01.08.2025 06:24
91
Фаластин баҳонасида катта ўйин: Европа Трампга қарши чиқяпти
Охирги кунларда Фаластин давлатини тан олишни қўллаб-қувватлаётган коалиция кучайиши кузатилмоқда. Экспертлар буни инсонпарварлик ҳаракати эмас, балки стратегик қасос сифатида баҳолашяпти. Франция, Испания, Ирландия, Норвегия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа давлатлар “адолат” учун эмас, балки АҚШ ва Исроилга қарши геосиёсий ўйин учун бирлашмоқда. Фаластинликларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги баёнотлар ортида аслида бир мақсад бор – Дональд Трампни сиёсий заифлаштириш ва унинг энг яқин иттифоқчиси Биньямин Нетаняхуга зарба бериш.
Париж, хусусан Макрон бу жараёнда фаол роль ўйнамоқда. Франция Трамп томонидан Европага жорий қилинган зарарли божлар ортидан иқтисодий майдонда ўз обрўсини тиклаш ва геосиёсий ташаббусни қайта қўлга олишга уринмоқда. Фаластинни тан олиш орқали Франция ва унинг иттифоқчилари Вашингтон розилигисиз ҳам ўз ўйинини бошлашга қодирлигини кўрсатмоқда. Яъни, БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ томонидан блокланаётган жараёнлар четлаб ўтилмоқда ва Фаластин давлатининг халқаро легитимлиги учун янги асос яратилмоқда.
Нетаняху учун эса бу – кучли сиёсий босим. Унинг “Иброҳим келишувлари” орқали араб давлатлари билан яқинлашиш ниятлари пучга чиқди. Агар Ғарб давлатлари Фаластинни тан ола бошласа, Брюссель ва Оттава қўлига янги босим воситалари – санкциялар ва халқаро тергов каби қуроллар тушади. Исроилнинг “ўзини ҳимоя қилаётгани” ҳақидаги риторикаси Европада тобора кўпроқ мувофиқсиз деб баҳоланмоқда, айниқса Ғазодаги воқеалар фонида.
Трамп учун бу – тўғридан-тўғри чақириқ. Нетаняхуга босим ошган сари, АҚШ ичида Исроилни қўллаб-қувватлаш нархи ҳам ортиб бормоқда. Демак, Трамп учун сиёсий майдон ҳам тораймоқда. Глобалистлар Фаластин масаласини тинчлик учун эмас, балки дунё миқёсидаги таъсир доирасини қайта бўлишиш қуроли сифатида ишлатмоқдалар. Европа узоқ йиллардан сўнг илк бор Трамп ўзини мутлақ ғолиб деб билган майдонга кирди ва ўзининг қарши ҳужумини бошлади.