11.07.2024 16:30
"Вагнер" сафида Украинадаги урушда қатнашган Ўзбекистон фуқаросига ҳукм ўқилди
Оҳангарон суди “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси сафларида жанг қилган Ўзбекистон фуқаросини ойлик маошининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Ҳукм шу йилнинг май ойида чиқарилган, деб хабар қилмоқда Олий суд матбуот хизмати.
Жиноий иш материалларига кўра, 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси 2019 йил охирида Россияга ишлаш учун кетган. Тез орада Москвада гиёҳванд моддалар савдоси учун жиноий жавобгарликка тортилган ва 2021 йил сентябрь ойида Россия суди уни етти йилга озодликдан маҳрум қилган.
Бироқ орадан бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач, Ўзбекистон фуқароси “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ишга олинган ва Украинага келиб, жанговар ҳаракатларда фаол қатнашган.
Ўзбекистон Олий суди унинг бўлинмаси айнан қаерда жойлашганига аниқлик киритмади, бироқ урушда қатнашган олти ой давомида 10 800 доллар ишлаб топган ва “Жасорат учун” медали билан тақдирланган. Шунингдек, тайинланган қамоқ жазосининг қолган қисмидан озод қилинган.
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистонга қайтиб келган, кейинчалик шу ерда ҳибсга олиниб, ёлланишда айбланган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасида беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш муддати кўзда тутилган, бироқ Оҳангарон суди енгилроқ жазо тайинлаган. Суд ҳукм чиқаришда қандай енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олгани кўрсатилмаган.