20.05.2025 12:30
179
Хитой Шарқий Туркистоннинг сохта тарихини яратмоқда
Хитойнинг Бугур шаҳрида “Ғарбий минтақалар губернатори қароргоҳи” номли музей очилди. Бу расмий Пекиннинг Шарқий Туркистонни босиб олинишини оқлашга қаратилган навбатдаги тарғибот воситаси ҳисобланади.
Эътиборлиси хитойлик тарғиботчилар музейнинг очилиш маросимида “Шарқий Туркистоннинг асрлар давомида хитойликларга тегишли экани” ҳақидаги асоссиз ғояларни илгари сурган.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, музейда 463 та экспонат мавжуд бўлиб, у беш бўлимга ажратилган: жумладан унда “Губернатор қароргоҳининг барпо этилиши” ва “Ғарбий ерларни бошқариш” каби бўлимлар ҳам бор.
Экспонатлар орасида Пекин даъво қилаётганидек, минтақада юқори лавозимли хитойлик амалдорлар томонидан ишлатилган бронза қўнғироқ ҳам мавжуд.
Хитой Шарқий Туркистонни милоддан аввалги 60-йилда ўз таркибига қўшганини даъво қилиб, бу фикрни ОАВ, дарсликлар ва расмий чиқишлар орқали такрорлаб келади.
Бу билан расмий Пекин мустақилликка оид фикрлар тарихан мавжуд бўлган Шарқий Туркистонда “Бу ерлар Хитойга тегишли” позициясини илгари суриб, ҳар қандай озодлик талабини "айирмачилик ҳаракати" сифатида баҳоламоқда.