23.05.2024 17:31

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (3-қисм)

 Фалсафа ва унинг чегаралари

Кўпчилик биринчи ахлоқ файласуфи деб ҳисоблаган Суқрот (Сократ) таҳқиқ этилмаган, устида фикр юритилмаган ҳаёт яшашга арзимайди, деган. Яхши ҳаёт бу ахлоқий эзгуликни билиш, севиш ва излаш билан яшаладиган умр. Фалсафий нуқтаи назардан умуминсоний ахлоқ (яъни барча инсонлар қандайдир ҳуқуқларга эга деган ғоя) ва яккахудолик (барча одамларнинг ягона олий Худога эга экани тўғрисидаги эътиқод) бир-бири билан ўзаро боғлиқ ва уйғун. “Устида фикр юритилмаган ҳаёт яшашга арзимайди” деган гапни кўриб чиқамиз. Бу шунчаки даъво: папоротниклар, сувараклар ёки капалаклар учун ҳаёт яшашга арзимайдими? Ҳаётнинг табиати ва мақсади ҳақидаги бу саволни мумкин ва зарур қиладиган нарса бизнинг фикр юритиш, баҳолаш ва ҳукм қилиш қобилиятимиздир. Аммо бу қобилият қаердан келади? Ҳаётнинг ўзи қаердан келиб чиқади? Суқрот ёлғиз эмас эди; вақт ва макон бўйича инсон фалсафасининг кўп қисми кишилар бу саволларга жавобларни билиш ва топиш учун интилганига ишора қилади. Аммо Суқрот ва унга ўхшаганлар, ўзларидаги даҳолик қобилиятларига қарамай, битта Худо ҳақидаги фикрларидан юқорилаб, ҳақиқий Худога топиниш ёки мувозанатли, амалга оширилиши мумкин бўлган қандайдир буюк ахлоққа ўтишлари имконсиз эди. Қайд этиб ўтиш жоизки, Афлотун (Платон)нинг машҳур “Республика” асаридаги “ҳамма нарса битта донишманд файласуф томонидан бошқарилиши керак, аёллар ва болалар ўз оилаларидаги шахслар эмас, балки умумий мулк бўлиши керак, болалар туғилганиданоқ ота-онасидан ажратиб олиниши керак ва ўзи нолойиқ бўлган меҳрни олмаслиги учун ўзларининг табиий ва туғма имкониятларига кўра жойлаштирилиши керак ва ҳоказо, яъни тасаввур қилиш мумкин бўлган энг ирқчи ва меҳр-муҳаббатсиз жамият режаси”ни самарали таклиф қиладиган ғояни Суқрот биринчи бўлиб илгари сурган эди. Ахлоқшуносликнинг дастлабки ва энг буюк файласуфи сифатида танилган одам қандай қилиб барча нуқтаи назарлар энг тубан ва ахлоқсизлик деган хулосага келиши мумкин? Чунки инсон ақли, ҳатто ўзининг энг илғор ҳолатида ҳам, Худони матоҳ сифатида кўришга қодир эмас. Қусурлар ва хатолардан фақат Аллоҳгина холидир. Дарҳақиқат, одамлар ўзларининг номукаммалликларини ҳиссий равишда билишади ҳамда яхши ва мукаммал нарсаларни излашга бўлган сўнмас ташналикка эгалар. Биз ҳаммамиз Худони излаймиз, ҳатто у ҳақида билмасак ҳам.

Ахлоқ тарихига оид одатий бир китоб сизга ахлоқ фалсафий интизоми қадимги Юнонистонда айнан биз юқорида санаб ўтган саволлар билан курашиш зарурати билан туғилганини ўргатади. Аммо бу шунчаки дунёвий, евроцентрик ривоят: инсоният ҳеч қачон илоҳий йўл-йўриқсиз ва демакки ахлоқсиз мавжуд бўлмаган. Аллоҳ таоло биринчи инсонни яхши-ёмонни билиш қобилияти ва илоҳий элчилар орқали юборилган ҳидоятга эргашиш мажбурияти билан яратган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга шундай хитоб қилган: “Мендан сенга ҳидоят келганда ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар” (Бақара, 38).  Илоҳий йўл-йўриқ инсонлар тўғри йўлдан озганида тасодифан ёки кечиктирилган тарзда юборилмаган, балки илоҳий режа яратилишнинг аввалиданоқ мавжуд бўлган. Шуни ҳисобга олсак, инсонлар ҳеч қачон илоҳий раҳбарликдан мосуво ҳолда яшамаган. Инсонларни икки тоифага бўлиш мумкин: биринчиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари сингари уларга берилган илоҳий рисолатни ўзгартирмаган ҳолда сақлаб келиб, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлганлар, иккинчиси уларга юборилган ҳидоятни қисман ва бузилган шаклда сақлаб қолганлар.

