Эрон Покистон ҳудудига ракета ҳужуми уюштирди
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Покистоннинг Эрон билан чегарадош Балужистон вилоятида жойлашган “Жайш ал-Адл” (“Адолат армияси”) террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва учувчисиз самолётлар ёрдамида ҳужум уюштирди, деб хабар берди Press TV.
Бу Эрон қуролли кучларининг Покистон ҳудудига уюштирган ракета зарбаси ҳисобланади.
Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятининг Раск туманида теракт содир этилган, натижада камида 12 нафар полициячи ҳалок бўлган, яна етти нафари яраланган эди. Ҳужум учун масъулиятни Эронда террорчи гуруҳ сифатида тан олинган сунний "Жайш ал-Адл" (“Адолат армияси”) гуруҳи ўз зиммасига олди.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг мамлакат ҳаво ҳудудини асоссиз равишда бузишини кескин қоралади ва ҳужумда 2 бола ҳалок бўлгани, 3 бола яраланганини маълум қилди.
Покистон ТИВ баёнотида таъкидланишича, мамлакат суверенитетининг бундай бузилиши ҳеч қандай шаклда қабул қилиниши мумкин эмас ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аввалроқ Эрон ҳарбийлари Ироқ Курдистони ва Суриядаги нишонларга 20 дан ортиқ баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган эдик.