21.05.2024 16:30

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Ёлғон гапириш, ҳайвонларни қийнаб, уларга азоб бериш, бегуноҳ одамларни ўлдириш ёки уларга зарар етказиш ёмон амаллар сирасидан. Меҳрибон ва хайрихоҳ, мамнун, мард, сабрли, адолатли ва доно бўлиш эса яхши амаллардан. Мазкур тамойиллар ахлоқ ёки этика деб аталади ҳамда Қуръон ва пайғамбарлик таълимотларида хулуқ (бирликда) ёки ахлоқ (кўпликда) деб юритилади.

Барча маданиятлар яхши фазилатлар ва амалларни қандайдир бир элементар шаклда тан олади. Бироқ реал ҳаётда ҳам, фалсафий фикрлашда ҳам одамлар нима яхши эканлиги тўғрисида ўзаро зиддиятга борадилар. Баъзилар раҳм-шафқатни адолатдан устун қўйишса, баъзилар эса барчага, ҳатто кучлиларга нисбатан ҳам кечиримлилик ва тинчликсеварликдан ваъз қилишади. Бошқалар бўлса тўлиқ эркинликни назарда тутса ҳамки, тенглик учун курашади ё бўлмаса акси. Яна бошқа тоифа ҳаётдан кўра танловни афзал билади. Баъзилар ўлчовли бахтни максимал даражада ошириш тамойили билан яшаса, баъзилар эса бу мавҳум дунёда лаҳзанинг ўзидагина қониқиб яшашга ишонишади. Умуминсоний ахлоқий туртки бизни ахлоқий императивларнинг (буйруқларнинг) мустаҳкам биноси билан таъминлаш ўрнига, туганмас хилма-хиллик ва келишмовчиликлар келтириб чиқаради. Вазиятни янада мураккаблаштирган ҳолда, дунё мунозара учун музей ёки семинар хонаси эмас, балки яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги жанг майдонига айланади – ёвузлик ғолиблари ҳар доим очкўзлик, мағрурлик ва ўз-ўзига топиниш орқали бошқаларни ўзгартиришга, уларнинг устидан ҳокимлик ўрнатишга ва алдашга интиладилар, шу тариқа ёмонликни яхшилик, яхшиликни ёмонлик деб номлаш орқали нафсимизни, идрокимизни ва ҳатто тилимизни бузадилар. Шундай қилиб, яхши бўлиш учун биздан нафақат интеллектуал (ақлий) танлов қилиш, балки ҳақиқат ва эзгуликка содиқлик ҳамда курашиш талаб қилинади.

Замонавий муаммолар: фикрий ва иқтисодий империализм ва иқлим ўзгариши

Динсиз ҳам ахлоқли бўла оламизми? Секуляр дунёда ушбу савол жуда кўп берилади. Сўровлар шуни кўрсатадики, мазкур саволнинг жавоби унинг кимдан сўралишига боғлиқ: инсониятнинг камбағал ва диндор бўлган аксарият қисми учун жавоб – йўқ; бойлар, дунёвийлашган озчиликлар ёки тажовузкор секуляр режимлар томонидан мияси ювилганлар учун эса жавоб одатда – ҳа.

Одамларнинг ахлоқий услублари ҳам турлича. Глобал шимолнинг бадавлат одамлари корпоратив ахлоқ деб аташ мумкин бўлган нарса: инсон асос солган ташкилотларда ишлаш учун зарур бўлган шахслараро кўникмалар, масалан, ўз вақтида керакли жойда бўлиш, ҳақиқатни айтиш ва шаффофлик (бошқарув жамияти эҳтиёжларига мувофиқ) кабиларга яхши амал қилишади. Бу худди ота-она ва оила ришталарини ҳурмат қилиш, саховатлилик каби оилавий ва жамоавий фазилатлар намоён бўладиган анъанавий халқ феъл-атворига ўхшайди. Шунингдек, мустамлакачилик ва тугаб битган сиёсий ва иқтисодий тартиблар туфайли вайрон бўлган минтақаларда яшовчи одамлар ўзаро ишончнинг пастлиги, беадаблик ва омон қолиш зарурати туфайли ахлоқий хулқ-атворга шикаст етказадилар. Этика ҳақидаги бундай сўровлар муҳим ва тизимли ҳақиқатларни кўздан паналайди. Биринчидан, дунёнинг секуляр раҳбарлари эзгулик деб ҳисобланадиган нарсаларни ўзгартирдилар ва ўзгартиришда давом этмоқдалар. Омманинг идроки улар томонидан асосан ташвиқот орқали шакллантирилиб, ўзгартириб борилади.  Масалан, бундан атиги бир аср илгари ота-онага хизмат қилиш Европа ва Ислом оламидан то Хитой ва Ҳиндистонгача – бутун дунёда энг муҳим ахлоқий фазилатлардан бири саналган. Бугун секуляр, либерал жамиятлар бу фазилатдан, гарчи иллатга айлантирмаган бўлсалар ҳам, воз кечишган. Худди шундай, токи замонавий капитализм буни ҳам фазилат, шу билан бирга зарурат деб ҳисоблай бошлагунга қадар очкўзлик ҳамма вақт ёвузликнинг энг ёмон кўриниши ҳисобланган, судхўрлик ёки улуш олиш эса ҳазар қилинадиган жиноят сифатида барча тамаддунлар ва бутун тарих давомида қораланган эди.

Бу иқтисодий эксплуатация ва кучайиб бораётган тенгсизликдан ҳам чуқурроқ муаммога ишора қилади: бу бизнинг тўғрилик ва нотўғрилик тушунчамиз элита томонидан оммавий равишда назорат қилинишини англатади. Мен буни эпистемик (фикрий) империализм деб атайман, яъни маълум бир асосий глобал институтлар томонидан билим ишлаб чиқариш, маъно ва қадриятларни мустамлака этиш. 1980 йиллар – глобализм кучайганидан бери – бу институтлар энди шунчаки “Ғарб” эмас, балки бутун дунёда одамларнинг катта қисмига қарши бирлашиб, глобал жанубдаги ўта бой “глобал” элитани ҳам ўзига қамраб олди.

Ахлоқ ва мафкуралар ҳақидаги баҳсларнинг одатда охири кўринмайди. Муваффақиятли дунё ҳукмдорлари, замонавий, дунёвий, демократик ва бой глобал Шимолнинг хулқ-атворини баҳолашнинг илмий, эмпирик усули мавжудми? Шунчаки ким ҳақ эканини кўриш учун ўзгаришга фурсат тугайдиган вақт – охиратни кутишимиз керакми? Иймон бу синовнинг бир қисми, шу боис ҳам маълум маънода у орқали Аллоҳ раҳм-шафқат билан муайян огоҳлантиришлар юборади. Замонавий секуляр турмуш тарзидаги ахлоқий инқирознинг энг катта белгисини замонавий эмпирик фанларнинг ўзи таклиф қилиши бежиз эмас: иқлим ўзгариши. Келинг, бир мисолни кўриб чиқамиз. Ота-оналар қўллайдиган тарбиянинг кўплаб услублари мавжуд: анъанавий ва замонавий, авторитар, юмшоқ, қаттиққўл, меҳр беришга мойил ёки интизомга асосланган. Тасаввур қилинг-а, агар ота-оналар фарзандлари яшаши мумкин бўлган ягона уй-жойни, унинг ҳар бир ғиштидан мебелигача қасддан ва ҳечам ўйлаб ўтирмай очкўзлик билан сотиб, сарф қилиб юборсалар, уларнинг ёш болалари оч қолиб, кўчада тиланчилик қилишга мажбур бўлади ёки вафот этади. Барча томонлар бу чиндан ҳам ғалати тарбия усули эканини тан олишлари аниқ. Замонавий илм-фан бизга айтадики, дунёвий, капиталистик ҳаёт тарзи дунё учун айнан шундай ота-она бўлди. Чексиз ададдаги илмий мақолалар, китоблар ва ҳужжатли фильмлар яқинлашиб келаётган экологик ҳалокатдан хабар бермоқда. Тасвирни аниқроқ кўриш учун учта жиҳатни белгилаб олмоқ лозим:

•             XIX асрдаги саноат инқилобидан бери 200 йил ичида одамлар табиий жараёнлар орқали 200 миллион йил давомида ер юзида тўпланган деярли барча қазилма ёқилғиларни истеъмол қилдилар. Атмосфера углеродининг ҳамда ўрмонларнинг кесилиши ва турларнинг йўқ бўлиб кетиши кўрсаткичлари бу даврда беқарор “хоккей таёқчаси” шаклини олди.

•             консерватив ҳисоб-китобларга кўра, бутун аҳолининг қарийб 5 фоизи дунё ресурсларининг 35 фоизини истеъмол қилади. Бу шуни англатадики, агар биз барчамиз замонавий ғарбликлар сингари ҳаёт кечирсак, ер юзидаги одамларнинг 80%ига бошқа сайёра керак бўлиб қоларди. Шунинг ўзи ҳам секуляр замонавийлик бутун халқлар, минтақалар ва маданиятларни оммавий равишда йўқ қилиш йўли эканига ишора этади.

•             бунга асосий айбдор аҳолининг ўсиши эмас, балки турмуш тарзидир. Буни тушуниш учун 1890 йилдан бошлаб бир аср давомида дунё аҳолиси 4 баробарга, лекин сувдан фойдаланиш 9, жаҳон иқтисодиёти 14, энергия истеъмоли эса 16 баробарга  кўпайганига диққат қаратиш керак.

Буларнинг барчаси секуляр замонавийлик – XIX аср, айнан Ғарб аҳолиси замонавий қадриятларни қабул қила бошлаган вақтдан бошлаб – Ер сайёрасини ўлдирганини кўрсатади. Дунёнинг камбағал оммаси, жумладан, мусулмонларнинг аксарият қисмига модернизация ва дунёвийлаштириш учун босим ўтказилаётган бир паллада етакчи олимлар ва тадқиқотчилар, умумий айтганда, тарихга айланаётган анъанавий, жамоавий ва алтруистик ахлоқ инсониятнинг омон қолиши учун зарурлигини таъкидламоқдалар.

Буларнинг ҳаммаси шунчаки ернинг моддий тарзда йўқ бўлиб кетиши баёни эди: биз ҳали Худога бўлган ишончни йўқотиш, руҳий ва психологик инқирозлар, ҳаёт ва эзгуликнинг маъноси ҳақидаги чуқурроқ муаммоларга юзланганимиз йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ваъда қилганидек, бу иккиси бир-бирига қаттиқ боғланган: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, унинг ҳаёти тор бўлур. Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳа сураси 124 оят).

Давоми бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.