06.11.2024 13:10

Ўзбекистон президенти ЮНРВА фаолияти чекланганини қаттиқ қоралади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқи давомида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олгани, етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучайгани, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортаётганига урғу қаратди.

“Албатта, буларнинг салбий таъсири ва оқибатларини давлатларимиз ҳар томонлама сезиб турибди. Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда”, - деди у.

Шу боисдан ташкилот доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.

“Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз

У мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш эканини яна бир бор таъкидлади.

“Кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қиламиз”, - деди у.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозимлиги, бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳим эканини тилга олди.

“Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз”, - деди у.

Шавкат Мирзиёев саммитда Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқлар ўртасида кучайиб бораётган кўпқиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси эканини қайд этиб ўтди. “Аминманки, биз шу асосда Туркий дунёни янада жипслаштириш, унинг мавқеини ошириш, ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларимизни чуқурлаштириш, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга эришамиз”.

Ўзбекистон етакчиси ТДТ фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан:

Ташкилот асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳакамлаш;

Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилиш;

Ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш. Энг аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш;

Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш;

Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш;

Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш;

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўткир экологик муаммоларга ечимлар топиш мақсадида вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгаш тузиш;

Туркий тиллардан бевосита таржима қилишни рағбатлантириш, мактабларда туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати ҳақида факультатив дарсларни йўлга қўйиш ва бошқа.

Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёрлигини билдирди.

Шавкат Мирзиёев ТДТ доирасидаги амалий ҳамкорлик шиддат билан ўзгараётган дунёда позицияларни мустаҳкамлаш, турли таҳдид ва янги хавф-хатарларнинг олдини олиш, алоқаларни янада чуқурлаштириш учун кенг имкониятлар яратаётганини таъкидлади. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.