05.02.2024 16:52

Туркия президенти Диёнат академиясининг илк битирувчиларига диплом топшириш маросимида қатнашди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Диёнат академияси бошқармасининг Ихтисослашган диний олий марказлари ва Ихтисослашган диний марказларнинг илк битирувчиларига диплом топшириш маросимида иштирок этди (видео). Бу ҳақда Туркия Диёнат ишлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўз нутқини дуо билан бошлаган президент 8 ойлик муддатда 33 та марказда ўтказилган курсларнинг 2012 йилда қонуний асослари яратилган, Диёнат академиясининг 10 йиллик саъй‑ҳаракатлари билан 2022 йилда илк бор фаолиятини бошлаганини таъкидлади.

“Биз асрлар давомида Исломнинг ёйилишида байроқдор бўлиш шарафига муяссар бўлган халқ вакилларимиз. Ота-боболаримиз нафақат ислом динини ўз ҳаётларига тадбиқ этганлар, балки унинг янги-янги истилолар орқали тарқалишига ҳам хизмат қилганлар”, ‑ дея таъкидлаган президент Эрдоған Қуръон ва суннатга маҳкам ёпишган, ўзини Исломда топган аждодлар “Аллоҳ Аллоҳ” ҳайқириқлари билан 3 қитъа, 7 иқлимга тинчлик, адолат, хавфсизлик, ишонч, тинчлик, биродарлик олиб келганини айтди.

Президент Эрдўғон имом‑хатиб ёки муаззин бўлиш фақат намоз вақтларида ибодатларни адо этиш дегани эмаслигини таъкидлаб, “Ислом тарихида ҳеч қачон бундай бўлмаган. Имом ўзи яшаётган халқнинг етакчиси ва намунали шахсини ҳам англатади. Буни етказиш, хабардор қилиш ва ифодалаш, айниқса, йўл-йўриқ вазифасини муносиб тарзда бажариш ҳар бирингизнинг асосий масъулиятингиздир”, ‑ деди.

Ҳаётнинг бўшлиқларни қабул қилмаслигини тилга олган президент Эрдўған шундай давом этди:

“Сиз қолдирган ҳар бир бўшлиқни ё ижтимоий тармоқлардаги шарлатанлар, ФEТОга ўхшаш террор ташкилотлари, бешинчи колонна аъзолари ёки заҳар сотувчилар ёхуд глобал кучлар ташвиқоти билан кенг тарқалган бузуқ ва ахлоқсиз оқимлар ё империалистларнинг  ичимиздаги аппаратлари томонидан албатта тўлдирилади. Яқин тарихимизда бунинг кўплаб мисолларига шахсан гувоҳ бўлганмиз. Афсуски, биз ватанимизнинг энг порлоқ авлодларини террорга, зўравонликка, жаҳолатга ва ғарблик босқинчилар сценарийларига қурбон қилдик. Келажагимиз гарови бўлган қанчадан-қанча ёшларнинг ҳаёти гиёҳвандлик, қимор ўйинлари, фоҳишабозлик ва ичкилик ботқоғида қорайиб кетганини кўрдик. Қалам ушлаши керак бўлган ёшларимизнинг қўлларига қурол тутдилар. Гоҳида алдаб, гоҳида мажбурлаб тоғларга олиб чиқиб кетган ёшларни ўз халқи, ўз юртининг душманларига айлантиришди”, ‑ деди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

У залдаги бўлажак диний амалдорларга: “Ҳозир қаерга боришингизни ким ҳам биларди. Қаерга борсангиз ҳам, у ерлар, уларнинг болалари, авлодлари сизларга омонат. У ерларда болаларимиз онгига гўё нақш чизасизлар”, ‑ деган Туркия президенти қуйидагиларни қўшимча қилди:

“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини доимо ёдда тутишингизни айниқса сиздан сўрайман: “Фақат икки кишига “ҳасад” қилса бўлади: Аллоҳ таоло берган молини ҳақ йўлда сарфлаган кишига ва Аллоҳ таоло берган илму ҳикмат билан ҳукм қилган ва уни ўргатган кишига”. Ўқишни тамомлаб, юртимиз бўйлаб иш бошлайдиган номзод диний мутасаддиларимиз ҳам ана шу юксак зеҳният билан ўз бурчларини адо этишига шубҳам йўқ. Сиз, биродарлар, эл-юртимиз билан ўрнатадиган самимий, яқин ва холисона муносабатлар орқали Пайғамбаримизнинг ибратли маънавий қадриятларини бардавом эттиришингизга чин дилдан ишонаман”.

Исроил билан Фаластин ўртасидаги воқеаларга эътибор қаратган Эрдўғон: “Бу золим Исроилнинг фаластинлик биродарларимизга нима қилганини кўрдингиз, кўрмоқдасиз. Парвардигорим уларни Қаҳҳор номи учун бадбахт қилишини умид қиламан. Шундай бир авлод етиштиришимиз керакки, Фаластин тушган вазиятга тушиб қолмайлик”, - деди у.

Туркиянинг кучли авлоди борлигини ва ҳар куни юз минглаб ёшлар етишиб чиқаётганини таъкидлаган президент Эрдўғон:

“Шунга амин бўлинг. Қаерда хизмат қилсангиз ҳам, сизлар буюк курашнинг аскарларисиз. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз юртимиз ва миллатимиз, қардош халқларимизнинг эҳтиёжи бор. Исроил босиб олинган дунёнинг кўзига тик қараган ҳолда уруш ва инсониятга қарши жиноятлар содир этаётган Фаластин ва Ғазонинг сизга эҳтиёжи бор. Ўз тақдирини Туркия тақдирига боғлаган, келажагини миллатимиз келажагига боғлаган биродарларимизнинг сизларга эҳтиёжи бор. Европа ва Америкада хавфли ўсма каби кучайиб бораётган исломофобия, ирқчилик ва дискриминацияга қарши курашаётган фуқароларимизнинг сизга эҳтиёжи бор. Адолатли ва яшаш учун қулай дунёни орзу қилган барча ғамгин ва мазлум қалблар сизга, сизнинг курашингиз ва ҳаракатингизга муҳтож. Сиз тайинланадиган жойларда ўз вазифангизни бажарар экансиз, елкангиздаги бу оғир масъулиятни англаган ҳолда ҳаракат қилишингизни кутаман”, ‑ деди.

Туркия диёнат ишлари вазири Али Эрбош академиянинг 33 та марказида ташкил этилган ўқув машғулотларида 3120 нафар имом‑хатиб, 250 нафар муаззин-қаййим, 1167 нафар Қуръон курси ўқитувчилари ва жами 4537 нафар номзод диний хизматчилар таҳсил олганини маълум қилди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.