Аташеҳирда мактаб дарслари жума намози вақтига қараб ташкил этишга кўрсатма берилди
Истанбулнинг Аташеҳир тумани Миллий таълим мудирлиги мактабларга дарс соатларини жума намозига кўра ташкил этишни сўраб кўрсатма юборди. Шунингдек, мактабларда жума намозини ўқиш учун шароит яратиш бўйича ҳам топшириқ берилган.
Турк матбуоти хабарларида келтирилишича, Аташеҳир
тумани Миллий таълим директори Исмоил Йилдирим томонидан имзоланган мазкур
хатнинг тумандаги барча хусусий ва давлат мактабларига 31 октябрь куни юборилгани
маълум бўлди. Унда қуйидаги кўрсатмалар келтирилган:
- Жума
кунлари тушлик танаффуслари жума намози вақтига қараб ташкил қилинади.
- Ўқув
режалари жума намози вақтларига зид бўлмайдиган тарзда тузилади.
- Таълим-тарбия
фаолиятида ҳеч қандай тўсиқларга олиб келмасдан, зарур эҳтиёт чоралари
кўрилади, жума намозига қатнашмоқчи бўлган маъмурият, ўқитувчилар ва бошқа
ходимларга зарур қулайликлар яратилади.
- Жума
намози, айниқса, умумтаълим мактаблари масжидларида ўқишга бўлган эҳтиёжни
қондириш учун шарт-шароит яратиб бериш, керак бўлса, туман муфтийлиги ёки
имом-ҳатиб лицейлари билан ҳамкорлик қилиш керак.
- Мактабда жума намози ўқиш учун шароит яратиб бўлмаса, жума намозига бормоқчи
бўлган ўқувчиларга ота-онасидан рухсатнома олиб, жума намозига боришга рухсат
бериш керак.
Маълумот учун Туркия Миллий таълим вазирлиги, Дин ишлари вазирлиги ҳамда Ёшлик ва спорт вазирлиги ҳамкорликда “Атроф-муҳитга эътиборлиман, қадриятларимга эга чиқаман (ÇEDES)” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида имом, воиз, диний хизматлар бўйича мутахассислар болаларга қадриятлар асосида сабоқ бериб келмоқда.