Ўзбекистон ва Озарбайжон иттифоқчига айланди
Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек,
Ўзбекистон
президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Кўксарой
қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи
мажлисини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон
билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик
муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлат
раҳбари Озарбайжон президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини
алоҳида таъкидлади.
“Бугун
биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил
давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини давлатлараро
ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик”, - деди Шавкат
Мирзиёев.
Шунингдек,
кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг
самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи
мажлиси ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Бугун
биз расман иттифоқчиларга айландик. Бу аслида, қўшиламан, тарихий лаҳза.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки давлат имзолаши мумкин
бўлган энг юқори халқаро ҳужжатдир. Бугун эса Тошкентда муносабатларимизнинг
янги, ҳатто бобини ҳам эмас, китобини ёзяпмиз. Бугун икки қардош халқ, икки
мустақил, қудратли, суверен, расман иттифоқчиларга айланди. Бу кейинги барча
йиллардаги муносабатларимизни ва кўп жиҳатдан минтақавий сиёсатимизни белгилаб
берадиган йирик ташқи сиёсий қадамдир”, – деди Озарбайжон раҳбари.
Ташриф
доирасида президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари вакиллари билан
учрашуви бўлиб ўтади ва янги кооперация лойиҳаларига старт берилади.
Бундан
ташқари, келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили деб
эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул
қилишга келишиб олинди.
Товар
айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги
босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича
вазифалар белгиланди.
Куни кеча
бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди: умумий қиймати
2 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу
энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа
йўналишлардаги кооперация лойиҳаларидир.
Шу
маънода, Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш
воситаси сифатида самарали иш олиб бораётгани қайд этилди.
Транспорт-коммуникация,
энергетика ва бошқа инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан кўп томонлама
асосда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни
кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар
авиақатновлар сонини ошириш, ер усти ва ҳаво транспорти бўйича
тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштириш, рақамли ечимларни жорий этишга
келишиб олдилар.
Ҳудудлараро
алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2025 йилга мўлжалланган алоҳида
Ҳудудлараро ҳамкорлик режаси, икки мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳияти ва
инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шериклик дастурини қабул қилиш ҳамда
навбатдаги Ҳудудлар форумини Қўқон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Давлат
раҳбарлари маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва ахборот
сиёсати, спорт соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга
эришдилар.
Ўзбекистон
президенти икки мамлакат етакчи университетлари ректорларининг мунтазам
учрашувлари механизмини йўлга қўйиш, қўшма медиа форумини ўтказиш таклифини
билдирди.
Ўзаро
сайёҳлар оқимини, гуманитар ва бизнес алмашинувларни кўпайтириш мақсадида
пойтахтларимизда туризм ва ишбилармонлик мажмуаларини қуриш истиқболлари ҳам
муҳокама қилинди.
Икки
томонлама муносабатларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик
салоҳиятини чуқур таҳлил қилиш ва юзага чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга
ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлат
раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп
томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом
эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Йиғилиш
якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича
"йўл харитаси"ни қабул қилишга қарор қилинди.
Имзоланган
ҳужжатлар
Давлатлараро
олий кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш
маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон
президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Иттифоқчилик
муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар ва Давлатлараро олий
кенгашнинг биринчи мажлиси қарорини қабул қилдилар.
Давлат
раҳбарлари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- Меҳнат
фаолияти ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро
битим;
- Ташқи
ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Савдо-иқтисодий
ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;
-
Мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, ўрта махсус, олий таълим ва илм-фан
соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённомалар;
-
2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича "йўл
харитаси";
-
2024-2026 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси;
-
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга
хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги ўртасида 2024-2026
йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
-
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва
Озарбайжон Адлия вазирлиги Адлия академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида
баённома;
-
Ўзбекистон Миллий гвардияси ва Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ўртасида
ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Суд
экспертизаси марказлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида баённома.
Ташриф
доирасида Тошкент ва Боку, Шаҳрисабз ва Байлаган, Жиззах ва Губа шаҳарлари
ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар
имзоланди.