25.04.2024 18:00

Ғазо Ғарбнинг ахлоқий инқирозда эканини исботлади (видео)


Яқинда танқидчи Жозеф Фаҳим сўнгги Берлин кинофестивали (Берлинале) ҳақида бундай сарлавҳали мақола чиқарди: “Берлинале Фаластинни ёқловчи киноижодкорларга қарши таъқиб ҳаракати билан якунланди”. Унда (бири исроиллик, бири фаластинлик) икки режиссёр Исроилнинг ирқчилик, апартеид асослари ҳақида ошкора ҳақиқатни гапиришга журъат этди.

"Немис сиёсатчилари ва маҳаллий матбуот бошчилигидаги Фаластинга қарши кўтарилган “бўрон” Исроилни танқид қилишга жазм этган ҳар қандай овозни ўчиришга уринди", деб ёзади Фаҳим. "Мен гувоҳ бўлганим ҳолат шунчаки хунук, ғайриинсоний ёки нопрофессионал эмас, балки тўғридан-тўғри фашистик руҳдаги ҳаракат эди".

Немис расмийларидан бири, маданият вазири Клаудия Рот ўшанда фаластинлик режиссёр қолиб, исроиллик кинорежиссёр учун қарсак чалган эди.

Бу Исроил Фаластинда амалга ошираётган ҳозирги геноцидга нисбатан Германия позициясига мувофиқ келади. Январь ойида Жанубий Африка Халқаро судда Исроилни расман геноцидда айблаганида, Германия Исроилни ҳимоя қилишга ва уни глобал қораловдан сақлаб қолишга уринди.

Намибия президенти ўша заҳоти Германияга унинг Африкадаги геноциди тарихини эслатди ва: “Намибия тупроғида қилган хунрезликлари учун ҳали бадал тўламади!” деб таъкидлади. 1904-1908 йиллар оралиғида Германия 70 мингдан ортиқ ҳереро ва нама халқларини қириб юборган. Исроил Фаластинда қилиб келган ишлар Германия анча олдин ёзиб қўйган дарсликдан олинган бир саҳифа, холос.

Ўтган ойда Никарагуа Исроилнинг Ғазога қарши урушини молиялаш орқали Геноцид конвенциясини бузганликда айблаб, Германияни Халқаро судга тортди, бу ҳам ўша ирқчиликка ишора эди асли. “Германия ҳарбий техника жўнатиб, тинч аҳолига муҳим ёрдам кўрсатувчи БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигининг (ЮНРВА) маблағини йўқ қилиш орқали геноцид содир этилишига бевосита ёрдам бермоқда”, дейилади Никарагуа берган аризада.

Жанубий Африка, Намибия ва Никарагуада қандай умумийлик мавжуд? Уларнинг Фаластин билан бирдамлигининг сабаби шуки, улар ҳам Европанинг ваҳший мустамлакачилиги қурбони бўлишган.

Мустамлакачилик тарихи

Дунёга "Ғарб цивилизацияси" дея сотилган либос эндиликда "ваҳшийлик” тусини олмоқда. Немис расмийлари ва оммавий ахборот воситалари сионизмни жўшқинлик ҳамда ғайрат билан қўллаб-қувватлаётгани сабабини тушуниш учун Германиянинг Африкадаги узоқ давом этган мустамлакачилик ва империализм тарихини ёдга олиш лозим бўлади.

Фридрих Гегель (1770-1831) каби етакчи немис файласуфлари ўтмишда Германияда умуминсоний одоб-ахлоқни менсимасликка олиб борувчи радикал ирқчиликнинг шаклланишида беқиёс рол ўйнашган. Худди шу нарса бугунги кунда етакчи файласуфлардан ҳисобланган Юрген Ҳабермаснинг сионистик нутқларида намоён бўлмоқда.

Маълумки, Германия Учинчи Рейхининг тарихини нацист мафкурачилари белгилаган. Биз бугун уни жиддий қайта кўриб чиқишимиз шарт. Агар Германиянинг Африкадаги хунрезликларини эсласак, нацистлар Германиясининг даҳшатли жинояти ва Иккинчи Жаҳон уруши маҳал миллионлаб одамларнинг қирғин қилиши немис тарихидаги қандайдир фавқулодда хато эмаслигини англаймиз.

Ирқчилик Гегель ва бошқа кўплаб немис ҳамда Европа файласуфларининг бутун фалсафий ишларида ажралмас ўринни эгаллаган.

Тарихчи Волькер Бергҳан 2017 йилги “Бисмаркдан Гитлергача немис мустамлакачилиги ва империализми” мақоласида сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида “тарих, сиёсат, ижтимоиёт, шунингдек, адабиёт, кино, гендер, хотира ва бошқа соҳалар олимларини XIX-XX асрларда немис мустамлакачилигининг Осиё, Тинч океани ва Африкадаги даҳшатларини фош қилишга қаратилган улкан илмий тадқиқотни тақдим этди.

