22.05.2024 16:30

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (2-қисм)

 Ахлоқ саволлари

Замонавий тараққиёт ва секуляр дунёнинг эпистемик империализми даъволарини инкор этиш бизга ислом ахлоқининг долзарблигини баҳолашга имкон беради. Бугунги ёвуз гегемон (ҳукмрон) моделларга муқобил зарурлигини англаш учун мўмин-мусулмон бўлиш шарт эмас. Нима тўғрию, нима нотўғри эканини қандай аниқлашимиз мумкин? “Бегуноҳ одамни ўлдириш ёмон” ва “муҳтож одамга саховат кўрсатиш яхши” каби ахлоқий меъёрлар ҳаётимизни осонлаштирадиган оддий меъёрларми (унда, объектив асосга эга эмас) ёки нарсаларнинг ўзига хос хусусиятларига асосланадими (бунда, уларни фақат ақлнинг ўзи билан билиш мумкин) ё  бўлмаса Худо томонидан ҳеч бир сабабсиз нозил қилинган (унда уларни фақат ваҳий орқали билиш мумкин) қоидаларми? Булар мета-ахлоқий саволлар деб юритилади. Мусулмон уламолари, кўриб турганимиздек, бу саволлар устида чуқур муҳокамалар олиб боришган ва бу жавобларнинг ҳар бир версиясини қабул қилишган, бироқ доимо илоҳий ваҳий марказий ўринга қўйилган.

Бундан ташқари, ахлоқнинг устуворликлар тизимида қандай ташкил этилгани ҳақида ҳам саволлар мавжуд. Исталган хатти-ҳаракат ва фазилатлардан қай бири бошқаларига қараганда муҳимроқ ва улар бир-бирига қарама-қарши бўлса, у ҳолда биз нима қиламиз? Бу ерда барча мусулмонлар ушбу тизимни қонун ёки шариат шаклида белгилаш ҳуқуқи Аллоҳга тегишли эканига иттифоқ қиладилар.

Мусулмонлар “тарбия” деб атайдиган ахлоқий педагогика саволларига жавоблар анча мослашувчан ва хилма-хилдир. Исталган фазилатга эга бўлиш ёки ўргатишнинг тўғри йўли қандай: меҳрми ё қўрқув? Меҳрли ота-онанинг илиқ тарбиясими ёки қаттиққўл тарбиячининг темир тартиб-интизоми? Донишмандларнинг фалсафий мулоҳазаларими ёки энг муваффақиятли ва қудратли шахсларнинг маслаҳатлари? Жангларнинг шиддатими ёки кутубхонанинг сакинати?

Аммо булардан ҳам муҳимроғи, мақсад ёки телеология масаласидир. Ҳаётнинг, яъни шахсий хулқ-атвор ва ижтимоий ҳаётнинг якуний мақсади нима?  Мақсад завқ ва шахсий эркинликни максимал даражада ошириш, ҳукмронлик учун гуруҳ кучига эга бўлишми ёки Аллоҳни рози қилиш? Бундай муҳим саволга жавоб қандай бўлиши аҳамиятли эмас. Энг муҳими шуки, яхшиликнинг табиати ҳақида доимий тарзда чуқур мулоҳаза юритадиган ва унга интиладиганлар, эҳтимолки, яхшироқ инсон бўлиб яшайдилар ва уларнинг ҳақиқат ва яхшиликка эришиш эҳтимоли доим юқорироқ бўлади. Бизни фазилатлироқ, гўзалроқ инсонга айлантирадиган ахлоқий мулоҳазалар шу билан бирга бизнинг туғилиб ўсган маданиятимиздаги бидъат ва хурофотлар, мазҳабпарастлик ва ҳатто тарғиботларни-да йўқ қилиш қудратига эга. Ахлоқ устида чуқур фикр юритадигалар Исломга биринчи бўлиб юзланганлар ва мусулмонларнинг энг авлоси бўлиб қолишган.

Ислом ахлоқига оид ушбу мақола (лавҳа) юқорида тилга олинган саволларга жавоб бўлиб хизмат қилади. Биринчи бўлиб, биз қабул қилинган ёндашувнинг асосини ташкил этувчи Пайғамбарлик баёнотини тақдим этамиз. Кейин эса ахлоқ ҳақидаги фалсафий мулоҳаза қандай қилиб унинг манбайи бўлган Қодир Аллоҳга, айни пайтда чекланган рационалликка ва илоҳий раҳбарлик заруратига етаклаганини кўрсатамиз. Ва ниҳоят биз ислом нафақат ақл билан уйғун келишини, балки у ўзининг яхлит йўл-йўриқларининг бир қисми ўлароқ фазилатли хулқ-атворни оқилона тушунишни ҳам тақозо этишини кўрсатиб берамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг барча вазифаларини жамлаб шундай деганлар:

