29.11.2024 11:38
Volkswagen Шинжон-Уйғур автоном туманидаги заводини ёпди
Уйғур мусулмон озчилигини мажбурий меҳнатга жалб қилишда айбланаётган Германиянинг Volkswagen автомобиль ишлаб чиқарувчиси Шинжон-Уйғур автоном районидаги (Шарқий Туркистон) заводини сотишни якунлади. Бу ҳақда Bild хабар бермоқда.
Шарқий Туркистон БМТ ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, инсон ҳуқуқлари бузилаётган, жумладан, мажбурий меҳнатдан фойдаланиладиган “қайта тарбиялаш лагерлари”га айлантирилган ҳудуддир.
2012 йилда Volkswagen хитойлик ҳамкори SAIC билан минтақадаги биринчи автомобиль заводини очган эди. 170 миллион евролик лойиҳа узоқ вақтдан бери халқаро ҳамжамият назорати остида қолмоқда.
Volkswagen раҳбариятининг заводда инсон ҳуқуқлари бузилиши қайд этилмагани ҳақидаги баёнотларига қарамай, компанияга босим кучайган. Сентябрь ойида турли мамлакатлардан келган 50 дан ортиқ парламентарий концернни минтақадаги фаолиятини тўхтатишга чақирган.
Хитойда Volkswagen автомобиллари савдоси 2024 йилнинг биринчи тўққиз ойида 12 фоизга тушиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз ўрнини бой берди. Танқидлар ва даромаднинг камайиши концернни Шарқий Туркистондаги заводни сотишга мажбур қилди.
Бироқ, Volkswagen бош директори Томас Шефернинг айтишича, компания Хитой бозори иштирокчиси сифатида қолишда давом этади.
Ушбу воқеалар фонида концерн Европада ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда. Volkswagen Германиядаги учта заводни ёпиш, харажатларни қисқартириш ва айрим функцияларни чет элда аутсорсинг қилиш режаларини эълон қилди.