Мақола немис мустамлакачилиги ва империализмини ўрганишда "замонавий немис тарихидаги Бисмаркдан Гитлергача" бўлган асосий тафаккур ўзгаришларини тасвирлайди. Бергҳаннинг мақоласида шундай дейилган: Гитлер хорижий мустамлакаларга нисбатан илгариги қаршиликларидан воз кечиб, 1940 йил учун 6,3 миллион марка бюджет билан вазирлик тузишни буюрди, вазирлик ана шу маблағ асосида Африкага кетадиган бўлажак ходимларга (Марказий ва Шарқий Африка минтақаларида кенг тарқалган) Суаҳили тилини ўргатиш учун сарфланарди.

Германиядан ташқаридаги дунё ушбу илмий ташкилотга алоҳида эътибор қаратиши зарур, ана шунда улар кейинги сафар немис сионисти фаластинликларнинг геноцидини қўллаб-қувватласа, бу ваҳший истак аслида узоқ тарихга бориб тақалишини билиб олишади.

Ғоявий раҳнамо

Гегель "Тарих фалсафаси" асарида жаҳон тарихининг тўрт босқичини кўриб чиқади: шарқ, юнон, рим ва немис. Ушбу схемада у Африкани ахлоқ, сиёсат ва диндан маҳрум деб ҳисоблайди. 1993 йилги "Гегель ва Африка" мақоласида ёзувчи Роналд Куйкендалл Гегелнинг дунёга зўравонлик асосидаги евроцентрик қарашини очиб беради ва уни танқид қилишда Африкани марказга қўяди.

Гегель учун Африка "ўз-ўзини англаш тарихидан мосуво, қоронғу тун зулмати қоплаб олган ёш болалар мамлакати". У ўзининг европалик ўқувчиларига ишонч билан шундай дейди: "Негрлар ҳаётидаги характерли нуқта шундаки, уларнинг онги ҳали бирон бир объектив мавжудликка эришган эмас! Шу маънода, африкалик бутунлай ёввойи ва қолоқ одамдир".

Кўз ўнгимизда Гегель бутун қитъа бўйлаб немис мустамлакачилиги ва империя ваҳшийлигининг бош мафкурачиси сифатида ёрқин гавдаланмоқда.

Муаллиф Омотаде Адегбиндин "Гегелнинг Африкага бўлган муносабати бўйича танқидий эслатмалар" номли бошқа йирик мақоласида Гегелнинг Африкага бўлган муносабатидаги кескин камчиликларни батафсил баён қилиб, у ўзи айтарли билимга эга бўлмаган бутун бир қитъани тарих доирасидан ташқарига чиқариб қўйганини айтади: "Гегель диалектикаси Африкани умуминсоний тарихдан чиқариб ташлашга қаратилган лойиҳа бўлиб, бу унинг давлат назарияси ва синфлар шаклланиши билан боғлиқ қулчилик концепцияси каби бир қанча муаммоли назарияларининг туғилишига олиб келган”.

Файласуф Сюзан Бак-Морсс ўзининг 2009 йилда нашр этилган “Гегель, Гаити ва умумжаҳон тарихи” номли китобида қуллик ва шафқатсиз зулмга дучор бўлган қитъалардаги халқларнинг курашлари Гегель фалсафаси учун озуқа бўлганини кўрсатади. Унинг фикрича, Гегелнинг "хўжайин-қул" ғояси аслида унинг Гаити инқилоби ҳақидаги тушунчаларидан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Айнан Гаитидаги қуллар инқилоби орқали қуллик табиий ҳолат эмас, балки Европа ваҳшийлигининг тақозоси экани аён бўлди. Биз диққатимизни европалик файласуфларининг хаёлий тасаввурларидан яъни, Гегель Гаитини қандай кўз билан кўрганидан ҳақиқий фактларга – Ҳабермас Ғазони қандай кўз билан кўраётганига қаратишимиз лозим.

Исроил бутун дунё кўз ўнгида Ғазога етказишда давом этаётган мусибатларни инобатга олганда, биз бундай либерал мунозаралар билан ўралашиб ётишимиз тўғримас, албатта. Лекин, шуниси аёнки, ирқчилик Гегель ва бошқа кўплаб немис ва Европа файласуфларининг бутун фалсафий тизими учун асосий ўрин тутган. Мана шу бутун тизим йиқитилмоғи керак, худди Европа ва унинг бутун дунё бўйлаб ёйилган кўчманчи колонияларидаги ирқчилик ҳайкаллари бузиб ташлангани каби.

Ҳамид Дабоши,

Нью-Йорк Колумбия университетининг

Эроншунослик ва қиёсий адабиёт профессори

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.