25.01.2024 05:48

Ўзбекистонда Украинадаги урушда қатнашмоқчи бўлган “Вагнер” жангариси қамалди

Ўзбекистонда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) жангариси ўзбекистонлик Алексей Хаматханов Жиноят кодексининг 154-моддаси (“ёлланиш”) бўйича айбдор деб топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда унинг онаси Татьяна “Реадовка” Telegram-каналига маълум қилган.

Қайд этилишича, Алексей Хаматханов 2023 йилнинг баҳорида Тошкентдан Москвага учиб боради ва тез орада “Вагнер” ХҲК билан шартнома имзолайди. Компания қайта ташкил этилганидан сўнг у Сахаровадаги миграция марказига юборилади.

Марказдалик вақтида Хаматханов Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, “украиналик неонацистлар” билан жанг қилишга тайёрлигини билдиради. Аввалига унга ижобий жавоб берилади, бироқ кейинроқ Ўзбекистонга депортация қилинади.

Ўзбекистонда эса ноябрь ойида қўлга олинади ва орадан икки ой ўтиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг октябрь ойи охирида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро, “Озодлик” маълумотларига кўра, Ильдар Хайрулин 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР томонида жанг қилгани учун беш йилга қамалган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига мувофиқ, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши тақиқланган. Ушбу жиноятни содир этган шахслар 5 йилдан 10 йилгача муддатга қамалиши кўзда тутилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.