13.06.2025 15:09
132
Ўзбекистонликлар кўп жиноят содир этяпти – Россия ИИВ
Россияда мигрантлар орасида энг кўп жиноятларни ўзбекистонликлар содир этмоқда. Бу ҳақда кеча, 12 июнь куни Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Виталий Яковлев Туркманистон пойтахти Ашхободда ўтказилган “Тинчлик, барқарор ривожланиш ва миграция” мавзусидаги халқаро конференцияда сўз очди.
Унинг айтишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 35,5 фоизи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келади. Иккинчи ўринда Тожикистон фуқаролари турибди – уларга 16,6 фоиз жиноятлар тўғри келади. Рўйхатни 11,5 фоиз билан Қирғизистон фуқаролари якунлайди.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида хорижликлар томонидан Россияда содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошган.
Олдинроқ, Москвада йирик рейд ўтказилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳужжатида камчилик топилган ёки ҳужжатининг муддати ўтган муҳожирларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилаётгани айтилганди.