Жиззахда кичик АЭС қурилиши бошланади
Минтақадаги биринчи кам қувватли атом электр станцияси Ўзбекистонда Россия технологияси асосида қурилади. Бу ҳақдаги ҳужжатлар, аввал хабар қилинганидек, Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида 27 май куни имзоланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикаси агентлигининг АЭС қуриш дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» компанияси («Росатом» инжиниринг бўлими) Ўзбекистонда кам қувватли атом электростанцияси (КҚАС) қуриш бўйича шартнома тузди. Бундан ташқари, 2018 йил 7 сентябрдаги Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.
Атом энергетикаси агентлиги ва «Росатом» пресс-релизида айтилишича, ҚҚАС 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита ректор) бўлади ва Жиззах вилоятида қурилади. Станция қурилишида «Росатом» бош пудратчи бўлади, Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.
Майдонда қурилиш ишлари ёзда бошланади. «Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради», — дейилади пресс-релизда.
«Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда 2050 йилга бориб энергия ресурсларига бўлган талаб қарийб икки баравар кўпаяди ва, кўриниб турибдики, энергетика тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодиётнинг ривожланиши учун мамлакатимиз ўзини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ташқари, асосий энергия манбалари билан ҳам таъминлаши керак», — деди Атом энергетикаси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.
«Биз ҳозир бутун дунёда ҳам юқори қувватли атом электр станцияларини қуриш, ҳам кичик модулли реакторлар лойиҳалари нуқтаи назаридан янги ядро қувватларини яратишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрмоқдамиз. „Росатом“ билан ҳамкорликни кенгайтириш эса энергетика комплексимизни атом энергетикасидаги илғор технологиялар билан мустаҳкамлаш имконини беради, деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилди у.«Росатом» учун бу КҚАС қуриш бўйича биринчи экспорт шартномасидир. «Ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз шу ёзнинг ўзидаёқ қурилишни бошлаймиз», — деди «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв.