04.11.2024 15:33
Бишкекда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг 11-саммити бўлиб ўтади
6 ноябрь куни Бишкекда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарларининг 11-саммити бўлиб ўтади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров мезбонлик қиладиган саммитда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этади.
Бундан ташқари, саммитда ТДТ кузатувчилари давлат/ҳукумат раҳбарлари ва ТДТ бош котиби ҳам қатнашади.
“Турк дунёсини мустаҳкамлаш: Иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” шиори остида ўтказиладиган саммитда раҳбарлар иқтисодиёт, савдо, рақамли трансформация, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги ТДТ лойиҳалари билан боғлиқ асосий масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, келишувлар имзолайди ва расмий ҳужжатларни тасдиқлайди.
Кун тартибидан минтақадаги ва ундан ташқаридаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни муҳокама қилиш, шунингдек, аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасидаги турли соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликка эътибор қаратилади. Лидерлар Турк дунёси бирлиги ва тараққиётини янада мустаҳкамлаш учун муштарак муаммоларга қарши курашиш ва имкониятлардан фойдаланиш борасида фикр алмашади.
Саммит якунланиши билан муддатли раислик Қозоғистондан Қирғизистонга ўтади. Якунлаш маросимида давлат раҳбарлари Бишкек декларациясини ва бир қатор муҳим қарорларни имзолайдилар.
Саммит олдидан ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Бишкекда йиғилиб, кун тартибидаги масалалар ва давлат раҳбарлари томонидан имзоланадиган ҳужжатларни якунлайди.