Бу йўл-йўриқнинг асоси ҳар доим якка Худонинг ҳақиқатини тан олиш, ёлғиз Унга ибодат қилиш ва бир-бирига яхшилик қилиш эди. Мантиқан айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўз динини фақат Унга ибодат қилиш билангина чеклаб қўйиши ҳам мумкин эди, лекин Ўзининг комил раҳмати ва ҳикмати туфайли эзгуликни Ўзига бўлган иймоннинг бир қисмига айлантириб, Ўзининг нозил этган ҳидояти орқали бошқаларга ва барча мавжудотларга эзгулик қилишни табиатимизга жойлаб, уни мустаҳкамлаб қўйди. Аммо инсонлар ҳам индивидуал, ҳам жамоа ўлароқ унутувчанлик табиатига эгалар. Кишилик тарихи инсоний унутувчанлик ва илоҳий эслатма даврларига тўла. Вақт ўтиши билан бу ҳидоят поклигига путур етиб, йўқолиб кетди ёки одамлар яна ширкка ва ўзаро зулм гирдобига тушиб қолишлари даражасида зарарланди.

Шунинг учун ҳам биз милоддан аввалги VI-IV асрлардаги юнон файласуфлари ахлоқий мулоҳазаларни ихтиро қилгани ҳақидаги евроцентрик фантастикани рад этишимиз керак, зотан (бутпараст) юнон файласуфлари ёки уларга таъсир қилганлар худди бутпарастларнинг ўзлари каби, шунингдек, арабларда бўлгани сингари ваҳийнинг баъзи қисмларини фаҳмлаш имконига эга бўлишлари мумкин. Худди Исломдан олдин бутпараст Арабистонда илоҳий ҳидоят излаган, якка худоликка эътиқод қилувчи ҳанифлар бўлгани каби, баъзи талқинчилар Суқрот, Афлотун ва Арасту кабиларни монотеистлик (якка худолик) эътиқодига амал қилганлардан, дея таснифлашган.

Тарихий далиллар шуни кўрсатадики, мазкур файласуфларнинг амалда политеизмни (кўп худоларга сиғиниш) қораламаган ҳолда  ҳақиқатни излашлари уларни тушунчавий монотеизмга етаклади.

Упанишадларнинг ҳинд файласуфлари ҳам айни шундай политеист бўлиб, худди исломгача бўлган араблар бутпарастликни оқлаб, энг олий кучни Аллоҳга берганидек, тушунчавий монотеизмга ишоратлар беришган.

Бу шуни англатадики, ё илоҳий йўл-йўриқ қолдиқлари ёки ўзларининг саҳиҳ тафаккури орқали одамлар табиий равишда якка пировард ҳақиқатга ишонишади, лекин кўп ҳолларда илоҳий ваҳий неъматисиз айни ишонч нуқтасидан четлаша олмайдилар ва айнан шу мавзу атрофида тўхтовсиз келишмовчилик ва чалкашликларга борадилар. Ягона Ҳақиқий Илоҳнинг сифатларига ва Аллоҳга мақбул бўлган мувофиқ ҳаёт тарзига эришиш учун бизга ваҳий зарур бўлади.

Яна такрор айтамизки, инсон ақли илоҳий тавҳид ва ахлоқий ҳақиқатларни кашф этса-да, бу борада хатога йўл қўйиши муқаррар. Бошқача қилиб айтсак, ҳақиқатни бевосита билишдан кўра, уни у тақдим этилганида билиш ҳар жиҳатдан яхшироқ. Имом Ибн Таймийя ҳақни инкор этган куфр аҳлининг охиратда: “Агар (пайғамбарларга) қулоқ солганимизда ёки мулоҳаза юритганимизда эди, жаҳаннам эгаларидан бўлмас эдик”, деб айтадиган Мулк сураси (10 оят) га мурожаат этиб, айни шу фикрни таъкидлайди.

