Ҳошимжон услуби: Ўзим жавоб бераман!
– Ғўза
нобуд бўлса, мен жавоб бераман, агроном жавоб беради, – деб бақириб юбордим
тўсатдан. – Ширага қарши курашишнинг янги методи бўлади бу. Тушундингми?
Замондан орқада қолибсан, каллаварам…
Худойберди Тўхтабоев, “Сариқ
девни миниб”.
Ўзбекистон маданий жиҳатдан Ислом
дунёсининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбек миллатининг қарийб барча тарихий
ютуқлари Ислом дини билан боғлиқ. Исломсиз ўзбек ўзлигини йўқотади.
Исломнинг бугунги глобал миқёсда
жонланиши Ўзбекистонда ҳам сезилмоқда. Бир томондан хорижий кучлар, иккинчи
томондан ички сиёсий элита, ҳар бири ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Ислом
динининг ривожланиши, илмий тилда айтганда “диний фоннинг ортиши” қай даражада
мамлакат барқарорлигини таъминлаши ёки аксинча, сиёсий инқирозга етаклаши
эҳтимолини баҳолашга уринмоқда.
Жамият ҳаётида Ислом динининг
аҳамияти ортиб бораётгани келажакда сиёсий элитага бўлган ишонч ва унинг
барқарорлигига қандай таъсир қилади? Миллий давлатчиликни ривожлантиришда Ислом
динининг қайси жиҳатларини олиш кераг-у, қайси жиҳатларидан воз кечиш лозимлиги
сиёсатчиларни ўйлантирмоқда. Аслида, диннинг ярмини олиб, ярмини олмаслик
мумкин бўлмаса-да, улар мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, жараёнларга ақлий
ёндошмоқчи бўлишяпти.
Дунёвий давлатларда Ислом билан
қандай муносабат ўрнатиш керак, деган саволга жавоб топиш учун давлат
институтлари, нодавлат ташкилотлар, ҳатто мустақил тадқиқотчилар томонидан олиб
бориладиган ҳар қандай мафкуравий қарашлар ва сиёсий кучларнинг таъсиридан холи
бўлган илмий изланишларга эҳтиёж мавжуд.
Аммо баъзи идоралар, гувоҳи
бўлаётганимиздек, динга оид сиёсат юритишда илмий ёндашувларга асосланиб эмас,
балки “деҳқонча усул”дан фойдаланмоқда. Масалан, дунё сунъий
интеллект, рақамли технологиялар, гуманоид роботлар каби юқори технологияларни
яратган, гибрид технологик урушлар авж олган ва кундан-кун кибер таҳдидлар
кучайиб бораётган бир пайтда, мамлакатимизда диний фонни камайтириш учун
фуқароларнинг номуси ва ҳиссиётлари инобатга олинмаяпти. Диндорлар ички ишлар
органларига олиб борилиб, эринмасдан соқоли қиртишланиши, сўнг уларнинг аввалги
ва кейинги суратлари аллақандай корчалонларга фотоҳисобот кўринишида тақдим
этилиши, худди “Сариқ девни миниб” асаридаги Ҳошимжоннинг ғўзага тушган ширага
қарши курашига ўхшайди. Ҳошимжон ҳам ўшанда янгича методидан ғурурланиб, “мен
жавоб бераман”, деган эди. Эҳтимол, ушбу усул ҳам шу тарзда оқланаётгандир.
Хўш, қаҳрамонларимизнинг
сайъ-ҳаракатлари минтақада диндорлар ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг
барқарорлигига хизмат қиляптими ёки йўқми, буни таҳлил қилайлик. Аниқроғи,
Ҳошимжон каби дипломли, қўштирноқ ичидаги мутахассисларнинг янгича методлари
давлат ҳавфсизлигини таъминлашга қаратилганми ёки давлатга нисбатан
фуқароларнинг норозиликларини оширишгами? Умуман олганда инсон ҳуқуқларини
ҳисобга олмаслик сиёсий инқирозни келтириб чиқармайдими? Албатта бу
саволларнинг жавоби, кабинетларда, “мен жавоб бераман” дейиш билан эмас, балки
кенг миқёсда фуқароларни эшитиш, уларнинг хоҳиш-истаклари, қалбидаги ҳиссий
кечинмаларни ўрганиш, аниқроғи илмий асосланган ижтимоий тадқиқотни олиб бориш
билан эришилади.
Мисол учун, дунёвий коррупция,
иқтисодий ва газ-свет каби энергетик муаммолар Ўзбекистонда диний фоннинг
ортишига туртки бўлган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, давлат ташкилотларидаги
кенг кўламли коррупция, мамлакатдаги иқтисодий ночорлик фуқароларда ижтимоий
норозилик кайфиятини уйғотиб, қонунчилик, суд ва ижро органларидаги
адолатсизликлар эса диний ва охиратдаги адолатга бўлган умидни янада
кучайтирган. Бу эса ҳар қандай радикал ғояларнинг тарқалиши учун қулай
шароитдир. Халқаро экспертлар мамлакатдаги иқтисодий турғунлик, кенг кўламли
коррупция ва ҳукуматнинг диндорларга нисбатан муросасиз ва кучли босимлари
мамлакатда инсонларнинг радикаллашувига ундашини таъкидлашяпти. Бу омиллар
бирлашиб, фуқароларда давлатга нисбатан ишончсизликни кучайтиради, бузғунчи
ғояга эга гуруҳлар учун эса сафларини кенгайтириш имконини беради.
Куни кеча АҚШнинг собиқ
президенти Дональд Трампга нисбатан уюштирилган муваффақиятсиз суиқасд ортидан,
АҚШ Махфий хизмати директори Кимберли Читл истеъфога чиқди.
“Махфий хизматнинг вазифаси
мамлакатимизнинг йўлбошчилари ва молиявий инфратузилмасини ҳимоя қилишдан
иборат. 13 июль (суиқасд) куни биз бу вазифани уддалай олмадик. Ташкилот
директори сифатида, бутун ёмон ҳавфсизлик учун масъулиятни ўз бўйнимга оламан”,
– дея изоҳлади Читл ўз истеъфосини.
Дарҳақиқат, мамлакатнинг
ҳавфсизлиги биринчи ўринда унинг раҳбариятини, шунингдек, мамлакатнинг
иқтисодий, ҳарбий, технологик соҳаларини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бунинг
учун энг илғор ечимларни таклиф қилиш ва уни амалга ошириш ҳисобланади.
Бироқ, бирорта замонавий
тадқиқотлар, Ҳошимжон услубидан ташқари албатта, мамлакат хавфсизлиги
фуқароларнинг соқолини олдириш орқали кафолатланишини тасдиқламаган, ҳозирча.
Аксинча, бундай хатти-ҳаракатлар мамлакатимиз фуқароларини давлат органларига қарши қайраб, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ва коррупцион ҳолатлар билан бирга ёшларнинг радикал ғояларга берилиб кетиши, юртимизда ички вазиятнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Айни пайтда бу борада алоҳида тадқиқотлар ўтказилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши жоиз.