг бирлашуви эмас, балки
Россия таъсиридан ва совет меросидан озод бўлишга интилаётган мамлакатларнинг
иттифоқи эди. Шу билан бирга, Озарбайжон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси
Ташкилотидан (КХШТ) чиқишга қарор қилди ва ўз позициясини МДҲ доирасидаги
ҳарбий блок Қорабоғ можароси даврида ўзининг самарасизлигини исботлагани билан
изоҳлади. Ўзаро айбловлар ва норозилик ноталари тўхтамаганлиги сабабли,
мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар боши берк кўчага кирди.
Қизиғи, бугунги
кунда ҳам 44 кунлик уруш даврида Арманистонни қўллаб-қувватламагани учун
Ереван КХШТ дан чиқишга тайёргарлик кўрмоқда.
Озарбайжоннинг Украина масаласида тутган позицияси ҳам
Москвани ғазалантирмоқда. 2014 йил 27 март куни БМТда 68/262-сонли резолюция
қабул қилинишида Озарбайжон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб
овоз берди ва Россия томонидан Қрим ва Севастополни аннексия қилинишини
ноқонуний деб атади.
2017 йилда Москва Россия қонунчилигига мувофиқ келмаслиги баҳонаси билан РФда
2001 йилдан бери фаолият юритиб келган, президентлар Владимир Путин ва Ҳайдар
Алиев томонидан биргаликда очилган Бутунроссия Озарбайжон конгрессини ёпди.
2020 йил 9 ноябрда Иккинчи Қорабоғ уруши пайтида Арманистон ҳудудида,
Озарбайжон билан чегарада Россиянинг Ми-24 вертолёти уриб туширилди, натижада
икки учувчи ҳалок бўлди, яна бири жароҳат олди. Озарбайжон Ташқи ишлар
вазирлиги вертолёт мамлакат ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини маълум
қилди ва ҳодиса учун узр сўради. 2020 йил 10 ноябрда Арманистон Бош вазири
Никол Пашинян, Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон Президенти Илҳом
Алиев ўртасида Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги баёнот имзоланди.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланишида
Озарбайжон Россия-Украина эҳтимолий музокараларида воситачи бўлишга тайёрлигини
билдирди. Москва билан алоқаларни сақлаб туриш зарурати туфайли Боку Россия
Федерациясини очиқ қораламади. Айни пайтда Озарбайжон Украинага мунтазам
равишда инсонпарварлик ёрдамини юборади. Россиянинг Украинага босқини
бошланганидан кўп ўтмай Россия ва Озарбайжон ўртасида медиа уруши бошланди.
Россия расмийлари Украинадаги урушни гўёки “нотўғри ёритгани” учун
Озарбайжоннинг янгиликлар сайтларига киришни ёпди, 2022 йил 6 март куни
Россиянинг Харьковга берган авиазарбаси натижасида Озарбайжоннинг фахрий
консуллиги биносига зарар етгани маълум бўлди. Озарбайжон парламенти
депутатлари Фазаил Агамали ва Жайхун Мамедов ҳужумни қораладилар; консуллик
Россиядан изоҳ талаб қилди. Ваҳоланки, 2022 йил 22 февралда томонлар дипломатик
муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Россия ва Озарбайжон
ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Москва декларациясини имзолаган
эдилар.
Абдували Сойибназаров, сиёсий таҳлилчи
2024 йил декабрь ойида Россия Озарбайжоннинг фуқаролик
самолётини уриб туширди, натижада 39 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти
Озарбайжон фуқаролари эди. Шундан
сўнг икки мамлакат расмийлари даражасидаги жанжаллар юзага келди, бу эса
муносабатларнинг совуқлашишига олиб келди. Илҳом Алиев ҳам Москвага Улуғ Ватан
урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш тадбирига ташрифини бекор қилди. 2025
йил июнь ойида Россия хавфсизлик кучлари этник озарбайжонларни ҳибсга олди,
улар 2001 йилдан 2011 йилгача содир этилган қотиллик ва суиқасдларда гумон
қилинган эди. Ҳибсга олиш чоғида икки нафар озарбайжонлик: Гусейн ва Зиёддин
Сафаровлар ҳалок бўлди, қолганлари оғир жароҳатлар олди. Озарбайжон Россиянинг
озарбайжонларга нисбатан ҳаракатларига норозилик билдирди, Озарбайжонда
россияликларнинг барча маданий тадбирлари, шунингдек, парламентлараро учрашув,
Россия Бош вазирининг ўринбосари ташрифи бекор қилинди.
Жанубий Кавказ — бу турли вақтларда кўплаб жаҳоннинг
қудратли давлатлари курашган ҳудуд, ва ҳозирги вақт ҳам бундан мустасно эмас.