Аммо агар инсонлар Яратганни тан олмасалар ва Унга ҳамд айтмасалар, айни чоғда У ўз махлуқотлари учун яратган ҳақ-ҳуқуқларни ҳам унутмайдиларми?

Бизнинг замонавий эмпирик тажрибамиз ушбу иккала кузатишни ҳам тасдиқлайди: табиий ахлоқий туйғу (фитрат) мавжуд ва у муайян заифликка эга. Ҳатто бизнинг ҳаддан ташқари дунёвийлашган, сунъий механизациялашган, табиатдан узоқлаштирилган ва фикр юритишга ўрин қолдирилмаган ҳаётимизда ҳам инсонлар ўзларига бу “улкан” саволларни беришдан қочиб қутула олмайдилар.

Инсон ҳаёти давомида бу каби мавжудлик масалаларидан ўзини олиб қочиб юролмайди. Бизнинг одатий танловларимиз эса ҳақиқатга жавоб бериш, уни эътиборсиз қолдириш ёки уни инкор этишдан иборат. Бу бошқа ҳамма нарса боғлиқ бўлган асосий ахлоқий танловдир. Шунингдек, гувоҳ бўлиш мумкинки, инсон ақли илоҳий ваҳий эмас, балки ўзига хизмат қиладиган элита томонидан бошқарилса, ё чексиз келишмовчилик ва синисизм (шармсизлик) га, атеизм каби бемаъниликларга ёки ҳақиқий динга тақлид қилувчи хурофотчилик култларига (гуруҳ) айланиб кетади. Бизга маълум барча инсоний жамиятларнинг, шу жумладан, бугунги кунда кўпчилик одамларнинг “теистик этика” танловига қарама-қарши равишда, кичик гегемон глобал элита агностик ёки атеистик фалсафа ва маданиятни ишлаб чиқаради, у бир ёнда Худо ҳақиқатини рад этиб туриб, айни дамда энг фантастик эртакларга ишонишда давом этади. “Алиса мўъжизалар мамлакатида” қаҳрамонлари сингари, улар нонушта қилишдан олдин асли имконсиз бўлган олтита нарсага ишонишни машқ қиладилар.

Илоҳий қонунсиз яхшилик ва ёмонлик ўртасида фалсафий баҳслар орқали чегара ўрнатиб бўлмайди. Гомосексуал хулқ-атвор яқин вақтгача барча маданиятларда энг катта ахлоқсизлик дея баҳоланган, аммо ҳозир глобал элита бунинг аксига қарор чиқарди.

Баъзилар қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳни оқлашга ҳам киришган. Яқинда пайдо бўлган евгеника ва инсон хатти-ҳаракатининг ирқчилик назариялари баъзи ирқларнинг ҳукмронлигини ва бошқаларнинг жиноятчилигини оқлайдиган асосий фан ҳисобланади. Ҳайвонларни (ҳатто сабзавотларни) истеъмол қилиш учун нобуд қилиш одамларни истеъмол қилиш учун ўлдиришдан ҳақиқатан ҳам фарқланадими? Нимжон, касалманд, чалажон чақалоқларни ўлдириб юбориш чиндан ҳам маънавий жиҳатдан қотиллик билан тенгми?  Замонамизнинг етакчи ахлоқ файласуфи, насроний Аласдер Макинтайр ўзининг “Ахлоқдан кейин” (1984) асарида таъкидлаганидек,

Биз яшаётган ижтимоий ва маданий тузумнинг алоҳида хусусияти шундаки, марказий ахлоқий масалалар бўйича келишмовчиликлар ўзига хос барқарордир.

