24.01.2024 18:05

Россия Украинада ғалаба қозонса, нима бўлади?

Шу кунларда дунё матбуотида АҚШ ва Европа Иттифоқининг жами  100 миллиард доллардан зиёд янги ёрдамларни ажратишга шошилмаётгани ҳақидаги хабарлар фонида Украинанинг 2024 йил мобайнида Россиядан енгилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Ҳатто ҳозирданоқ президент Владимир Путиннинг навбатдаги ўлжаси ким бўлиши борасида тахминлар айтиляпти.

Аслида хулоса чиқаришга ҳали эрта. Аммо урушда Россиянинг қўли баланд келса, “оқ айиқ” тўхтамайди. Иштаҳаси очилади. Европа ва АҚШ бугун ўзи қўйган санкциялар тузоғига ўзи тушди. Россиянинг иқтисодиёти эса уруш туфайли кутилмаганда ўсиш йўлига ўтган, ҳатто дунёнинг бешинчи иқтисодиётига айланди. Айтиш керакки, Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги 12 триллион долларлик кўчмас мулкларга Атом электростанциялари, ГЭСлар, катта-кичик заводлар, корхоналарга ҳам эга чиқди. Ҳатто Украинани Қора денгиз ва Азовдан, Кечр бўғозидан айириб, деярли қуруқлик мамлакатига айлантириб қўйди. Эътибор беринг, Россия Федерацияси биринчи навбатда Украинанинг Азов денгизи ва Керч бўғози қирғоғидаги ҳудудларига бостириб кирди. Навбат Қора денгиз соҳилларидаги Одессага ҳам келиши мумкин. Бу вилоят босиб олинса, Молдованинг Днестрбўйидаги исёнкор республикасига қуруқлик орқали чиқа олади. Урушда Россиянинг енгилиши унинг парчаланишини англатади. Украинанинг мағлубияти эса Украинани парчалайди ва унинг ҳудудида Новороссия деган тузилманинг пайдо бўлиши Россиянинг супердержава мақоми тикланишига имкон беради. АҚШлик таниқли сиёсатшунос Збигнев Бжезинский ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” асарида ёзганидек: «Украинасиз Россия Евроосиё империяси бўлолмайди. Россия Украинасиз ҳам императорлик мақоми учун кураша олади, аммо у кейин асосан Осиёнинг император давлатига айланади ва катта эҳтимол билан ривожланаётган Марказий Осиё билан заифлашувчи можароларга аралашади. Агар бу амалга ошса, ўз кучини йўқотганидан афсусланган бўларди». Қолаверса, Евроосиё қитъасида ким ҳукмрон бўлса, ўша бутун дунёни бошқаради, деган ғоя бор. Яъни бу ерда АҚШнинг қандай рол ўйнаши, қайси шахмат доналари билан мулоқот юритиши ва минтақадаги душманларига қарши қандай сиёсат юритиши очиқ баён этилган. Збигнев Бжезинский Евроосиё қитъасини дунёдаги энг стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд сифатида тасвирлайди. Бу минтақа шу даражада кенгки, уни битта давлат назорат қила олмайди. Евроосиёнинг сарҳадлари улкан ва бу қитъада энг катта ҳудудга эга бўлган давлат – Россия. Американинг мақсади – Россияни парчалаш. Шунинг учун рус-украин можаросида Киевга катта пул тиккан. Аммо Украинани асл ҳолатига қайтариб олиш режаси барибир рус сиёсатчиларининг хаёлидан кетмайди.  Украинанинг мустақиллиги Россияни Қора денгиздаги устуворлик ҳолатидан ҳам маҳрум этарди. Шунинг учун буюк Рус давлатини қуриш орзусидаги Путин Украинага босқин бошлади.  Бжезинский «АҚШ Шимолий Европада Украина, Кавказда Озарбойжон, Марказий Осиёда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилиши керак. Чунки бу давлатлар Россиядан мустақил геосиёсат юритишга кўпроқ ҳаракат қилади», деган ғояни илгари суради. Бу ҳолат гўё Россияга сигнал бераётгандек тассурот уйғотади. Натижада Россия Озарбайжонни ўзига қаратиш ва Ғарб билан унинг муносабатларини кескинлаштириш мақсадида Қорабоғни Бокуга қайтаришда ёрдам қилди. Ёрдами эса урушда тескари қараб туриш ва Арманистонга замонавий қурол-яроғ бермаслик бўлди. Қорабоғдаги С–300 зенит ракеталарини ҳам ҳаракатсиз ҳолга келтирди. Ваҳоланки, айрим сиёсатдонлар Россиянинг Озарбойжон ва Арманистонни келиштиришга қаратилган сиёсати таназзулга юз тутди, деб ҳисобламоқда. Ҳозир Арманистон Россия билан эмас, Ғарб давлатлари билан яқинлашмоқда. Яъни Кавказда ҳам Россиянинг мавқеи пасайиб кетди. Энди Марказий Осиёдаги калит давлатларга бўлган эътибор борган сари кучайиб бораверади, деган қарашлар бор. Аслида Россия Шушада қўшин жойлаштирмадими? Озарбойжон ҳам рус қўшинларининг минтақада қолишига рози. Шушада Туркиянинг атиги 70 нафар қуролсиз ҳарбийси бор, холос. Россиянинг 2500 нафар аскари мавжуд, камига бутун Яқин Шарқ ва Форс кўрфазини назоратда ушлаш учун Шушага радиолокацион қурилмаларини олиб келяпти.

