24.05.2024 17:00

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (4-қисм)

Ницшенинг яна бир номдор замондоши ва замонавий ижтимоий фанларнинг асосчиси Макс Вебер яқинлашиб келаётган аср характерини олдиндан кўра олган ва ўзи секуляр шахс бўлса ҳам, ўзини замонавийлик кўп худолиги ҳақидаги хавотир ва ташвишлардан четда тута олмади. Олимлардан бири Вебер ҳақида шундай ёзади: “Унинг политеистик афсунланиш ҳақидаги тасаввури шундан иборатки, қийматларнинг тенгсиз бир равишда парчаланиши натижасида жуда кўп муқобил метаривоятлар туғилади. Уларнинг ҳар бири ўз йўли ва услубида дин ва фан ҳал қилишга интилган айни метафизик саволларга жавоб беришга даъво қилади”.

“Худонинг ўлими” деб аталмиш воқеот ҳам дунёни ларзага солди, шунингдек, ҳаётимиз устидан ҳокимиятга эга бўлишга интилаётган ва яна... бир-бирлари билан абадий курашни давом эттирадиган худолар ва жинларнинг дунё тартибига қайтишига сабаб бўлди.

Замонавий дунёвийлик атеистик ёки агностик бўлиши билан бир қаторда, чиндан ҳам жуда кўп маъноларда кўп худоликнинг бир туридир.

Замонавий жамиятда монотеизм сусайиб бораётгани сабабли, гувоҳ бўлиб турганимиздек, одамлар бугунги кунда тобора эски услубдаги хурофий эътиқод ва анъаналарга қайтишга интилмоқдалар.

Инсоннинг яратилишидан мурод унинг Яратганга сажда қилишидир. Одамзод Худони тан олмаса ва унга сиғинмаса, у доимо кўплаб худоларга, жумладан, ирода ва куч-қудрат худоларига топинишни бошлайди. Аллоҳ таоло айтганидек:

“Айтингчи, ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила оладир?! Эсламайсизларми?!” (Жосия, 23)

Нима учун ваҳий ахлоққа йўл-йўриқ бериши керак? Гитлерда ҳам ахлоқ бор эди!

Мусулмонлар кўпинча фарзандларига исломдан олдинги араблар қай даражада тубан бўлгани ҳақида ривоятлар айтиб беришади. Ана ўша арабларда халоскорлик фазилатлари йўқ эди. Ахир гўдак қизларни тириклайин кўмиш улар учун одатий ҳол эди-ку! Бундан ҳам ёмони нима бўлиши мумкин? Аммо бу содда қараш бизни ҳозирги кунда ҳам болаларни ўлдириш кўплаб жамиятларда турли ниқоблар остида кенг тарқалгани ҳақидаги фактга кўз юмдириб қўяди. Ҳақиқат шундаки, баъзи политеистик жамиятларда болалар маросимларда худоларга қурбонлик қилинган.

Ғарбга оид бўлмаган халқларни ахлоқан тубан кўриш натижасида ўлдириш ва эксплуатация қилиш ҳозирги империализм дунёси тартибига хос хусусиятдир. Бу замонавий ҳақиқатлар сирасидан. Инсон ҳуқуқларига сиғинадиган замонавий либерал жамиятларда кўпчилик жинсий эркинлик, танлов ёки бошқа сабаблар билан туғилмаган чақалоқларни ўлдириш учун шунга ўхшаш ҳуқуқларни ҳимоя қилади.

Исломгача бўлган арабларнинг замонавий ғарб жамиятларидан фарқи шундаки, улар технологик жиҳатдан орқада эдилар ва болаларни туғилганидан сўнг ўлдирар эдилар. Бироқ ҳар қандай жамият сингари, улар ҳам жуда кўплаб яхши фазилатларга эга эдилар: улар сахийлик, жасорат, буюклик ва ҳоказоларга амал қилишган ва қадрлашган. Шунга қарамай, уларнинг орасидаги камбағаллар “очликдан қўрқиб” қизларини тириклайин кўмишди (Исро, 31). Улар буни нотўғри деб билишган бўлиши мумкин, лекин улар Худо томонидан берилган ҳаёт дахлсизлигига ишонишмаган. Масалан, кўплаб қабила ва бутпараст жамиятлар инсон ҳаётини муқаддас билмаган, болаларни қурбон қилиш, эр ўлганида бева аёлларни қўшиб кўмиш ё ёқиб юбориш ва бегона кимсаларни ўз ҳовлисида бағир очиб кутиб олиш кенг тарқалган урфлар сирасидан эди.

