Исроил-Эрон уруши муқаррарми?
Сўнгги кунлардаги воқеалар, айниқса, Исроилнинг Ғазодаги хунрезликлари ва Ливан чегарасидаги чекланган ҳужумлари қуюшқондан чиқиб, Эрон билан ўзаро исмсиз ўйин қоидаларини жиддий равишда бузди.
Ҳамас томонидан 7
октябрь куни уюштирилган Ақсо тўфонидан кейин минтақадаги кескинлик сезиларли
даражада ошди. Ҳозиргача энг ёмон сценарий амалга ошмаган ва одатий уруш
бошланмаган бўлса-да, Исроил, айниқса, охирги бир ой ичида Эрон ва Ҳамасга
қарши ҳужумларини янги босқичга кўтарган кўринади. Атиги 8 кун ичида Эроннинг
Суриядаги энг юқори мартабали ҳарбий амалдорларидан бири ва айни пайтда
дипломатик мақоми ҳам бўлган генерал Розий Мусавий Дамашқдаги уйида ҳаво ҳужуми
натижасида ҳалок бўлди. Яна Байрутнинг Ҳизбуллоҳ таъсири кучли бўлган
туманларидан бири – Даҳиеда Ҳамаснинг юқори мартабали вакили Солиҳ ал-Арурий
ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилди. 2020 йилда Бағдод аэропортида ҳалок бўлган
Эроннинг машҳур генерали Қосим Сулаймонийнинг туғилиб ўсган Кирмон шаҳрида
ўтказилган хотира маросимида Қўшма Штатлар (АҚШ) томонидан амалга оширилгани
таъкидланган ҳужумда 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, юзлаб инсонлар
жароҳатланди.
Буларнинг барчаси
вазиятни жиддий кескинлаштиришга қаратилган сиёсатдан далолат беради. Америка
Қўшма Штатлари томонидан уюштирилган ва Бағдодда шиий Нужабаа ҳаракати раҳбари
Акрам ал-Каъбийнинг яқин кишиларидан Абу Тақва ас-Саъидий ва бошқа бир қанча
Ҳашд аш-Шаъбий қўмондонлари ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган ҳужумлар ҳам
АҚШнинг минтақада можаро бўлишини истамаса-да, керак бўлганида Эрон жабҳасига
ҳам таъсирча қадам ташлаши мумкинлигидан далолат беради. Охирги 10 кунлик
воқеалар, айниқса, Исроилнинг Ғазодаги хунрезликлари ва Ливан чегарасидаги
чекланган ҳужумлари қуюшқондан чиқиб, Эрон билан ўзаро исмсиз ўйин қоидаларини
жиддий равишда бузган.
Кирмондаги
ҳужумнинг рамзий аҳамияти ва қурбонлар сонининг кўплиги, ҳатто уни ИШИД каби
ёлланма террор ташкилоти зиммасига олган бўлса ҳам, орқа планда Исроилнининг
жиддий равишда Эронни тўқнашувга тортишни хоҳлаётганини очиқ кўрсатмоқда.
Иброҳим Раисийнинг узоқ вақтдан бери режалаштираётган Туркия сафарини
ҳодисанинг оғирлиги сабабли кейинга қолдириши, мамлакат ичида турли
вариантларнинг муҳокама қилинаётганини ва Раисийнинг бу нозик кунларда
мамлакатни тарк этишни истамаслигини кўрсатмоқда.
Тел-Авивдаги
ўзгариш тактикми ёки стратегикми?
Гарчи 7 октабрь
ҳужуми бурилиш нуқтаси бўлгани ҳақида умумий фикр мавжуд эса-да, ҳар бир
бурилиш нуқтаси каби у ҳам узоқ муддатли жараёнлар таъсиридан холи эмас.
Дарҳақиқат, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият Эрон инқилобининг биринчи
кунларидан бошланган. Вақт ўтиши билан Исроил аввало шимолий чегараларида
Ҳизбуллоҳнинг кучайишига тоқат қилишга мажбур бўлди, Араб баҳоридан кейин эса Сурия ва Ироқ Теҳрон
назоратига ўтди. Дастлаб, Исроил босқинлар ва ички урушлар туфайли заифлашган
шиа наслдан тўғридан-тўғри таҳдидни сезмади, аксинча, бундай шаклланишни ислом
дунёсининг асосий оқими акторларига нисбатан камроқ хавф туғдиради, деб билди.
Шунга қарамай, хусийларнинг Яманда ҳокимиятни эгаллаб олиши Исроилга жиддий
зарба берган яна бир воқеа бўлди, буни Қизил денгиздаги ҳужумлар ва кемаларни
эгаллаб олиш ҳам тасдиқлайди. 7 октябрь хуружларининг стратегик аҳамияти ва
Эроннинг сўнгги 20 йил ичида эришган минтақавий ютуқлари Ҳамас орқали Исроилга
қанчалик таъсир қилганини ҳисобга олган ҳолда, Исроил стратегиясини тубдан
ўзгартириши, ядро қуролига узил-кесил эга бўлиш арафасида турган Теҳронни
тўхтатиш учун ўзининг “11-сентябр”идан баҳона сифатида фойдаланиши, шу мақсадда
провокацион қадамлар қўйиши мумкин.
Бундай сценарий
сиёсий ҳаёти можароларга боғлиқ бўлган Бенямин Нетаняху учун ҳам нажот қалъаси
бўлиши мумкин.