Ўзбекистон ҳам Россиядан узоқлашиб кетолмайди. Энг катта савдо ҳамкори ва энг катта инвестори Россия ҳисобланади. Боз устига, табиий газ етказиб беришни бошлаган Москва Тошкентни ҳар томонлама боғлаб олди. Қозоғистон эса Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади, табиий энергия захираларига бой ва минтақанинг Россияга чегарадош ягона давлати. Чегаралар узунлиги 75 минг квадрат километр. Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа машҳур сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири экани аён бўлади. Қолаверса, Россия томонидан ери, давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинган постсовет давлати ҳам Қозоғистондир. Расмий Остонанинг Украина, унинг айирмачи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитди. Аммо бу чиқишлар юзаки, деб ўйлайман. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев барча чиқишларида Россия Федерациясини ўзининг энг яқин иттифоқчиси, стратегик ҳамкори ва усиз дунё муаммолари ҳал бўлмайдиган давлат сифатида эътироф этмоқда. 2022 йилги тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойишлар манзарасида айнан Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бутун фаолияти давомида илк ва ҳозирча сўнгги бор ўзининг ҳарбий контингентидан фойдаланган, президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўрови билан у ерга тинчликни сақлаш кучларини юборган давлат бўлади.

Қозоғистон президенти Россиянинг ҳудудий даъволаридан қўрқмасликларини билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг айтишича, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара ўз вақтида делимитация ва салмоқли даражада демаркация қилинган, бу икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланган ва ратификация қилинган. “Шунинг учун бизда Россия томонидан ҳудудий даъволар бўйича ҳеч қандай хавотир йўқ”, дея баён этган эди Қозоғистон президенти. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг айтишича, Россия билан икки томонлама асосда, шунингдек, тегишли интеграция бирлашмалари доирасида мунтазам дўстона алоқаларини давом эттиришади.

Боя таъкидлаганимиздек, Евроосиё улкан ҳудуд ва уни бир актор бошқаролмайди. Шунинг учун Россия ва Хитой минтақадаги таъсирни ушлаб туриш, АҚШ ва Европа устунлигига йўл қўймаслик мақсадида келишувга эришди. Шу билан бир қаторда, ўзларининг қўшма баёнотларида Марказий Осиё “суверенитети ва миллий тараққиётини таъминлашда қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро мувофиқлаштиришни кучайтиришга тайёр” эканликларини таъкидлашган. “Рангли инқилоблар”ни импорт қилишга уринишлар ва минтақа ишларига ташқи аралашувни қабул қилмасликлари”га ҳам урғу беришган.

Тарихдан Марказий Осиё империяларнинг қизиқиш маркази бўлиб келган. Бу келажакда ҳам давом этади. Айниқса, ҳозир кучайиб бормоқда. Менимча, бу вазиятда Марказий Осиё давлатларига хавф билан бирга имконият ҳам шаклланмоқда. Яъни Марказий Осиё мамлакатларининг интеграцияси учун ҳам шароит вужудга келмоқда. Аммо ҳозирча бу имкониятдан улар фойдалана олишмайди. Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқчи саналса-да, зимдан рақобат бор. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида тез-тез жанжал бўлиб туради. Россия панжаси ҳали бақувват. Украина уруши руслар ғалабаси билан тугаса, дастлабки босқичда “оқ айиқ” Россия ва Беларус иттифоқига бошқа собиқ совет республикаларини мажбурлаб қўшиб олади. Кучга тўлгандан кейин уларни мухторият сифатида қўшиб олишга киришади. Бугун рус шовинист сиёсатчилари бераётган баёнотлардан шуни англаш мумкин.