Умумийроқ олиб, келинг фақат рационал далилларга ишонадиган бир олимни тасаввур қиламиз. У бутун ер юзини ядровий қурилмалар билан жиҳозлай олиш қудратига эга. Сиз унинг космик кемасида оддий бир ёрдамчи ходимсиз, унинг режасидан хабар топиб, даҳшатга тушдингиз ва уни бу фикридан қайтариш учун қандайдир таклиф ўйлаб топишга уриняпсиз. Сиз унга бегуноҳ одамларни ўлдириш жуда даҳшатли эканини айтасиз ва у сизга сиз бир йил олдин ошхонангиздаги суваракларнинг бутун уруғини ҳеч бир хавотирсиз йўқ қилганингизни эслатади. Ердаги инсон ҳаёти сувараклардан нимаси билан фарқ қилади?

Инсон ҳаёти ёки бошқа ахлоқий қадриятларга оид бундай саволларни фалсафий тарзда ҳал қилиш имконсиз. Ғайб устун турмас экан, инсоният жамиятлари олдида фақат фалсафа ва фикр қолади. Бугунги замонавий Ғарб ахлоқий назариялари, юқорида таъкидланганидек, Иброҳимий анъанадан “контрабанда қилинган” эътиқод ва тушунчаларга асосланган – улар ўзларининг ғояларини, мафкураларини, уларнинг асосларини тан олмаган ҳолда юқоридаги анъанадан кўчириб олишган. Исломда, аввалги ваҳийларда бўлгани каби, инсон ҳуқуқлари хуқуқул ибод, том маънода Аллоҳ бандаларининг ҳуқуқлари эди. Чанг-тўзонли кунда қуруқ барглардек ҳавода учиб юрадиган бундай асоссиз ахлоқнинг қанчалик хавфли экани ХХ аср ваҳшийликлари синчиклаб текширилганда аён бўлади. Иккинчи жаҳон урушида ва ундан кейинги даврда тараққиёт, марксизм ва мустамлакачилик янглиғ замонавий мафкуралар учун миллионлаб одамлар замонавий давлатлар томонидан ўлдирилди. Оммавий эътиқоддан фарқли ўлароқ, даҳшатли хатти-ҳаракатларнинг аксарияти ахлоқсизлик туфайли эмас, балки қандайдир ахлоқий мақсад йўлида содир бўлди.

Мисол учун, ҳақли равишда замонавийликдаги энг катта ёвузлик тимсоли ҳисобланадиган Гитлер ўзининг маълум ахлоқий эътиқодларига қаттиқ содиқлиги туфайли геноцидга қўл урди. Атеизмга туртки берган дарвинизм мафкурасидан илҳомланган евгеника ҳаракати ХIХ аср охири ва ХХ аср бошлари зиёлилари ва олимлари орасида кенг қабул қилинди. Шунга кўра, Гитлер фақат заиф зиёлилар ва файласуфлар амалда қўллашга журъат этолмаган ахлоқий-илмий эътиқодлардан мантиқий хулосалар чиқариб, уларни амалда синаб кўрди.

Дарҳақиқат, бундай эътиқод ва диний ғояларнинг юксалиши натижасида фашистлар томонидан содир этилган қирғинларга нисбатан нафрат шаклланмаганида эди, бугунги кунда бундай ғоялар осонликча урфга айланган бўлар эди. Ҳозирда улар яна бир бор авж олиб бораётганидан дарак берувчи белгилар мавжуд. Айни чоғдаги Исроил геноцидлари бунга мисол. Қолаверса, Европа ва АҚШ, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистон каби янги “модернлашган” давлатлар ҳам бундай амалларни қўллай бошлашган. 1950 йилларда Хитойда Мао ўзининг коммунистик ислоҳотларини каттароқ манфаатга интилиш ҳисси билан оқлаган. “Буюк сакраш” давридаги сунъий очарчиликда ўн миллионлаб одамлар очликдан нобуд бўлди, аммо бундай фожиа иқтисодий жиҳатдан тенгроқ жамиятга эришиш ва келажакда қашшоқликни камайтириш учун зарур деб кўрилган эди. Шундай экан, бундай оммавий қотиллик хато иш бўлган эди, деб баҳслашса бўладими? Хитойнинг глобал ҳукмронлиги ва ҳозирги бир миллиарддан ошиқ аҳоли буни оқламайдими? Нега бундай мақсадлар воситаларни оқламайди?