Нетаняху-Байден
дилеммаси
Исроил 7
октабрдан кейинги кунларда Фаластинга қарши ҳужумларида ва халқаро дипломатияда
АҚШнинг тўлиқ қўллаб-қувватловига эга бўлди, аммо урушни олдинга силжишида Жо
Байден маъмуриятидан айни дастакни ололмади. Қўшма Штатлар нафақат Исроилнинг
шиа ташкилотлари, хусусан, Ҳизбуллоҳнинг ҳужумларига номутаносиб жавоб беришдан
тўсқинлик қилди, балки Қизил денгиздан Эрбилгача бўлган улкан ҳудуд бўйлаб
ўзига қилинган кўплаб ҳужумларга ўлчовли ҳарбий тактика ва сиёсий ишоралар
билан жавоб беришни танлади. Дарҳақиқат, Эрон матбуотида тарқалган АҚШнинг
Теҳронга Фаластин ва Ҳамас билан боғлиқ мессеж юборгани ҳақидаги иддаоси, барча
воқеаларга қарамай, глобал иттифоқ ва прокси алоқаларини ҳисобга олган ҳолда
АҚШ Эронни минтақавий тенгламадан четлатишни истамаслигини тасдиқлайди. Худди
шундай, Халқаро Атом Агентлигининг ядровий фаолияти билан боғлиқ
огоҳлантиришларига қарамай, Байден маъмурияти ҳамон жиддий қарши чоралар
кўрмади, аксинча, Эроннинг музлатилган активлари масаласини кўтариб, ундан ўз
манфаати йўлида фойдаланмоқчи эканни кўрсатмоқда.
Теҳроннинг қарори
Эронда ҳукмрон
бўлган тушунчага кўра, мамлакат инқилобдан сўнг қабул қилган Исроил ва АҚШга
қарши сиёсати учун катта бадал тўлаган бўлса-да, минтақадаги таъсирини
замонавий дунёда мисли кўрилмаган даражада оширди. Оғир санкциялар боис юзага
келган юқори молиявий бадаллар ёки собиқ президент Муҳаммад Али Ражоийдан
тортиб генерал Қосим Сулаймонийгача бўлган кўплаб юқори мартабали
амалдорларнинг суиқасд ёхуд террорчилик ҳаракатлари қурбони бўлгани узоқ
вақтдан бери мавжуд бу ҳақиқатни ўзгартирмайди. Шундай қилиб, Теҳрон 2020
йилдаги даҳшатли қотилликка пухта ҳисоблаб чиқилган ракета зарбаси билан жавоб
берган бўлса-да, кейинчалик, айниқса, Сурия ва Ироқдан Ямангача бўлган
ҳудудлардаги юқори мартабали дипломатлар ва қўмондонларининг ўлимига кескин
муносабат билдиришдан ўзини тийди. Шунга қарамай, охирги ҳафтада Исроил
томонидан амалга оширилган ҳужумлар Исроилнинг том маънода "барча тугмачаларни
бирданига босганини" кўрсатмоқда. Исроилнинг бу ҳаракатлари пухта ўйланган
қадамларми ёки Бош вазир Нетаняхунинг жон ҳалпида қўллаган усулларими,
номаълум. Бироқ, юқорида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни ҳисобга олган ҳолда,
Теҳрон маъмуриятининг Тел-Авив позициясига муносабати ҳали ҳам ўта пассив ва
юмшоқ деб ҳисобланиши керак.
Танганинг иккинчи
томони Эрон учун вазиятдан чиқиш қийинроқ эканини кўрсатади. Теҳрон мамлакат
ичидаги АҚШ санкциялари чуқурлаштирган жиддий сиёсий ва иқтисодий инқирозлар
билан овора, шунингдек, одатда илгари суриладиган “ҳеч бўлмаганда минтақадаги
бошқа давлатларга ўхшамаймиз-ку, хавфсизлигимиз анча мустаҳкам!” деган
риторикага путур етказувчи ҳаракатлар қаршисидаги пассивликка танқид тобора
кўпроқ ва баландроқ янграмоқда.
Иброҳим Раисий
ҳукумати билан маъмурият аслида ўзининг стратегик ички сиёсий захираларини
тугатмоқда ва ўзи ҳар хил муаммоларда айбдор сифатида кўрсатадиган мўътадил
ислоҳотчи гуруҳларни сиёсий саҳнадан четлаштириши унинг ички манёвр имкониятини
янада торайтирмоқда.
Агар Эрон
Исроилнинг қуюшқондан анча тошиб кетган ҳужумлари қаршисида сукут сақлашда
давом этса, бу масала танлов эмас, балки зарурат эканлиги кўпроқ тилга олинади
ва у Исроилга далда берувчи таъсир кўрсатади. Бошқа томондан, хусийларнинг
сўнгги кескин баёнотлари Эроннинг эҳтиёткор ёндашуви ҳатто яқин иттифоқчилари
томонидан ҳам шубҳа остига олина бошлаганини кўрсатади. Инқилобдан чарчаган
Эронда 44 йиллик ўткир шиорлар, агар ҳозир бўлмаса, қачон амалга ошиши масаласи
унчалик муҳим бўлмаса-да, бу масала ғоявий жиҳатдан фаолроқ ҳаракат қилаётган минтақавий
иттифоқчилар томонидан тез-тез тилга олинади. Хулоса қилиб айтганда, мураккаб
танлов қаршисида қолган Теҳроннинг Нетаняхунинг сўнгги ҳужумларига берадиган
жавоби минтақа келажагида ҳал қилувчи бўлади. Агар Эрон бу узоқ перспективадаги
картинанинг ўз манфаатларига мос келишига ишонишда давом этса, ҳужумлар қаршисида
вазмин позицияда туришда давом эттиради ва қасос олиш риторикасини номаълум
келажакка қолдиради. Чунки охир-оқибат, Эроннинг қарор қабул қилувчилари Исроил
билан кенг қамровли можаро жуда қисқа вақт ичида икки томонлама анъанавий уруш
доирасидан чиқиб кетишини англаб етади.