31.07.2025 14:25
44

Хитойликлар Чорвоқда шамол электр станцияси қуришни бошлади

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ шамол электр станциясини қуриш лойиҳасига расман тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Иқтисодиёт ва тижорат бўлими маслаҳатчиси Сун Ян, масъул хитой компаниялари вакиллари, Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов ҳамда масъул раҳбар-ходимлар, маҳаллий фаоллар иштирок этди.

Қайд этилишича, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони савдо департаменти томонидан лойиҳани қурилиш ишларини олиб бориш учун ўтказилган тендерда «TBEA Co., Ltd» компанияси ғолиб бўлиб, бош пудратчи этиб танланган.

Ушбу лойиҳа доирасида 20 МВт қувватга тенг шамол электр стансиясини барпо этилади. Бунда йилига ўртача 50 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда бош пудратчи томонидан Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарори асосида ажратилган 10 гектарга тенг ер майдонида (Бурчмулла ҳудудида) қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.