“ИШИД ҳақида нима дейиш мумкин?”  деб сўрашингиз мумкин. Йигирма йиллик уруш ва Қўшма Штатлар томонидан қўйилган санкциялар натижасида пайдо бўлган бу террорчилик либоси 33 мингга яқин одамни, асосан, Ироқ ва Сурияда мусулмонларни ўлдирди. Бироқ бу факт ҳам аслида фикримизни янада ойдинлатишга ёрдам беради. Унинг ҳаракатлари шу қадар даҳшатли эдики, ҳатто унинг она ташкилоти Ал-қоида ҳам бу ҳаракатларни охир-оқибат қоралади.

Деярли барча мусулмон маъмурлари бу гуруҳнинг ҳаракатлари шариатга зид эканига қўшилади.

Ҳеч бир ахлоқий тизим инсон ҳаракатларини белгилай олмайди. Муҳими шундаки, ИШИД каби террористик гуруҳларни ҳаракатга келтирувчи ички қасос ва замонавий мафкураларни ўз ичига оладиган ҳақиқий сабаблардан қатъи назар ва энг муҳими, халифа каби тўғри ташкил этилган исломий уммат ҳокимиятининг йўқлиги учун кенг жамоатчилик аҳли бу гуруҳ тактикасининг исломга зидлигини тан олди. Буни энди АҚШ давлат котиби Мадлен Олбрайт билан таққослаб кўринг. Ундан АҚШнинг Ироққа қарши уруши ва санкциялари натижасида ярим миллион боланинг ўлими ҳамда ИШИДни яратишга бевосита боғлиқ шарт-шароитлар ҳақида сўрашганда мағрурлик билан телевидениега шундай деди: “Бизнинг фикримизча, нарх бунга арзийди!”

Олбрайт ушбу интервьюдан сўнг кўп ўтмай АҚШ сенатори этиб сайланди. Дунёнинг энг қадимий демократияси ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган АҚШ, бошқача қилиб айтганда, ўз стратегик манфаатларини ҳимоя қилиш учун ярим миллион бегуноҳ мусулмон болаларнинг қонуний равишда ўлдирилиши мумкинлигига ишонади. Бу кенг қамровли дунёвий либерализм тарихидан бир парча, холос.

Худони ёки якуний ҳақиқатни тан олмайдиганлар учун ахлоқий яхшиликни эълон қилишда ҳеч қандай асос йўқ, дейиш билан мен ва бу фикрни қувватлайдиган файласуфлар бундай одамлар ахлоқий хулқ-атворга эга бўлолмайди ёки баъзи нарсаларни фалсафий тарзда ҳал қилолмайди, демоқчи бўлмаймиз. Ахлоқий туйғу, фитрат бутун инсониятга Аллоҳ томонидан берилган неъмат. Худони тан олмаслик уни йўқ қилиб қўймайди; бу шунчаки уни турли йўллар билан чалғитиб, Худони турлича тушунишга олиб келади. Хулоса қилиб айтганда, ҳаммамизда мавжуд бўлган ахлоқий импульс барчамизни турли йўллар билан бошқаради. Бироқ агар у Худонинг ҳақиқати билан назорат қилинмаса ва Унинг амрлари билан тартибга солинмаса, одамларнинг ҳайвондан-да ваҳшийроқ ва даҳшатлироқ хатти-ҳаракатларни содир этишига сабаб бўлади.

Буни Аллоҳ чечанлик неъмати билан зийнатлаган жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан-да яхшироқ таърифловчи йўқ: “Мен яхши хулқларни тугал қилиш учунгина юборилдим”.

Толедо университети (АҚШ) фалсафа бўлимида исломшунослик кафедраси мудири, Yaqeen исломшунослик институти бош муҳаррири ва Ummatics институтининг асосчиси Овамир Анжум.

Давоми бор. Аввалги қисмларни ўқиш

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (2-қисм)

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (3-қисм)

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.