Очиғини айтганда, Россиянинг Украинадаги ғалабаси бутун дунёда сезилади, чунки АҚШ ҳамкорлари ва иттифоқчилари Вашингтон мудофаа ваъдаларининг ишончли эканидан шубҳаланишни бошлаши мумкин. Болтиқбўйи давлатларида расмийлар Украинада Россия ҳарбий кучлари мағлубиятга учрамаслиги эҳтимоли туфайли жамоатчиликни навбатдаги урушга тайёр бўлишга чақирмоқда. АҚШ президенти Жо Байденнинг ишончли баёнотларига қарамай, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибига кирган давлатларни ҳимоя қилиш учун ўз қўшинларини ҳақиқатан ҳам хавф остига қўядими, деган саволлар ортиб бормоқда.  Бундан ташқари, Доналд Трамп келаси йилги президентлик сайловларида ғалаба қозониши ва йирик алянслардан, жумладан, НАТОдан чиқиш ҳамда Путин билан Украина бўйича келишувга эришиш ҳақидаги очиқ ваъдаларини бажариши мумкинлиги ҳали ҳисобга олинмаган. Россия ғалабаси Европа Иттифоқига йўл оладиган қочқинлар оқимини келтириб чиқаради, бу мамлакатларда ижтимоий хизматларга босим кучаяди ва Европа Иттифоқи аъзолари ўртасидаги зиддиятни кескинлаштиради. Россия қўшинлари Полша, Словакия, Венгрия ва Руминия чегараларига потенциал жиҳатдан анча яқинроқ келади, Қрим эса Кремлга Қора денгизда ҳукмрон мавқени тақдим этади, АҚШ ишончли тийиб турувчи куч яратиш учун ўзининг Европа кучларига катта сармоя киритиши керак бўлади.

Владимир Путин урушда муваффақият қозонса, навбат Болтиқбўйи давлатларига келиши мумкин. Литва, Латвия, Эстония НАТОнинг Россияга қўшни бўлган аъзоларидан. Россия президенти анъанавий уруш билан чекланмайди. Ғарбга қарши киберҳужумлар ёки дезинформацион кампанияларда кўпинча Москва айбланади.  НАТОнинг бошқа барча аъзолари, жумладан ядровий кучлар АҚШ, Буюк Британия ва Франция уларга ёрдам бериши мумкин. Аммо бунинг ҳеч қандай кафолати йўқ, охир-оқибат қандай жавоб қайтариш ҳар бир давлатнинг ўзига боғлиқ бўлиб қолади. Бу эса этник руслар кўп бўлган Латвия каби Россия билан чегарадош давлатларни асабийлаштириши табиий. Латвиянинг иккинчи шаҳри Даугавпилс Беларусдан 25, Россиядан 120 километр узоқликда жойлашган. У ерда яшовчи ҳар ўн кишидан саккизтаси оиласида рус тилида гаплашади. Аксарияти Латвиядаги рус тилига ихтисослашган мактабларда ўқиган. Улар анъанага кўра янгиликларни Россия телевидениеси, радиоси ёки янгиликлар сайтларидан олади. Латвия Владимир Путиннинг бу ерда этник русларни гўё “қутқариш” га уриниши мумкинлигидан хавотирда. Чунки бу нарса Россия қуролли гуруҳларининг 2014 йилда Россия чегараси яқинидаги Донбасс вилоятининг бир қисмини эгаллаб олиши учун баҳоналаридан бири бўлган. Латвия ҳукумати этник русларни рус пропагандасидан узиб қўйишга уриниб, Россия телеканалларини тақиқлади. Шунингдек, рус тилидаги таълимга чек қўйди. Совет давридан қолган обидалар бузиб ташланди. Аммо Латвияда жуда оғриқли нозик чизиқлар бор. Янги сиёсат этник русларнинг интеграциялашувини яхшилашга қаратилган, бироқ танқидчилар буни фуқароларни ҳукуматнинг ғарбпараст қарашларини қабул қилишга мажбурлашга уриниш, дейишади. Улар бу ҳолат кўплаб этник русларнинг бутунлай бегоналашишига олиб келади, ва ҳатто, Владимир Путинга хайрихоҳ қилиб қўяди, деб огоҳлантирмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳамма гап урушнинг якунида қолган. Мабодо Россия ғалаба қозонса, Украинани истило қилса, бу унинг кучига куч қўшади. Хоҳласа, Болтиқбўйига русларни ҳимоя қилиш баҳонасида киради. Ёки Кавказ ва Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга киришади. Ҳозир эса бу ишларни амалга оширгани инсоний ресурслар етишмаяпти.

Абдували Сойибназаров, сиёсий таҳлилчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.