“Мен яхши хулқларни тугал қилиш учун юборилганман”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пурҳикмат сўзларида одамлар олийжаноб хислатларни аввалдан таниб келганлари ва уларга эга эканини тасдиқлаяптилар; ваҳий эса бу хусусиятларни тўлдириш ва мукаммал қилиш учунгина нозил қилинган. Хос “иннама” сўзини икки хил талқин қилиш мумкин ва иккаласи ҳам тўғри:

“Мен янги бирор нарсани пайдо қилиш учун эмас, балки фақат фазилатли характерларни камолотга етказиш учун юборилганман”.

“Мен яхши хулқларни  тўлдириш учунгина юборилдим”.

Биринчиси, инсонлар бевосита ваҳийга эга бўлмасидан аввал уларнинг баъзилари бошқаларидан кўра кўпроқ билим ва эзгу хулқ-атворга эга бўлишганини англатади. Буни бошқа кўплаб нозил бўлган матнлар, шунингдек, мантиқий далиллар ва эмпирик кузатишлар ҳам тасдиқлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдулқайс қабиласидан бўлган, Исломни қабул қилган Ал-Ашажж билан учрашганларида шундай деганлар: “Сизларда Аллоҳ севадиган икки хислат бор: бағрикенглик ва юмшоқлик”. Шунда бир ақлли киши қизиқиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, бу хислатларни ўзим шакллантира оламанми ёки Аллоҳ уларни менинг фитратимга жо айлайдими, деб сўради.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, уларни фитратингизга жо этган Аллоҳдир”, дедилар. Ал-Ашажж шукроналик билан: “Менга Аллоҳ ва Расули яхши кўрадиган хислатларни ато этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” деди.

Бу анъана яна шуни тушунтирадики, айрим хислатлар Аллоҳ томонидан табиий равишда баъзиларга бошқалардан кўра кўпроқ берилади, бошқаларда эса тарбия ва таълим орқали эга бўлишнинг имкони мавжуд. Яна бир ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамларнинг маъданлар (наслнинг бошланиш нуқтаси) эканини кўрасиз. Уларнинг жоҳилиятдаги яхши бўлганлари исломда ҳам энг яхшиларидир, агар динда фақиҳ бўлса”.

Ибн Ҳажар ўз шарҳида мазкур ҳадиснинг уч жиҳатига ишора қилади: Аллоҳ томонидан берилган барқарор табиат бўлган олийжаноб хулқ (шу сабаб у металл рудасига ўхшатилади), якуний саодатга эришиш учун исломни қабул қилиш ва дин илмига эришиш учун саъй-ҳаракат қилиш. Инсонларнинг энг авлоси ҳар учаласига ҳам эга бўлганларидир, аммо агар бирор ким Исломни рад этса, қолган барча неъматлар ўз ўзидан бекор бўлади. Иймон билан барча табиий инъомлар ўзидан чунонан ёруғ нур таратадики, оқибатда инсон ваҳий ҳақидаги билим ва тушунчаларга эга бўлишга ошиқади.

Ахлоқи қай даражада юксак, амаллари қай даражада саховатга тўла бўлмасин, иймонни рад этган кимсаларга бундан ҳеч бир манфаат етмайди: “Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир” (Иброҳим сураси 18 оят).

Иккинчи маъно ҳам тўғри, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатидан кўзланган энг асосий мақсад, ҳақиқий Яратувчи ва Раҳмонга сиғиниш ҳам энг улуғ фазилатдир, зотан у Яратганга ҳамд айтиш ва ҳақиқатни тан олиш ифодасидир ва Аллоҳнинг оятларини рад этишдан кўра каттароқ зулм йўқдир (Анъом, 21; Сажда, 22). Демак, у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вазифаси барча фазилатларни мукаммал қилишдан бошқа нарса эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом ахлоқий фазилатларни уч жиҳатдан мукаммаллаштиради:

•             бу фазилатларга тўғри мақсад ёки телеология (Аллоҳ таоло) бериш орқали:

•             турткининг энг юқори ва доимий даражасини таъминлаш орқали;

•             нозил қилинган Қонун, шариат орқали ўзаро рақобатда бўлган қадриятлар ўртасида тўғри маъно ва мувозанатни таъминлаш орқали.

Давоми бор. Биринчи қисмини ўқиш

Яхши инсон бўлиш етарли эмас: Нима учун ахлоқ исломга муҳтож? (1-қисм)

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.