17.05.2025 14:32
216

Хитой, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темир йўл тарифларини келишиб олди

Теҳронда Хитой, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари темир йўл орқали юк ташиш тарифларини мувофиқлаштириш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув Хитойдан Европагача бўлган юк оқимини Марказий Осиё ва Яқин Шарқ орқали оширишга қаратилган транспорт коридорини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Учрашувда иштирокчилар контейнер ташиш ҳажмини ошириш, етказиб бериш муддатларини бирхиллаштириш ва логистика жараёнларини соддалаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдирган. Шунингдек, ушбу йўналишни халқаро транспорт бозорида илгари суриш масаласида ҳамфикр бўлишган.

Қозоғистон темир йўллари компаниясининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-апрель ойларида Хитойдан Эрон йўналишида Қозоғистон орқали ўтган контейнер ташиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 бараварга ошган. Бу эса мазкур транспорт йўлагининг Евросиёда аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.

Ушбу ташаббус Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Туркия–Европа темир йўл йўлагини янада рақобатбардош ва ишончли транспорт йўналишига айлантиришга қаратилган. Бу эса Осиё ва Европа ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.