Бу минтақада таъсир ўтказиш учун Россия, Эрон, Туркия ва Ғарб доимий равишда
курашиб келган. Табиийки, Россияни бу минтақадан, Арманистондан, Озарбайжондан
чиқариб ташлашни истайдиган кучлар ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда Россиянинг минтақаги таъсири заифлашишидан
манфаатдор бўлган бир неча давлат бор. Хусусан, Москванинг Жанубий Кавказдан
чиқариб юборилишини Қўшма Штатлар ва Британия ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўтмишдаги босқинчилик
ҳаракатлари, бугун Крмелнинг “катта оғалик”ка оид даъволари туфайли Озарбайжон
аллақачон Россиянинг душманлари сафида. Гап шундаки, Озарбайжоннинг мафкураси —
бу кичик, лекин буюк миллатни қуриш мафкурасидир, у доимо кенгайиб, бир вақтлар
бу давлатнинг тарихий асоси бўлган ҳудуддан бегона унсурларни чиқариб ташлашга
қаратилган. Вазиятга британияликлар, кўринишидан, Европа Иттифоқи ва Қўшма
Штатлар ҳам таъсир қилмоқда. Табиийки, бу ерда Озарбайжоннинг Исроил билан
катта ва яқин алоқаси ҳам муҳим рол ўйнайди.
Украина фронтида ўзгариш ясай
олмаётган Ғарб Озарбайжон орқали Россияга қарши иккинчи фронт очишни исташи ҳам турган гап.
Қисқаси, биз Россияга қарши кенг кўламли сиёсий демаршни кузатмоқдамиз, бу аллақачон
қуролли можаро келиб чиқиши учун етарли. Россия ҳозирги
вазиятидан келиб чиқиб ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Айнан шунинг учун Москва Бокуга қарши кескин жавоб қайтармаяпти. Бошқа томондан,
Москванинг ҳам тили қисиқ жойлари бор. Озарбайжоннинг нефть ва газ компанияси
РФнинг энергетик ресурсларини Европа бозорларига ўзиники сифатида сотиб
беряпти. Иккинчидан, Россия “Шимол-Жануб” транспорт йўлагини очиш устида иш
олиб бормоқдаки, Озарбайжон Россияга транзит вазифасини ўйнаши кутилмоқда.
Россияда озарбайжонликлар гуруҳининг қўлга олиниши
2025-йил 26-мартда Россия фуқароси — талиш жамоат арбоби Заҳириддин
Иброҳимийнинг сирли равишда ғойиб бўлишига жавоб реакцияси бўлиши мумкин.
Иброҳимий Свердловск вилоятида сирли равишда ғойиб бўлди ва кейинчалик
Озарбайжон қамоқхонасида пайдо бўлиб қолди. Бу Москва ва Россия махсус
хизматларига берилган қаттиқ тарсаки бўлди. Гумонлар дарҳол Озарбайжон махсус
хизматларига тушди, уларга айнан маҳаллий уюшган жиноий гуруҳ вакиллари ёрдам
берган бўлиши мумкин, деган
тахмин пайдо бўлди. Қўлга олинганлар 2021-йилда Уралда алкоголдан
оммавий заҳарланишга алоқадорликда айбланмоқда, ўшанда 40 га яқин одам ҳалок
спиртли ичимликлар истеъмолидан ҳалок бўлган эди.
Таҳлилчилар
Москва таъсирининг асосий воситаси — Озарбайжон иқтисодиётига жиддий
зарар етказиши мумкин бўлган савдо чекловлари бўлиши мумкин. Давлатлар
ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ҳисобга олсак, бундай чоралар Боку учун
жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас. Бунга жавобан Озарбайжон мамлакат
ҳудудида ишлаётган россиялик журналистларга босимни кучайтириши, шунингдек,
Украинага ҳарбий ёрдамни ошириши мумкин. Аммо бу янгилик эмас, Алиев бир неча йилдан бери
Украинага ёрдам бериб
келмоқда. Мамлакатдаги мухолиф ва хоржий ОАВга нисбатан Боку ҳокимиятининг
муросасиз эканлигини
бутун дунё яхши билади. Умуман олганда, Екатеринбург воқеаси ортида қандайдир
жуда яширин ҳисоб-китоблар бор — чунки чорак асрлик эски, очилмаган ишни
шунчаки энди ёдга олиш кимгадир керак бўлиб қолган. Бу ерда Россия-Озарбайжон
муносабатларига зарар етказиш учун сиёсий марказдан тўғридан-тўғри кўрсатма
йўқ. Аммо жиддий сиёсий қарама-қаршилик ортида қандай сабаблар ётганидан қатъий
назар, Екатеринбургда содир этилган Россия ҳуқуқ тартибот органлари ҳаракатини
оқлаб бўлмайди. Улар ҳаддан ташқари куч ишлатиш, муҳожирларни ҳақоратлаш ва
камситиш орқали Россия федерал қонунлари ва ҳалқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишди.
РФ полициясининг ноқонуний ҳурмача қилиқлари биринчи маротаба юз бераётгани
йўқ. Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирларига нисбатан
ҳуқубузарликлар такрор ва такрор содир этиляпти.