Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юк ташишда электрон навбатни бошқариш тизими жорий этилади
2024 йил 1 ноябрдан «Қизил-Қия» – «Автодорожний» чегара божхона постида юк ташишда электрон навбатни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси бошланади. Бу ҳақда 24.kg Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлигидаги манбаларига таяниб хабар қилди.
Европа
Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа Халқаро Савдо Маркази кўмагида амалга
оширилмоқда. Тажриба босқичи жорий йилнинг 15 декабрига қадар давом этади.
Электрон
навбатни жорий этишдан асосий мақсад чегарадан ўтиш жараёнини тезлаштиришдан
иборат бўлиб, логистика харажатларини камайтириш ва ташқи иқтисодий фаолият
иштирокчилари, хусусан, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун шароитларни яхшилаш
имконини беради. Лойиҳа трансчегаравий савдони осонлаштириш ва логистика
жараёнларини оптималлаштиришга қаратилган.
Электрон тизимнинг жорий этилиши савдо операцияларини
сезиларли даражада соддалаштириши, чегарадан ўтиш операциялари тезлиги ва
самарадорлигини ошириши, пировардида юк ташиш жараёнининг барча иштирокчиларига
фойда келтириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз,
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида электрон навбат тизими 2023 йил февралида
ишга туширилган.