02.06.2025 17:29
93
Ўзбекистон "Толибон" ҳукуматини қачон ва қандай шартларда тан олишини маълум қилди
Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукуматини "вақти келганида" тан олади, бироқ буни халқаро ҳамжамият билан биргаликда амалга оширишни истайди. Бу ҳақда президентнинг ташқи сиёсий масалалар бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов айтиб ўтди.
Унга кўра, Ўзбекистон Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати билан ўзаро муносабатларда прагматик ва принципиал ёндашувни ҳамда "Толибон" ҳаракати иштирокидаги халқаро мулоқот ғоясини қўллаб-қувватлайди.
"Бизнинг Афғонистон билан ҳозирги ҳамкорлигимизда гап тан олиш ёки олмасликда эмас. Албатта, вақти-соати келганида, тан оламиз, бошқа йўл йўқ. Тан оламиз. Лекин мана шу қадамларни биргаликда ташлашга, халқаро ҳамжамият билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда тан олишга ҳаракат қиламиз", деган Комилов.
Комилов афғон ва ўзбек халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизация маконида яшаб келганини, тарихий алоқаларни эътибордан четда қолдириб бўлмаслигини эслатган.
Маълумот учун, олдинроқ Афғонистон ҳукумати Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини реставрация қилиш учун Ўзбекистонга 16 та юк машинасида Ҳирот оқ мармарини совға қилганди.