Бунинг сабаби, дейди у, маърифатпарвар мутафаккирлар томонидан бу қадриятларнинг монотеистик диний асосини инкор этилиши ва уни ҳар қандай ақли расо инсон рози бўлиши мумкин бўлган “секуляр ахлоқ” билан алмаштирилишидир. Дастлаб инсон ҳаётининг муқаддаслиги, инсонларнинг Худо олдидаги  тенглиги ва шу кабилар сингари диний тушунчалар энди етим қолди, негаки ўзаро ихтилоф ичидаги фалсафалар улар учун ҳеч қандай асосда муайян келишувга эриша олмади. Бундай дунёвий маданиятдаги барча қадриятлар ҳиссиётга кўра яхши ёки ёмон категориясига ажратилади, бу эмотивизм деб аталадиган ахлоқий назария деб юритилади.

Эмотивистик маданиятда ахлоқий эътиқодлар шунчаки шахсларни бир-бири ва уларнинг барчасини сиёсий элита ва капиталистларнинг қудратли вакиллари томонидан манипуляция қилишга асосланади.

АҚШ Мустақиллик Декларациясида Томас Жефферсон қуйидагича жумлаларни ёзганида ҳақиқатни қисман айтиб кетган эди: “Биз бу ҳақиқатларни, барча инсонлар тенг яратилгани ва Яратган томонидан уларга ажралмас ҳуқуқлар берилгани, буларнинг орасида ҳаёт, эркинлик ва бахтга интилиш кабилар киришини ўз-ўзидан равшан деб ҳисоблаймиз”. Бу ҳақиқатлар ҳеч қачон ўз-ўзидан равшан бўлмаган, чунки инсон тажрибасидаги норма ҳар жиҳатдан фарқ ва тенгсизлик устида қурилган; тенглик ғояси фақат юқоридан берилган руҳга ишонишдан келиб чиқиши мумкин. Қачонки ваҳийни тушуниш имкони йўқолса, одамлар ўзларининг аввалги ҳайвоний ҳаётларига қайта бошлайдилар.

Либерал фалсафа томонидан таърифланган Маърифатпарварликдан кейинги Макинтайр эмотивист деб атаган Ғарб жамияти ахлоқий тамойилларни қандай оқлайди? Бу борада Америкалик конституция олимининг жавобида ҳақиқат бор: бу интеллектуал контрабанданинг бир тури.  Улар ўзлари учун тайинли асосга эга бўлмаганлари учун ҳам баъзи олимлар уларни асосий динлардан ахлоқий қадриятларни контрабанда қилишда айбладилар.

Бу ҳақиқатни рус ёзувчиси Достоевский янада таъсирчанроқ ва анча илгарироқ ифодалаган бўлиб, “Жиноят ва жазо” (1866) асарида унинг қаҳрамони XIX аср охирида пайдо бўлган бу эътиқоднинг натижасини қуйидагича таъкидлайди: “Агар Худо йўқ бўлса, ҳамма нарса мумкин бўлиб қолади”.

Насронийлик эътиқодини йўқотиш оқибатларини ўз ҳаётида бошидан кечирган немис файласуфи Фридрих Ницшенинг сўзларига кўра, янги Европани кузатаётган телба одам Европадан устун турувчи Худога бўлган ишончни йўқотиш нимага олиб келганини олдиндан башорат қилади:

“Биз денгизларни қандай ича олдик? Бутун уфқни ўчириб ташлаш учун бизга шимгични ким берди? Биз ерни қуёшидан ажратиб, қандай ишга қўл урдик? Ҳали ҳам юқорига кўтарилиш ёки пастга қулашнинг имкони борми? Биз ҳадсиз бўшлиқ бўйлаб тентираб юрмаяпмизми? Худо ўлди. Худо ўлик ҳолича қолади. Биз уни ўлдирдик”.

Ницше ўзига хос кескинлик билан айтадики, Худога бўлган ишонч ларзага солинганда ортиқ ҳеч нарсани тушуниб бўлмай қолади. Одамлар унинг оқибатларидан юз буришда давом этмасинлар, охир оқибат ахлоқ дунёси парчаланади. Аллоҳ таоло дейди: “Зеро кўзлар кўр бўлмас, сийналардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж, 46). Аллоҳ барҳаёт ва боқийдир. Ҳақиқатан ўлик нарса – бундай куфрни тилга оладиган ва буни нишонлайдиган маданиятдир.

Давоми бор. Биринчи ва иккинчи қисмларни ўқиш

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (2-қисм)

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.