07.05.2025 04:26
215
Таҳлил: Ҳиндистон Покистонга ҳужум қилди. Ядровий уруш бошланадими?
2025 йил 6 май куни Ҳиндистон Покистон ва Ислом Республикаси томонидан бошқариладиган Кашмирдаги бир нечта нуқталарга ракета зарбаларини берди. Бу ядро қуролига эга икки қўшни давлат ўртасида давом этаётган кескинликнинг сезиларли даражада кучайишидан далолатдир.
Ҳиндистон томони "Синдур операцияси"ни бошлаганини маълум қилиб, Покистондаги тўққизта объектни нишонга олди. Нью-Деҳли гўёки бу ҳужум "террорчилик инфратузилмасига қарши мақсадли операция" эканлигини ва ҳаракатлар "чекланган"лигини билдирди.
Аввалига расмий Исломобод Ҳиндистонни камида уч киши, жумладан бир болани ўлдирганликда, масжид ва мадрасаларни вайрон қилганликда айблади. Бироз ўтиб мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари оқибатида саккиз киши ҳалок бўлгани, яна 35 киши яраланганини хабар қилди. Воқеалар шундай давом этса қурбонлар ва яраланганлар сони янада ошиши мумкин.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги эса зарбаларни "йўналтирилган, ўлчовли ва кескинлашмаган" деб таърифлаб, Покистоннинг ҳеч қандай ҳарбий объекти нишонга олинмаганини таъкидлади.
Покистон ҳарбийлари зарбаларни тинч аҳолига қилинган “қўрқоқларча ҳужум” деб атади ва “ўзи танлаган вақт ва жойда” жавоб беришга ваъда берди. Шу билан бирга Покистон Ҳиндистон ҳаво кучларининг иккита қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилди. Ғарб нашрлари эса Ҳиндистон армиясининг бештагача қирувчи самолётлари уриб туширилгани ва бир нечта ҳинд аскарлари асирга олингани ҳақида ёзмоқда.
Ҳарбий манбаларга кўра, Ҳиндистон Покистонга берилган зарбаларда Францияда ишлаб чиқарилган SCALP қанотли ракеталари ва Rafale қирувчи самолётларидан фойдаланган.
Шунингдек, олдинроқ Россия Ҳиндистонга 30 млн долларлик “Игла-С” кўчма зенит-ракета комплекслари юборгани айтилганди.
Улар аллақачон армия ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларига топширилган. Ҳозирда кўчма зенит-ракета тизимлари Покистон билан эҳтимолий можаро ҳудудларига жойлаштирилмоқда. Улардан самолётлар, зарба берувчи вертолётлар ва дронлардан ҳимояланиш учун фойдаланиш режалаштирилган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 7 майга ўтар кечаси чегарадаги тўқнашувлар фонида Кашмирда блэкаут юзага келган.
Ҳиндистон томонидан босиб олинган Кашмирнинг бир қанча ҳудудларида электр токи бутунлай узилган. Ҳукумат чегарадаги шиддатли жанглар фонида бу ҳудудларга электр таъминотини тўхтатган. Ушбу ҳудудларда интернет узилишлари ҳақида хабарлар ҳам бор.
Ўз навбатида халқаро ҳамжамият икки ядрови давлат ўртасида кескинлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ҳар икки давлатни вазминликни сақлашга ва вазият янада авж олишининг олдини олиш учун мулоқотга киришишга чақирди.
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Ҳиндистон агрессияси юзасидан ўз фикрини билдириб, "бу – уятли ҳолат" эканини ва "можаро имкон қадар тезроқ тўхтатилиши лозимлигини” айтиб ўтган.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам покистонлик мавқедоши Муҳаммад Исҳоқ Дар билан телефон орқали суҳбатлашиб, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги воқеалар ўзгаришини муҳокама қилган.
Шарқшунос таҳлилчиларга кўра, бу воқеа Ҳиндистон-Покистон муносабатларининг сезиларли даражада ёмонлашганини ва ҳар икки томоннинг тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатларга киришганини кўрсатади. Ҳиндистоннинг қўшни мамлакат ҳудудига ракета зарбаларини йўллаши ва Покистоннинг ҳинд қирувчиларини уриб тушириб, аскарларини асирга олиши кенгроқ можаро юзага келиши хавфини пайдо қилмоқда.
Вазият минтақада тинчлик ўрнатилиши мўрт эканлигини ва асосий муаммоларни, жумладан, узоқ вақтдан бери давом этаётган Кашмир можароси билан боғлиқ хавотирларни ҳал қилиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни янгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шундоқ ҳам сўнгги вақтларда Ҳиндистонда исломофобия кучайиб, мусулмонларга нисбатан тазйиқлар ортиб бораётган эди. Айниқса, радикал ҳиндуийларнинг ҳужумлари сабаб мамлакатда кўплаб мусулмонлар жабр чекмоқда. Моди бошчилигидаги ҳукумат эса радикалларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, мусулмонларга тегишли масжид-у мадрасаларгача бузиш ишларини давом эттирмоқда. Мазкур ҳолат эса мамлакатнинг ичида ҳам кўплаб норозиликларни келтириб чиқармоқда.
Эътиборлиси, Ҳиндистон – мусулмон аҳолиси кўплиги бўйича дунёдаги иккинчи энг катта давлат ҳисобланади. 2024 йил ҳолатига кўра, Ҳиндистонда тахминан 200 млн мусулмон бор, бу мамлакат умумий аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Бироқ Ҳиндистонда мусулмонлар кўплигига қарамай, сўнгги йилларда мусулмонларга қарши сиёсий ҳаракатлар билан бирга зўравонлик, дискриминация ва исломофобия кучайган.
Яқин тарихга назар ташласак, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Англия заифлашди ва Ҳиндистон яриморолини назорат қилолмай қолди. 1947 йилда Ҳиндистон ва Покистон ташкил топаётганда федератив демократик давлат сифатида ташкил топган.
Айни дамгача икки давлат ўртасидаги энг катта конфликт – Жамму ва Кашмир вилоятлари ҳисобланади. Бу вилоятлар аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар, лекин ҳокимият тепасидагилар ҳиндуийлардир. Шу билан бирга қўшниларнинг Жамму ва Кашмирдан ташқари ҳам бошқа конфликт нуқталари бор: чунки асрлар давомида ҳиндлар ва покистонликлар ўртасидаги қоришганлик даражаси юқори эмас. Шундай ҳолатда икки давлат ўртасидаги зиддият жуда ҳам кучли. Ўтган асрда ядровий тўқнашув АҚШ ва СССР ўртасида моделлаштирилган бўлса, ҳозирда ядровий тўқнашув бўлиши мумкин бўлган давлатлар Ҳиндистон ва Покистон деб кўрилмоқда.
Искандар
Искандар